Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда амалдорларга навбатсиз хизмат кўрсатувчи заправкалар пайдо бўлди
Россиянинг камида тўртта регионида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида амалдорларга навбатсиз бензин қуйиб берилмоқда.
«7×7» нашри эътибор қаратишича, яқинда бензин сотувига жорий этилган чекловлар 15 июлга қадар узайтирилган Саратовда «Роснефт»нинг автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларидан бири фақат давлат хизматчилари автомобиллари учун хизмат кўрсатмоқда. Бироқ бу фақат фавқулодда хизматларнинг машиналарига тааллуқли эмас, деб ёзади маҳаллий «Взгляд-инфо» нашри.
«Кўз ўнгимизда Саратовдаги районлардан бирининг маъмурияти ходими, МФЦ ва «Россия почтаси» автомашиналарининг ҳайдовчилари ёнилғи қуйишди. Яна бир мижоз эса парол сифатида «Ҳукумат» сўзини айтди», – дейди ҳайдовчилардан бири.
Журналистлар қайд этишича, бу заправкада харидорлардан ҳеч қандай ҳужжат сўралмаяпти. Аммо бу ерда ҳам умумий чеклов амал қилмоқда – битта машинага бир кунда 30 литрдан ортиқ бензин қуйилмайди.
Краснодар шаҳар думаси депутати Александр Сафронов ўз телеграм-каналида кузатувчиларидан бири «Роснефт»нинг ҳудуддаги заправкаларидан бирида олган видеороликни жойлаштирган. Унда бу ерда бензин фақат тегишли гувоҳномани тақдим этаётган давлат хизматчиларига сотилаётганини кўриш мумкин.
ЕАН нашри ўқувчилари ҳам шунга ўхшаш ҳолат ҳақида айтиб беришган. Уларнинг сўзларига кўра, «Роснефт»нинг Челябинск – Екатеринбург трассаси бўйида жойлашган заправкада оддий харидорлар бензин йўқлиги важ қилиниб, қайтариб юборилмоқда, аммо давлат хизматчиларига бензин қуйиб берилмоқда.
«Газпром»нинг Волгограддаги заправкасида ҳам маҳаллий аҳоли вакилларига бензин сотилмаяпти. Уни фақат ёқилғи картасига эга бўлган харидорлар сотиб олиши мумкин. Бундай карталар барча учун чиқарилган, аммо амалда ундан фақат фавқулодда хизматлар ишчилари ва маҳаллий маъмурият вакиллари фойдаланмоқда.
- Украина дронларининг нефт объектларига ҳужумлари кўпайгани сабабли Россияда ёқилғи инқирози давом этмоқда. Деярли барча ҳудудларда бензин сотишга чекловлар мавжуд. Натижада одамлар автомобилга ёқилғи қуйиш учун соатлаб навбатда туришга мажбур бўлмоқда.
- Россия ҳукумати мамлакатда ёқилғи тақчиллиги жиддий эмаслигини айтмоқда. РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак шу кунларда Россияда ички бозор «бензин билан таъминлангани»ни айтиб чиққанди.
Мавзуга оид
17:25
Байкалортида бензинга улкан навбат юзага келди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
11:05 / 31.05.2026
Украина Россияни Қрим билан боғловчи трассага ҳужум қилмоқда
10:51 / 20.01.2026