Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зарафшон дарёси “чегарадан чиқди”: темирйўл лойиҳасида бу ҳисобга олинмаганми?
Ўтган йили фойдаланишга топширилган Самарқанд–Ургут темирйўлининг Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган қисми табиат синовига дош беролмади. Дарё сатҳи кўтарилиб, оқим кучайиши билан соҳилдаги релслар таянчсиз қолди. Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Ҳодиса жойига етиб боришингиз билан энг аввал кўзга ташланадиган манзара – Зарафшон дарёсининг ҳажми.
Дарё айрим жойларда қарийб 500 метргача кенгайган. Кучли оқим қирғоқ чизиғини сезиларли даражада ўзгартирган, сув темирйўлга жуда яқин келиб қолган.


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда сув темирйўл ўтган кўтармани ювиб кетгани, релсларнинг бир қисми эса ҳавода қолганини кўриш мумкин.
Ҳозирги вақтда дарё қирғоғини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Темирйўлнинг шикастланган қисми эса тикланяпти.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ изоҳига кўра, ҳодисага Зарафшон дарёсида сув сарфининг кескин ошгани сабаб бўлган.
Мазкур темирйўл қурилишида иштирок этган муҳандис-технолог Дилшод Тўлагановнинг айтишича, ўтган йили қурилиш ишлари олиб борилган пайтда дарёнинг ўзани ҳозирги ҳолатидан анча узоқда бўлган.


“Темир йўл қурилаётган вақтда дарё темирйўлга бунчалик яқин эмасди. Темирйўл билан дарё ўртасидаги кўтарма махсус техникалар ёрдамида бир неча марта зичлаштирилган. Аммо бу сафар сув миқдори ҳам, оқим тезлиги ҳам жуда катта бўлган. Бу каби ҳолатни сўнгги йилларда кўрмаганмиз. Ҳозирги пайтда ҳудудда юздан ортиқ махсус техника ишлаяпти. Асосий мақсад – темир йўлни имкон қадар тезроқ қайта тиклаш”, – дейди у.


Самарқанд–Ургут темирйўл линияси 2025 йил ноябр ойида фойдаланишга топширилганди. Лойиҳа тақдимоти чоғида Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темирйўл изларини сув оқимидан ҳимоя қилиш мақсадида махсус дамба барпо этилгани ҳам маълум қилинган эди.
Мазкур темирйўл йилига 359 минг нафар йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкониятини яратиши, Ургут туманини мамлакат темирйўл тармоғига улаш орқали ҳудуднинг транспорт ва логистика салоҳиятини ошириши таъкидланган.

Бухоро минтақавий темирйўл узели раҳбари Санжар Асроров келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган темирйўл участкаларининг қирғоқ қисми харсангтошлар билан қўшимча мустаҳкамланишини маълум қилди.
Зарафшон бўйида юз берган бу воқеа яна бир муҳим масалани кун тартибига олиб чиқди. Мутахассислар таъкидлаётганидек, агар бу ҳақиқатан ҳам сўнгги йигирма йилда кузатилмаган гидрологик ҳолат бўлса, иқлим ўзгариши шароитида бундай фавқулодда вазиятлар келажакда ҳам такрорланиши эҳтимолдан холи эмас.
Бу эса сув иншоотлари яқинида барпо этилаётган ҳар қандай инфратузилма объектларини экстремал табиий шароитларга мос равишда лойиҳалаштириш ва ҳимоя қилиш масаласига янада жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Мавзуга оид
19:48 / 03.07.2026
«Уйим реновацияга тушса нима бўлади?» – Энг долзарб саволларга жавоблар
19:25 / 03.07.2026
“Зарафшон дарёсида сув сарфи кескин ошгани сабаб бўлди” – Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилганига изоҳ берилди
15:39 / 03.07.2026
Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди
11:20 / 01.07.2026