Иқтисодиёт | 22:18 / 05.07.2026
717
2 дақиқада ўқилади

Июнда сабзавотлар нархи тушди, энергия ва бензин қимматлашди - Статқўм

Миллий статистика қўмитаси жорий йил июн ойидаги товар ва хизматлар нархларига оид таҳлилни эълон қилди.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

Таҳлилга кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гуруч ва гуруч оқшоғи — 2,3 %га, гречка — 1,2 %га, пастеризация қилинган сут — 1,2 %га, шакар, қўй гўшти, суяксиз мол гўшти — 1%га, тухум — 0,8%га, тирик ва музлатилган балиқ нархлари ўртача 0,7 %га ошгани қайд этилди.

Бир ой давомида асосий мева–сабзавот маҳсулотларидан бақлажон — 46,6 %га, помидор — 38,3 %га, булғор қалампири — 31,4 %га, тарвуз — 26,3 %га, бодринг — 25 %га, узум — 18,7 %га, саримсоқпиёз — 13,5 %га, картошка — 12,8 %га, карам — 5,6 %га, банан — 5,9 %га ва кўкатлар нархлари — 4,4 %га арзонлашди. Сабзи — 6,5 %га ва пиёз — 3,6 %га қимматлашди.

Ой давомида республика бўйича ўртача ҳисобда электр энергияси 9,6 %га, тармоқ гази 10,7 %га қимматлашди.

Июн ойида бензиннинг АИ-92 маркаси — 3,6 %га, АИ-95 маркаси — 6 %га, АИ-98 ва АИ-100 маркалари эса — 3,9 %га қимматлашди. Пропан нархи ой давомида 11,3 %га, метан нархи 8,8 %га ошди.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари орасида ой давомида такси хизматида нарх ва тарифлар 1,3 %га ўсиши қайд этилди. Темир йўл транспортида йўл ҳақи ой давомида 0,3 %га, авиақатновларда эса 0,6 %га арзонлашди. Қайд этилишича, бунга миллий валютанинг евро ва Швейцария франкига нисбатан курси, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича ёқилғи йиғимлари миқдорининг ўзгариши таъсир кўрсатди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид