Технология | 08:44 / 07.07.2026
30
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тезкор вертолётлар: етти рекордчи рўйхати

Вертолётсозлик соҳасидаги муҳандислар ўнлаб йиллар давомида бир муаммо билан курашиб келмоқда: тезлик ошган сари парвоз барқарорлиги ва бошқарувчанликни сақлаш тобора қийинлашади. Шунга қарамай, замонавий технологиялар туфайли айрим вертолётлар бу чекловларни енгиб, дунёдаги энг тезкор парвоз қиладиган машиналарга айланди.

Westland Lynx / Wikimedia Commons

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вертолёт парракларининг уч қисми товуш тезлигига яқинлашганида мураккаб аэродинамик жараёнлар юзага келади. Бу эса вертолётнинг максимал тезлигини жиддий чеклайди. Шу боис анъанавий конструкциядаги вертолётлар учун юқори тезликка эришиш самолётларга нисбатан анча мураккаб вазифа ҳисобланади.

Бироқ янги турдаги парраклар, кучли двигателлар ва илғор конструктив ечимлар туфайли бир нечта моделлар рекорд даражадаги тезликни намойиш этган.

1. Westland Lynx — 400 км/соат

Westland Lynx ҳозиргача классик схемада қурилган энг тезкор вертолёт ҳисобланади. 1986 йилда махсус модернизация қилинган ушбу модел Халқаро авиация федерацияси (FAI) томонидан расман тан олинган 400,87 км/соат тезлик рекордини ўрнатган. Бу натижа ҳалигача янгиланмаган.

Вертолёт дастлаб транспорт, разведка ва сувости кемаларига қарши кураш вазифалари учун яратилган. Рекорд BERP туридаги янги парраклар ва модернизация қилинган двигателлар ҳисобига қўлга киритилган.

Sikorsky CH-53K King Stallion / Wikimedia Commons

2. Sikorsky CH-53K King Stallion — 315 км/соат

АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси учун ишлаб чиқилган мазкур оғир транспорт вертолёти ўз синфидаги энг тезкор машиналардан бири саналади.

У зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари ва йирик юкларни ташиш имкониятига эга. Учта кучли двигател, композит конструкция ва рақамли бошқарув тизими унга юқори тезлик ва катта юк кўтариш қобилиятини бирлаштириш имконини берган.

CH-47F Chinook / © Wikimedia Commons

3. Boeing CH-47F Chinook — 315 км/соат

Икки парракли CH-47F Chinook қарийб олтмиш йилдан буён дунёдаги энг машҳур оғир транспорт вертолётларидан бири ҳисобланади.

Унинг бўйлама икки парракли схемаси орқа рул паррагига эҳтиёж қолдирмайди. Бу двигател қувватининг катта қисмини кўтарувчи куч ва тезликни оширишга йўналтириш имконини беради.

Ми-35М / РИА Новости

4. Ми-35М — 310 км/соат

Ми-35М Россияда серияли ишлаб чиқариладиган энг тезкор ва кучли қуролланган зарба вертолётларидан бири ҳисобланади.

У афсонавий Ми-24 моделининг чуқур модернизация қилинган варианти бўлиб, десант ташиш имкониятини танкка қарши ракеталар, реактив снарядлар ва 23 миллиметрли тўп билан бирлаштирган.

AgustaWestland AW101 Merlin / © Wikimedia Commons

5. AgustaWestland AW101 Merlin — 309 км/соат

Уч двигателли AW101 Merlin сувости кемаларига қарши кураш, қидирув-қутқарув ва ҳарбий транспорт вазифалари учун қўлланади.

Катта ўлчамига қарамай, у 300 км/соатдан юқори тезликка эриша олади. Узоқ масофага парвоз қилиш имконияти туфайли Буюк Британия, Италия ва НАТОга аъзо бошқа давлатларда кенг фойдаланилади.

Ка-52 «Аллигатор» / Wikimedia Commons

6. Ка-52 «Аллигатор» — 300 км/соат

Ка-52 «Аллигатор» юқори тезлик ва юқори манёврчанликни ўзида мужассам этган.

Унинг ўзига хос коаксиал парраклар схемаси орқа рул паррагидан воз кечиш имконини бериб, қувват йўқотилишини камайтиради. Вертолёт танкка қарши бошқариладиган ракеталар, турли хил ракета қуроллари ва 30 миллиметрли автоматик тўп билан жиҳозланган.

NHIndustries NH90 / Wikimedia Commons

7. NHIndustries NH90 — 300 км/соат

Европанинг NHIndustries консорциуми томонидан ишлаб чиқилган NH90 ҳам тактик транспорт, ҳам денгиз версияларида ишлаб чиқарилади.

У ҳарбийларни ташиш, сувости кемаларига қарши операциялар, гуманитар миссиялар ва қутқарув ишларида қўлланади. Соатига 300 километргача тезликка эриша олиши уни дунёдаги энг тезкор ўрта синф ҳарбий вертолётларидан бирига айлантирган.

Мутахассислар фикрича, вертолётсозликдаги янги технологиялар келгусида бу кўрсаткичларни янада яхшилаши мумкин. Бироқ айни пайтда Westland Lynx ўрнатган жаҳон тезлик рекорди ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид