Жамият | 09:00
671
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада қарийб 6 кг «гашиш» мусодара қилинди

Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қарийб 6 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Тергов доирасида ушбу ҳолатга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Республика миқёсида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, ДХХ ходимлари вилоят Ички ишлар ва Божхона бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳри Бешбола маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл келгусида сотиш мақсадида 5 килограмм 936 грамм «гашиш» моддасини шағал уюми ичига яшириб қўйгани аниқланган. Гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Қайд этилишича, мазкур аёл муқаддам ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлиб, шунга қарамай яна қонунбузарликка қўл урган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси ва 273-моддаси 5-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ҳамда ушбу жиноятга алоқадор бўлиши мумкин бўлган шерикларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид