Спорт | 15:09
3683
7 дақиқада ўқилади

ЖЧ анонси. Марокаш яримфинални орзу қилмоқда, аммо рақиб фаворит

Дешам шогирдлари Қатардаги мундиалда марокашликларни финал остонасида мағлуб этганди.

Бугун тунда Франция ва Марокаш ўртасидаги баҳс билан 2026 йилги жаҳон чемпионатида чоракфинал баҳслари старт олади.

Франция ва Марокаш жуфтлигида қатор интригалар бор. Биринчидан, Марокаш миллий жамоаси таркибидаги футболчиларнинг бир қисми – французлар футбол тизими мевалари ҳисобланади. Иккинчидан, Марокаш узоқ вақт мобайнида Франция мустамлакаси ҳисобланган ва тарихий алоқаларга эга. Учинчидан, 2022 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида ушбу жамоалар ўзаро ўйнаган ва ўша ўйин ҳакамлик можароси билан ёдда қолган, финалга эса Европа вакиллари йўл олишганди. Энди марокашликлар ўша мағлубият учун қасос олишга ҳаракат қилишади.

Франция – Марокаш
10 июлга ўтар кечаси, 01:00. Gillette Stadium (Фоксборо)

Жамоаларнинг турнирдаги йўли

Диде Дешам шогирдлари бу турнирда ҳали бирор марта ютқазмади: гуруҳ босқичида Сенегал (3:1), Ироқ (3:0) ва Норвегия (4:1) таслим этилди. Учранглилар плей-оффнинг дастлабки ҳафтасини ҳам бенуқсон ўтказишди: 1/16 финалда Швецияга ҳеч қандай имконият қолдирилмади (3:0), 1/8 финалда Парагвай тўсиғидан ўтилди (1:0).

Жанубий Америка вакиллари номдор рақибга қарши турли йўлларни, жумладан, қоидалардан ташқари усулларни ҳам ишга солишга ҳаракат қилди, аммо шундай қўполликлардан биридан кейин белгиланган пеналти туфайли мағлуб бўлишди. Парагвайликлар деярли ҳужум қилишмади ва вазиятларга эга бўлишмади.

Айнан шу туфайли Франция ҳимояси аслида қанчалик яхши ҳолатда эканини текширишнинг имкони бўлмади. Турнир бошидан буён ушбу жамоага тенгма-тенг ўйин ва кураш кўрсатган рақибнинг ўзи дуч келмади.

Шундай экан, Марокаш – турнир фаворитлиги учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётган ушбу жамоа учун илк жиддий синов бўлади. 1/8 финал ўйинларидан кейин Opta суперкомпютери жамоаларнинг турнир ғолиблиги учун имкониятларини қайта баҳолади, унга кўра, Франциянинг жаҳон чемпионлиги учун имконияти 27,32 фоизга баҳоланган, иккинчи ва учинчи ўринларда эса Испания (21,33 фоиз) ва Аргентина (17,28 фоиз) қайд этилган.

Марокашликлар 4 йил олдин Қатардаги мундиалда тарихий натижа қайд этган: Африканинг жаҳон чемпионати яримфинал босқичида ўйнаган илк жамоасига айланганди. Энди эса бу натижани такрорлаб, қитъанинг турнир 1/2 финалида қаторасига икки марта ўйнаган илк жамоасига айланиши мумкин.

«Атлас шерлари» жорий турнирда ҳали ютқазгани йўқ: гуруҳда Бразилия билан дуранг ўйнади (1:1), Шотландия (1:0) ва Ҳаитини (4:2) мағлуб этди. 1/16 финалда Нидерландия тўсиғидан ўтилди: 91-дақиқада ҳисоб тенглаштирилди (1:1), пеналтилар сериясида Буну қаҳрамонлик кўрсатди (3:2). 1/8 финалда эса Канада йирик ҳисобда тор-мор этилди (3:0).

Лекин айнан турнир мезбонларига қарши ўйинда марокашликлар ўйинида муаммолар кўзга ташланганди: жамоа биринчи бўлимни жуда нурсиз ўтказди, қолаверса, жамоанинг турнирдаги асосий тўпурари Исмоил Сайбари ўйин стартидаёқ жароҳат олиб сафдан чиқди, фақат иккинчи бўлимда қарши ҳужумларда рақиб жазоланди.

Ўзаро учрашувлар тарихи

Ушбу жамоаларнинг илк учрашуви 1988 йил Францияда ўтказилган ўртоқлик мақомидаги турнирда кузатилган. Ўшанда «Атлас шерлари» ҳимоячиси Абдулмажид Ламрисс биринчи бўлимда аввал ўз жамоаси дарвозасини, кейин рақиб дарвозасини ишғол этган, ўйин тақдирини иккинчи бўлим бошида французлар футболчиси Янник Стопира урган гол ҳал қилганди.

1998 йил майидан 2007 йил ноябрига қадар бўлган вақт оралиғида ушбу жамоалар яна тўрт марта ўртоқлик учрашувида майдонга тушган: иккитаси французлар фойдасига ҳал бўлган (1:0 и 5:1), яна икки ўйинда бир хил ҳисоблардаги дуранг натижалар (2:2, 2:2) қайд этилган. Аммо ўша ўйинлардан биттасида пеналтилар серияси ташкил этилган ва унда марокашликларнинг қўли баланд келган (6:5).

Жамоаларнинг ягона расмий учрашуви 2022 йилги жаҳон чемпионати яримфиналига тўғри келади: ўшанда Диде Дешам жамоаси Тео Эрнандес ва Рандал Коло-Муанининг бешинчи ва 79-дақиқада урган голлари эвазига финалга чиққан.

Марокаш нима таклиф қилиши мумкин?

Марокашга Қатардаги жаҳон чемпионати призмаси орқали қараш керак эмас. Ўшанда Валид Реграгий бошчилигидаги жамоа ўз ўйинини яхши шакллантирган андердог сифатида таассурот қолдирганди. Жамоа қуйи блокда ҳимояланиб, тўпни рақибга топширган ҳолда вақти-вақти билан қарши ҳужумларга ўтадиган жамоа эди. Тўрт йил ичида кўп нарса ўзгарди. Марокашликлар ҳамон яхши ҳимояланади, аммо энди кўп ҳолларда ўйинни бошқаришга ҳам қарши эмас. Улар тўпга эгалик қилишдан тортинмайди, ҳимоядан марказий ҳимоячилар ва таянч яримҳимоячилари орқали аста-секинлик билан чиқиб, позицион ҳужумлар уюштирилади, рақибдан тўп олиб қўйилиши билан вертикал узатмалар беришга шошилишмайди.

Бу кўп жиҳатдан Ҳакимининг роли ўзгаргани билан боғлиқ. У классик қанот ҳимоячиси каби ўйнамайди, балки доим ҳужум ташкил этиш учун марказга кўчиб ҳаракатланади ва рақиб жарима майдонига кириб боради. Шу сабабли рақиб ҳимоячилари учун айнан кимга эркинлик берилишини тахмин қилиш қийинлашади: Ашрафнинг ўзими, ушбу зонага ўтиб турадиган Браим Диасми ёки бошқа футболчими? Содда қилиб айтганда, Марокаш – ҳар қандай рақиб ҳисоблашиши керак бўлган ёрқин ва нима кутишни билиб бўлмайдиган жамоадир.

Марокаш учун бу ўйинда очиқ футбол намойиш қимматга тушиши мумкин – Франция таркибида ҳимоя чизиғи ортида юзага келадиган бўшлиқлардан унумли фойдалана оладиган тезкор ва юқори савияли ҳужумчилар жамланган. Шундан келиб чиқиб, Марокаш бу ўйинда ҳимоя чизиғини орқароққа қайтаришини тахмин қилиш мумкин, бу ҳолда кўп нарса қанотларда ҳал бўлади, аммо биринчи навбатда, Муҳаммад Ваҳби ўйин учун қандай режани танлашига қараш керак бўлади. Агар у таваккалчиликка қўл урса ва ўз футболчиларининг ҳужум салоҳиятини чекламасликка қарор қилса, мухлисларни бу мундиалдаги энг ёрқин ўйин кутаётган бўлиши мумкин.

Марокаш турли хил моделларни навбати билан қўллаб кўриши мумкин: ўйиннинг қайсидир вақтида босим ўтказади, қайсидир паллада французларни анча олдинроқда қарши олади, қайсидир оралиқда тўпи рақибга топшириб, чуқур ҳимояланади, кейин эса рақиб ҳужумчилари қолганлардан узилиб қоладиган пайтни кутиб, бир неча узатма орқали рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга ҳаракат қилади. Шунинг учун Килиан, Усмон ва Олисе бу турнирда илк бор прессингда ишлаши талаб этилади.

Французлар жаҳон чемпионатларида қаторасига тўртинчи бор чоракфиналга чиқишган. Жамоа сўнгги саккиз турнирда фақат икки марта – 2002 ва 2010 йилларда бу босқичга етиб кела олмаган. Шу билан бирга, 1998 ва 2018 йилларда бош совринни қўлга киритган, 2006 ва 2022 йилларда эса кумуш медаллар билан кифояланган.

Агар Марокаш тўсиғидан ўта олса Франция кейинги босқичда Испания – Белгия жуфтлиги ғолиби билан яна бир бор финал йўлланмаси учун майдонга чиқади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид