6 июлга ўтар кечаси футбол бўйича жаҳон чемпионатида нимчоракфинал доирасида яна икки учрашув ўтказилади: дастлаб Винисус Жуниор етакчилигидаги Бразилия Эрлинг Ҳоланд бошчилигидаги Норвегия билан куч синашади. Тонгга яқин турнир мезбонларидан бири Мексика чоракфинал йўлланмаси учун Англияга қарши тўп суради.
Бразилия – Норвегия
6 июлга ўтар кечаси, 01:00. New York/New Jersey Stadium, Ню Йорк
Айтиш мумкинки, Норвегия Бразилия учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Лотин Америка вакиллари шу вақтгача ушбу жамоага қарши жами тўрт учрашув ўтказган ва бирор марта ғалаба қозона олмаган. Жамоаларнинг ягона расмий ўйини 1998 йилги мундиал гуруҳ босқичида бўлиб ўтганди, ўшанда Бразилия олдинги икки турда ғалаба қозонганди ва учинчи турга аралаш таркиб туширилганди, натижада скандинавлар Туре Андре Флунинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Бундан ташқари, 1988 йил июлида ва 2006 йил августида ўтказилган ўртоқлик учрашувларида бир хил ҳисоблар (1:1) қайд этилган, 1997 йил майидаги ўйинда эса Европа вакилларининг қўли устун келган (4:2).
Лекин гап фақат тарихда ҳам эмас. Бразилияда сўнгги вақтларда барқарор жамоа шаклланмаяпти ва маҳаллий футболда инқироз юзага келгани ҳақида ҳам гаплар чиқиб туради.
Пентакампеонлар бу гапларни исботлагандек, турнирни Марокаш билан ўйинда очко йўқотиш (1:1) билан бошлади. Кейинги турларда Карло Анчелотти шогирдлари ўзига келишди: Ҳаити (3:0) ва Шотландия (3:0) йирик ҳисобларда таслим этилди. 1/16 финалда эса Япония ҳам жиддий муаммо туғдирди (2:1). Ўйиннинг 29-дақиқасида Кайсу Сано ҳисобни очди, фақат иккинчи бўлимга келиб Каземиро мувозанатни тиклади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Габриэл Мартинелли ғалаба голини уриб, «Селесао»ни 1/8 финалга олиб чиқди.
Умуман, ҳозирча Бразилия ўз имкониятлари даражасида ўйнаяптими ёки Анчелоттида ҳали қўшимча ричаглар борми, буни тушуниш қийин. Жамоа мухлислари Винисиуснинг индивидуал маҳоратидан умид қилишмоқда, у турнирни кучли ўтказмоқда («гол плюс пас» бўйича 4+1). Шунингдек, Бруну Гимараес ҳам яхши тассурот қолдирмоқда. Аммо қолганлардан Норвегия билан ўйинда бор салоҳиятини кўрсатиш талаб этилади, рақиб эса шунчаки савия ҳисобига енгиш мумкин бўлган жамоа эмас.
Скандинавлар ўйинини тўғри йўлга қўйиб олган, жисмонан кучли ва қарши ҳужумларда хавфли бўлган жамоа. Норвегия гуруҳнинг дастлабки икки ўйинида Ироқ (4:1) ҳамда Сенегал устидан ишончли ҳисобларда ғалаба қозонди (3:2) ва муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини расмийлаштирди. Шундан кейин жамоа бош мураббийи Столе Солбаккен Францияга қарши ўйин учун иккинчи таркибни ташлади ва жамоа йирик ҳисобда мағлубиятга учради (1:4). Лекин ўша ўйинда дам олган асосий таркиб футболчилари плей-оффда Кот-д'Ивуар устидан ғалабага эришди (2:1). Ҳоланд иккинчи бўлим охирларида ғалаба голини урди ва жамоани қўшимча ярим соат тер тўкишдан қутқарди.

















