Жаҳон | 08:58
1476
4 дақиқада ўқилади

Қримда АИ-95 бензини нархи 92 фоизга ошди

Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) маълумотларига кўра, июл ойининг биринчи ҳафтасида қўшиб олинган Қримда бензин нархи ўртача 78,4 фоизга ошган. Энг оммабоп АИ-95 маркали бензиннинг бир литри нархи эса бир ҳафта ичида қарийб икки баравар қимматлаб, 170,59 рублга етган.

Фото: Tengrinews

Росстатнинг 8 июл куни эълон қилинган ҳафталик ҳисоботида Россия ҳудудлари, шунингдек, Москва томонидан қўшиб олинган Қрим ва босиб олинган Украина ҳудудларидаги ёнилғи нархлари таҳлил қилинган.

Ҳисоботга кўра, Қримда АИ-95 бензинининг бир литри 88,82 рублдан 170,59 рублгача кўтарилган. Бу бир ҳафта ичида 92 фоизлик ўсишни англатади. Ўртача ҳисобда эса барча турдаги бензин нархи 78,4 фоизга ошган.

Росстат бу сафар қайси ҳудудларда нархлар энг кўп ошганини алоҳида кўрсатмаган. Бироқ The Bell нашри ҳисоботни таҳлил қилиб, энг катта ўсиш айнан Қримда қайд этилганини маълум қилди. «Медиазона» ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган. Аввалги ҳисоботда эса нархлар энг кўп ошган ҳудуд сифатида қўшиб олинган Севастопол қайд этилган.

Бошқа ҳудудларда ҳам нархлар ўсмоқда

Россиянинг қатор ҳудудларида ҳам бензин нархи юқори даражада сақланмоқда. Хусусан, Тува Республикасида бензиннинг барча турлари бир литри учун 100 рублдан юқори нархда сотилмоқда.

АИ-95 бензинининг ўртача нархи Қалмиқистон, Доғистон, Кабардино-Балқария, Чеченистон ва Камчаткада 90 рублдан ошган. АИ-92 бензини эса Магадан вилояти, Камчатка, Якутия, Тюмен вилояти, Чеченистон, Қалмиқистон ҳамда яна бир қатор ҳудудларда 80 рублдан қиммат.

30 июндан 6 июлгача бўлган даврда Росстат ҳисоботидаги ҳудудларда бензин ўртача 2,1 фоизга, дизел ёнилғиси эса 3,4 фоизга қимматлаган. Қримдан кейин энг юқори ўсиш Иваново вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда ёнилғи нархи 19 фоизга ошган.

Мутахассислар таъкидлашича, Россияда бензин ва дизел нархлари кетма-кет беш ҳафтадан буён ўсишда давом этмоқда.

Россия дизел экспортини чеклади

Ёнилғи танқислиги ортидан Россия ҳукумати 8 июлдан 31 июлга қадар дизел ёнилғиси экспортини тақиқлади.

Бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг маълум қилишича, чеклов ички бозорда ёнилғи таъминотини барқарорлаштириш мақсадида жорий этилган. Аввал амалда бўлган чекловлар нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этилмаган бўлса, янги қарорга кўра улар ҳам дизел, кемалар учун ёнилғи ва газойл экспорт қила олмайди.

Ёнилғи инқирози ўнлаб ҳудудларга ёйилди

Май ойи охиридан бери Россияда бензин ва дизел танқислиги кучайган. Бу ҳолат Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ёнилғи-энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар ортидан юзага келгани айтилмоқда.

Натижада мамлакатнинг қарийб 60 та ҳудудида ёнилғи сотилишига турли чекловлар жорий этилган. Айрим жойларда ҳайдовчилар соатлаб ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбат кутмоқда, баъзи АЁҚШ эса вақтинча фаолиятини тўхтатган.

Инқироз фонида Россия ҳукумати 2026 йил охиригача экологик талаблари паст бўлган «Евро-3» стандартидаги ёнилғидан фойдаланишга рухсат берди. Шунингдек, мамлакат ёнилғи етишмовчилигини қоплаш учун хориждан ҳам нефт маҳсулотлари харидини оширмоқда.

Reuters маълумотига кўра, Ҳиндистон Россияга денгиз орқали камида 60 минг тонна бензин жўнатган. Шунингдек, Қозоғистон билан ҳам музокаралар давом этмоқда, Россия эса япон авиация ёнилғисини ҳам трейдерлар орқали сотиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид