Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат ахборот тизимларида Open API тамойили жорий этилади
Ўзбекистонда давлат ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинувини соддалаштириш ва давлат хизматларини янада рақамлаштириш мақсадида Open API тамойили жорий этилади. Бу “Рақамли ҳукумат” тизимини ривожлантиришга қаратилган президент қарорида белгиланди.
Президентнинг 2026 йил 8 июлдаги ПҚ–257-сонли “Рақамли ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ягона интеграциялашган рақамли платформани жорий этишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 2028 йил якунига қадар давлат органларининг камида 5 мингта маъмурий функциясини рақамлаштириш, шунингдек, давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва эксплуатация қилиш харажатларини камида 30 фоизга қисқартириш режалаштирилган.
Ягона интеграциялашган рақамли платформа “Рақамли ҳукумат” тизимининг асосий технологик элементи бўлиб, давлат ахборот тизимларини яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашда ягона архитектура, стандартлар ҳамда технологик ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.
Шунингдек, қайта фойдаланиладиган рақамли компонентлар ва сервислардан фойдаланиш орқали давлат ахборот тизимларини яратиш жараёнини тезлаштириш, стандартлаштириш ва харажатларни камайтириш кўзда тутилган.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан давлат органлари ички ҳужжат айланмаси, қарорларни қабул қилиш ва келишиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини платформа ва унинг рақамли компонентлари орқали электрон шаклда амалга оширади.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинувини енгиллаштириш мақсадида Open API тамойили жорий этилади. Бу турли давлат ахборот тизимларининг ўзаро интеграциясини соддалаштириш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ҳамда рақамли давлат хизматларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
11:42 / 05.09.2025
Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди
13:53 / 19.04.2025
Ўзбекистон Ахборот кодексини қабул қилиш режалаштирилмоқда
18:01 / 11.04.2025
“Оқибатлари оғир бўлади” — Алишер Қодиров интернетдаги “ахборот лойиҳалари” ҳақида
14:55 / 15.11.2024