Жаҳон | 11:50
981
4 дақиқада ўқилади

Der Spiegel: Хитой Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтирган

The Insider, Der Spiegel ва Le Monde нашрлари ўтказган қўшма журналистик суриштирувга кўра, Хитой ва Россия ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик аввал маълум бўлганидан анча кенг кўламли экани аниқланган. Нашрлар махфий ҳужжатларга таяниб, Пекин Москвага сунъий интеллект, ҳаво мудофааси ва бошқа ҳарбий технологияларни тақдим этишни таклиф қилганини маълум қилди.

Фото: AP

Журналистлар қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Хитой Россияга жанговар дронлар (loitering munitions), ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги ишланмаларни тақдим этишни таклиф қилган.

Суриштирув муаллифларининг таъкидлашича, Пекин бу технологияларни Россия Украинадаги ҳақиқий жанговар шароитларда синовдан ўтказиши ва натижалар билан Хитой томонини таништиришини истаган.

Бундан ташқари, ҳужжатларда Хитой Россияни Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимига қарши кураш дастурига жалб қилгани ҳам қайд этилган. Унда ҳуқуқий ва дипломатик босим ўтказиш, шунингдек, сунъий йўлдошларга қарши чоралар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.

Ҳамкорлик бешта асосий йўналишни қамраб олган

Суриштирув давомида ўрганилган материаллар орасида 2023 йил ноябр ойида Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Россия—Хитой ҳарбий-техник ҳамкорлик форуми тақдимотлари ҳамда 2023 йил 5 июнда Москвада имзоланган икки томонлама ишчи баённомаси ҳам бор.

Ҳужжатларда қуйидаги беш йўналиш бўйича ҳамкорлик назарда тутилган:

  • космик қуроллар ва сунъий йўлдошларга қарши тизимлар;

  • интеграциялашган ҳаво ва ракетага қарши мудофаа мажмуалари;

  • автоном жанговар дронлар;

  • янги авлод зирҳли ҳарбий техникалари;

  • ҳарбий авиация технологиялари.

Янги авлод ҳаво мудофааси тизими муҳокама қилинган

Ҳужжатларга кўра, Хитой ва Россия янги авлод ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқишни ҳам муҳокама қилган.

Лойиҳада ўрта масофали баллистик ракеталарни 4 минг километргача бўлган масофада аниқлаш ва йўқ қилиш имкониятига эга тизим яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, у гипертовушли ракеталарни 40 километр баландликда ҳам ушлаб қолиши лозимлиги қайд этилган.

Нашрлар фикрича, бу талаблар ҳозирги ҳаво мудофааси тизимларига нисбатан анча юқори техник имкониятларни назарда тутади.

Starlinkʼга қарши қўшма чоралар таклиф қилинган

Ҳужжатларда Starlink тармоғига қарши курашиш учун халқаро коалиция тузиш, унинг фаолиятини ҳуқуқий чеклашга эришиш ва сунъий йўлдошлар учун зарур бўлган частота ҳамда орбитал позицияларга қўшма аризалар бериш таклиф қилинган.

Шунингдек, суриштирувда айтилишича, киберусуллардан фойдаланиб Starlink тармоғига зарар етказиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинган.

Россия жанговар тажрибаси билан, Хитой эса технологиялар билан бўлишиши режалаштирилган

Материалларга кўра, Россия Украинада қўлланаётган дронлар ҳақидаги жанговар маълумотларни мунтазам равишда Хитойга тақдим этиши, Пекин эса бунинг эвазига сунъий интеллект технологиялари, микросхемалар, электроника ва оммавий ишлаб чиқариш имкониятларини тақдим этиши назарда тутилган.

Шунингдек, авиация соҳасида қўшма лабораториялар ташкил этиш, интеллектуал мулкдан биргаликда фойдаланиш ва технологиялар трансферини амалга ошириш режалаштирилган.

Германия Хитойни танқид қилди

Суриштирув эълон қилингач, Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Пекинни кескин танқид қилди.

Унинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши урушига ҳар қандай ёрдам Европа хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади.

«Хитой бу Европа хавфсизлик манфаатларининг энг муҳим масалаларидан бири эканини англаши керак. Россиянинг урушини қўллаб-қувватлаш можарони янада чўзади ва янги азоб-уқубатларга сабаб бўлади», — деди Германия ташқи ишлар вазири.

У, шунингдек, Россия Қуролли кучларига Хитой томонидан кўрсатилаётган эҳтимолий кенг кўламли ёрдам ҳақидаги маълумотлар жиддий ташвиш уйғотаётганини таъкидлади.

Изоҳ: Мақолада келтирилган маълумотлар The Insider, Der Spiegel ва Le Monde нашрларининг қўшма журналистик суриштирувига асосланган. Россия ва Хитой расмийлари ушбу даъволар юзасидан муносабат билдирмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид