Таълим | 18:28
534
2 дақиқада ўқилади

Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ташкил этилади

Олий мактабга академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилади. Давлат идоралари, ҳамкор олийгоҳлар ва йирик компаниялар вакилларидан иборат кузатув кенгаши ташкил этилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий ҳамкор олийгоҳ ва олий мактаб дипломи берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди. Таъкидланишича, қатор олийгоҳларда хорижий университетлар билан қўшма дастурлар йўлга қўйилган. Аммо улар асосан икки олийгоҳ ўртасида ташкил этилиб, талабаларнинг таълим йўналишини эркин танлаш имконияти чекланган. Халқаро амалиётда эса интеграциялашган дастурлар талабага ўқиш давомида бир нечта университетда таълим олиш, турли мамлакатлар академик муҳити ва таълим стандартларидан фойдаланиш имконини беради.

Шу муносабат билан Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинди. Олий мактабда таълим жараёни Буюк Британиянинг Норзамбрия ва Ҳартфордшир университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилади. Кейинги босқичда Сапиенца, Саутгемптон, Глазго каби дунёнинг нуфузли олийгоҳлари академик талабларига мослаштирилган таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.

Олий мактабга академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилади. Давлат идоралари, ҳамкор олийгоҳлар ва йирик компаниялар вакилларидан иборат кузатув кенгаши ташкил этилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий ҳамкор олийгоҳ ва олий мактаб дипломи берилади.

Шунингдек, олий мактаб ва ҳамкор таълим муассасаларида Британия стандартларига мувофиқ 8-даражагача бўлган таълим дастурларини жорий қилиш, раҳбар кадрлар учун стратегик фикрлаш, лидерлик, рақамли бошқарув, қарор қабул қилиш ва натижага йўналтирилган бошқарув бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид