Ўзбекистон | 13:55
1446
1 дақиқада ўқилади

Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди. Учрашув якунида мусулмон дунёси илм-фани ва маънавияти ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси учун унга Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофоти – “Эл-юрт ҳурмати” ордени топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбойжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган “Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси” китоби учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Президент Шавкат Мирзиёев икки томонлама маданий-маърифий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, исломнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини ёш авлодга замонавий, тушунарли ва қизиқарли шаклда етказиш мақсадида рақамли платформалар ҳамда интерактив таълим воситаларидан самарали фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари мусулмон дунёси илм-фани, маънавияти ва диний-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган катта ҳиссаси учун шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид