Жаҳон | 20:21
1152
2 дақиқада ўқилади

«Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темирйўли қурилиши фаол босқичга ўтди

Айни пайтда Қирғизистон ҳудудида туннеллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилмоқда.

Фото: Қирғизистон Қурилиш вазирлиги

«Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темирйўлини қуриш лойиҳаси фаол босқичга ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлигига таяниб 24.kg хабар берди.

Таъкидланишича, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлигида Хитой Давлат темирйўл корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар лойиҳани амалга оширишнинг бориши ва темирйўл қурилишининг кейинги босқичларини муҳокама қилди. Учрашувда транспорт ва коммуникациялар вазирининг ўринбосари Алмаз Тургунбаев ва Хитой Давлат темирйўл корпорацияси бошқаруви аъзоси Ван Сзинси иштирок этди.

Вазирлик маълумотларига кўра, лойиҳа бўйича асосий халқаро ва инвестициявий келишувлар аллақачон имзоланган. Шунингдек, бош пудратчи аниқланиб, молиялаштириш масалалари ҳал этилган. Айни пайтда туннеллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилмоқда.

Қирғизистон томони қурилишга маҳаллий мутахассисларни жалб этиш, мамлакатда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланиш ва экологик талабларга риоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Учрашувда икки мамлакат вакиллари лойиҳани амалга оширишда шаффофлик муҳим эканини қайд этиб, қурилишни белгиланган муддатларда якунлаш учун ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.

«Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темирйўли минтақадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Йўлнинг умумий узунлиги қарийб 480 километрни ташкил этади, шундан 304 километрдан ортиғи Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Янги темирйўл коридори Евросиё континентал кўпригининг жанубий бўғинига айланиб, Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига йўл очиши кутилмоқда. Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан, Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлаши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид