Спорт | 23:02 / 11.07.2026
2229
2 дақиқада ўқилади

Англия-Норвегия баҳси бошланиш вақти кечиктирилиши мумкин

Футбол учрашуви бошланадиган вақт - соат 17:00да (Тошкент вақти билан 02:00) ҳарорат 29-32 даражага, ҳароратни ҳис қилиш эса 44 даражагача етиши кутилмоқда.

Фото: AP

Футбол бўйича жаҳон чемпионати чорак финали доирасида бўлиб ўтиши кутилаётган Англия ва Норвегия миллий жамоалари ўртасидаги учрашув вақти ҳарорат кескин кўтарилиши сабабли ўзгариши мумкин, деб ёзмоқда Daily Mail.

Нашр хабарига кўра, Жанубий Флоридада иссиқлик тўлқини пайдо бўлиши хавфи жуда юқори бўлиб, футбол учрашуви бошланадиган вақт - соат 17:00да (Тошкент вақти билан 02:00) ҳарорат 29-32 даражага, ҳароратни ҳис қилиш эса 44 даражагача етиши мумкин.

Майами шаҳрининг X ижтимоий тармоғидаги аккаунти аҳолини «кўпроқ сув ичиш, енгил кийиниш ва очиқ ҳавода камроқ ҳаракатланиш»га чақирди.

“Юқори ҳарорат ва намлик жазирама билан боғлиқ касалликлар хавфини ошириши мумкин. Кўпроқ сув ичинг, енгил кийимлар кийинг, куннинг энг иссиқ пайтида кўчада камроқ юринг ва имкон бўлса вақтингизни кондиционерли хонада ўтказинг”, дейилади огоҳлантиришда.

Профессионал футболчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи FIFPRO ташкилоти ҳаво ҳарорати 28 даражадан юқори бўлган тақдирда матчларни кўчиришни тавсия қилади.

Daily Mail Sport нашрининг аниқлик киритишича, ҳозирча бугунги ўйин вақтини кўчириш режалаштирилмаяпти.

Англия ва Мексика миллий жамоалари ўртасидаги нимчорак финал баҳси об-ҳавонинг ёмонлашуви сабабли бир соат кейин бошланганди

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид