Жаҳон | 09:56
1480
2 дақиқада ўқилади

Ryanair рейсида иллюминатор синди, йўловчи жароҳатланди

Грециядан Германияга парвоз қилаётган Ryanair авиакомпанияси самолётида фавқулодда ҳолат юз берди. Парвоз вақтида йўловчи иллюминатори сингач, ойна ёнида ўтирган эркакни ҳаво босими таъсирида ташқи томонга тортиб кетди. Уни бошқа йўловчилар қийинчилик билан самолёт ичида ушлаб қолишга муваффақ бўлган.

Фото: Ijtimoiy tarmoqlardan olingan fotosuratlar

Ҳодиса 10 июл куни Салоники шаҳридан Германиянинг Мемминген шаҳрига йўл олган Boeing 737-800 русумли самолётда содир бўлган. Бу ҳақда воқеа гувоҳлари Грециянинг Radio Thessaloniki радиостанцияси ҳамда Германиянинг dpa агентлигига маълум қилган.

Гувоҳларнинг айтишича, иллюминатор синганидан кейин 61 ёшли Сербия фуқаросининг боши ва елкалари самолёт ташқарисига чиқиб кетган. Уни ҳаво оқими тортиб кетмаслиги учун бир нечта йўловчи биргаликда ушлаб қолган.

Шу пайт самолётда кислород ниқоблари автоматик равишда тушган. Учувчилар фавқулодда вазият туфайли парвозни давом эттирмасдан, самолётни орқага — Салоники аэропортига қайтаришга қарор қилган.

Жабрланган йўловчи тез ёрдам орқали шифохонага етказилган. Маълум қилинишича, у жиддий жароҳат олмаган. Қолган йўловчилар эса захира самолёти орқали Германияга етказилган.

Греция оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ҳодиса Шимолий Македония ҳудуди устида, тахминан 6 минг метр баландликда содир бўлган. ERT телеканали тарқатган маълумотга кўра, иллюминатор самолёт двигателидан узилиб чиққан эҳтиёт қисм зарбаси оқибатида шикастланган бўлиши мумкин.

Ҳодиса юзасидан расмий тергов бошланган.

Ryanair авиакомпанияси эса ҳозирча қисқа баёнот билан чиқиб, самолёт парвоз бошланганидан кўп ўтмай йўловчи иллюминаторида герметиклик бузилганини тасдиқлади. Компания ҳодисанинг аниқ сабаблари юзасидан қўшимча маълумот бермаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид