Спорт | 08:13
1855
7 дақиқада ўқилади

Англия Норвегияни турнирдан чиқариб юборди

Скандинавларда қўшимча бўлимларда куч қолмади.

Фото: Gettyimages/Dan Mullan

Норвегия – Англия 2:2
Голлар:
Шелдеруп, 36 (1:0). Беллинҳэм, 45+2 (1:1). Беллинҳэм, 93 (1:2)
Норвегия: Нюлан, Айер, Ҳеггем (Эстигор, 91), Волфе (Педерсен, 90), Рюэрсон (Эурснес, 60), Берге, Берг, Эдегор, Шелдеруп (Бобб, 68), Сёрлот (Нуса, 68), Ҳоланд (Странн Ларсен, 106)
Англия: Пикфорд, Стоунс, Гейи, О`Райли (Спенс, 86), Конса (Рожерс, 89), Райс (Эзе, 46), Андерсон, Беллинҳэм (Бёрн, 111), Гордон (Жеймс, 71), Мадуэке (Сака, 46), Кейн
Огоҳлантириш: Айер, 117

Англия ва Норвегия – бир бирига яқин бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Географик ва маданий томондан ҳам, футбол борасида ҳам. Бундай боғлиқликни кўриш учун скандинавлар жамоаси таркибига қараш етарли, Англияга қарши ўйинда бошланғич таркибда тушган 11 футболчидан олти нафари, жумладан, жамоанинг асосий юлдузлари – Эрлинг Ҳоланд ва Мартин Эдегор АПЛда тўп суради.

Ушбу иккисини футбол оламидагилар анчадан буён яхши танийди, норвеглар жамоасининг бу турнирдаги ўйинлари эса кўпчилик учун янгилик бўлди. Столе Солбаккен шогирдлари 1/8 финалда Бразилияни ҳақли равишда мағлуб этди ва гап ўша ўйинда Ҳоланд дубл қайд этганида ҳам эмас – норвеглар рақибдан яхшироқ ўйнади ва ўз вазиятларидан фойдаланди.

Англия эса турнир давомида барча ўйинларда ҳам ўз даражасида ўйнай олмади. Плей-оффда Конго ДР ва Мексикага қарши кечган ўйинларда «Уч шерлар» кўп ҳолатларда концентрацияни йўқотди ва турнирни тарк этиш хавфи остида қолди. Фақат футболчиларнинг индивидуал маҳорати эвазига британлар нисбатан осонроқ рақибларни таслим эта олди. Норвегия эса хатолардан фойдаланадиган ва ўзи кам хато қиладиган, бошқа даражадаги рақиб эди.

Ўйиннинг биринчи бўлимининг катта қисмида икки жамоа ҳам эҳтиёткорлик билан ўйнашга қарор қилди. Норвеглар тўпни инглизларга топширишди ва 4-5-1 схемасида жойлашиб, тўп узатиш мумкин бўлган барча йўлакларни ёпишди. Англия эса тўпга ва ҳудудларга эгалик қилди, лекин Нюланд қўриқлаётган дарвоза томон яқинлаша олмади – инглизлар тўпни у қанотдан бу қанотга ошириб, Мадуэке ва Гордоннинг дриблингларига ҳамда олисдан йўлланадиган зарбаларга таянди. Аммо бу иш бермади.

Шу туфайли 35-дақиқагача мухлислар зерикиб қолишди: икки жамоа атиги битта зарба берди ва яққол голли вазиятлар юзага келмади. Жамоадошлари Ҳоланд ва Кейнга тўпни етказиб бера олишмади.

Аммо бу каби ўйинларда кўп кузатилганидек, битта эпизод барчасини ўзгартириб юборди. 36-дақиқада Ҳарри Кейн ҳимоядан чиқишда тўпни олдирди, тўпга эга чиққан Эдегор олдинга юрди ва чап қанотда ўзини таклиф этган Шелдерупни пас билан таъминлади, ёш вингер эса жарима майдонига кириб бориб, кучли зарба йўллаб, турнирнинг энг чиройли голларидан бирига муаллифлик қилди.

Инглизлар ҳужум бошланиш вақтида Берг томонидан Кейнга фол ишлатилганига ишора қилишди, аммо видеотакрорда норвегияликлар футболчиси тўпга ўйнагани ойдинлашди.

Бўлимнинг қолган дақиқаларида скандинавлар икки бор иккинчи голни уришга яқин келишди. Аввалига Пикфорд Эдегорнинг олис масофадан йўллаган хавфли зарбасини бартараф этди, кейин эса Сёрлот яққол голли вазиятни йўққа чиқарди.

У жарима майдонига кириб келган Ҳоландга тўп узатиши мумкин эди, аммо ўзи зарба беришга қарор қилди ва тўпни дарвозабонга топширди.

«Сен урмасанг, сенга уришади» қоидаси дарҳол ишга тушди ва норвегияликлар танаффусга ҳисобдаги устунлик билан йўл ололмади. Нюланд олдинги чизиққа етказиб берган тўпни инглизлар эгаллаб олди ва бошланган тезкор қарши ҳужумни Жуд Беллингҳэм турнирдаги бешинчи голини уриш билан якунлади.

Иккинчи бўлим биринчисига қараганда шиддатли кечди: Норвегия ўзига ишонч билан ҳаракат қилди ва кетма-кет ҳужумлар уюштирди, Англия эса ҳисобдан келиб чиқиб, хотиржамлик билан ҳаракат қилди.

Сёрлотнинг бош билан йўллаган зарбаси яқин «тўққизлик»ка кириб кетишига бир бахя қолди, Ҳоланднинг пастки бурчакка йўллаган зарбасидан кейин Пикфорддан ўзини кўрсатишига тўғри келди, 57-дақиқада эса скандинавлар барибир дарвозани ишғол этишди.

Аммо Клеман Тюрпен видеотакрордан кейин Ҳеггем урган голни бекор қилди – янги қоидалар ишга тушиб, вазият VAT томонидан кўриб чиқилди, видеотакрор бурчак зарбаси ижро этилишидан олдин Ҳоланд Андерсонга фол ишлатганини кўрсатди ва ҳакам бурчак зарбасини қайтадан ижро этиш кераклигини кўрсатди.

Шундан кейин Солбаккен ҳужум қанотларини янгила, Сёрлот ва Шелдеруп ўрнига Бобб ва Нусани туширди, улар мунтазам равишда инглизларнинг қанот ҳимоячиларини таҳлика остида ушлаб туришди. Англияда ҳам захирадан туширилганлар ўйинни кучайтиришди, Сака бир неча бор қанотдан рейд уюштириб, хавфли вазиятлар юзага келтирди.

Аммо асосий вақт якунига қадар ҳисоб ўзгармай қолди ва барчаси қўшимча бўлимларда аниқланадиган бўлди. Қўшимча бўлимларнинг биринчиси бошланиши биланоқ Англиянинг захира имкониятлари ўз сўзини айтди. Роджерс 92-дақиқада ўз одатига кўра жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, Нюланд эса тўпни ушлаб қола олмади ва барчадан илдамроқ ҳаракат қилган Беллингҳэм дарвозани ишғол этди. Бу унинг турнирдаги олтинчи голи бўлди ва у энди Месси, Мбаппе (8 тадан), Ҳоланд (7) ва Ҳарри Кейн (6) каби тўпурарлар пойгасида.

5 дақиқа ўтиб эса Спенс чап қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, пеналти ишлади. Аммо яна VAR вазиятга аралашди ва пеналти бекор қилинди: бу вазиятда инглизлар ҳимоячиси қасддан пеналти ишлаш учун ҳаракат қилган деб топилди.

Биринчи қўшимча бўлимдан кейин Солбаккен Ҳоландни ўйиндан олиб ташлади, Эрлингда ўйинни давом эттириш учун куч қолмагани кўриниб турарди. Ўз етакчисисиз қолган норвеглар эса қолган дақиқаларда ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Фақат Нюланднинг бир ҳужумнинг ўзида иккита зарбани қайтариши ўйин охиригача интрига сақланиб туришини таъминлади.

Норвегия жаҳон чемпионатини мардонавор тарк этди, Англия эса узоқ кутилган чемпионлик учун юришини давом эттиради.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид