Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилади
Ёзги иссиқ кунларда электр энергиясига бўлган талабнинг кескин ортиши муносабати билан Ўзбекистон энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлигида Ёнилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда ёз мавсумида ёнилғи-энергетика тизими объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда ёнилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Энергетика вазирлиги, ёқилғи-энергетика тизими корхоналари, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, «Ўзенергоинспекция», вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа тегишли идоралар раҳбар ва вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда электр энергияси истеъмоли юқори бўладиган кунларда истеъмолчиларни узлуксиз электр билан таъминлаш, энергетика объектларини 24 соатлик иш режимига ўтказиш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш ва режали таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Мутахассислар прогнозига кўра, яқин кунларда республикада суткалик электр энергияси истеъмоли 280 миллион кВт·соатга, максимал юклама эса 13–13,3 гигаваттгача етиши мумкин. Шу муносабат билан электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли фаолиятини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактик назоратни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда юз берган носозликлар ва улар оқибатида содир бўлган авариявий электр узилишлари ҳам танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар учун айрим масъулларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланиб, бир қатор раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, кутилаётган иссиқ об-ҳаво шароитида бензин, дизел ёнилғиси ва суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини саноат ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш топширилди. Ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда ёнғин ва портлаш хавфини камайтириш мақсадида суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш белгиланди.
Мазкур талаблар ижросини таъминлаш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бош прокуратура, «Ўзенергоинспекция» ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан ҳамкорликда республика ҳудудларидаги энергетика объектлари ва ёнилғи инфратузилмасида кучайтирилган назорат рейдлари ўтказилиши маълум қилинди.
Йиғилиш якунида тизим раҳбарлари аввал берилган топшириқлар ижроси юзасидан қатъий огоҳлантирилди. Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, авариявий ҳолатлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, навбатчилик тизимини мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз курашни давом эттириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мавзуга оид
23:14 / 12.07.2026
Тошкентда сув сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди
18:03 / 12.07.2026
Энергетика тизимидаги айрим раҳбарлар ишдан олинди
10:57 / 29.06.2026
Энергетика соҳасида текширувларнинг янги механизми жорий этилди
10:05 / 22.06.2026