Жаҳон | 18:05
2897
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко мигрантларни Беларусга жалб қилиш шартларини тушунтирди

Давлат раҳбари сўзларига кўра, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида кадрлар эҳтиёжини қондириш зарурати туфайли бунга қизиқиш бор.

Фото: БелТА

Беларус президенти Александр Лукашенко мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб қилиш шартларини маълум қилди. Давлат раҳбари сўзларига кўра, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида кадрлар эҳтиёжини қондириш зарурати туфайли бунга қизиқиш бор. Бу ҳақда БелТА хабар бермоқда.

Хусусан, Лукашенко бу мавзу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Минскка ташрифи чоғида муҳокама қилинганини эслатди.

«Бизда шундай тизим бор: элчихона биринчи навбатда кимга мумкин, кимга мумкин эмаслигини аниқлайди. Бу ерда (корхона) раҳбари ўзига қанча одам, қандай мутахассисликлар бўйича кераклигини аниқлаши керак. Ва у ўзи танлайди», деб мигрантларни жалб қилиш тартибини таърифлади Беларус раҳбари ва «одамлар жуда зарур»лигини таъкидлади.

«Тизимни ишлаб чиқиш ва одамларни мамлакатга таклиф этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Украиналиклар келди, кўплаб россияликлар биз билан ишлагани келмоқда», деди Лукашенко.

Унинг аниқлик киритишича, бу соҳадаги ишлар «пухта назорат остида», жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизими орқали олиб борилмоқда.

«Танловни раҳбар амалга оширади ва улар учун жавобгар бўлади. Тартиб бўлиши керак», деди Беларус президенти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид