Жамият | 11:15
2110
1 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларни қўрқитиб пул олган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида тадбиркорларни Soliq иловаси орқали шикоят қилиш билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилиб келган шахслар фош этилди. Уларга нисбатан товламачилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Беруний тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар Д.А. ва А.Ю. ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, гумонланувчилар фуқаро М.Х.га тегишли U.Z. оилавий корхонаси савдо дўконида чек берилмаганлиги юзасидан Soliq мобил иловаси орқали мурожаат қилмаслик эвазига 3 миллион сўм талаб қилиб, ушбу маблағни олган вақтда қўлга олинган.

Тезкор тадбирлар давомида Д.А.нинг туманда фаолият юритаётган яна уч нафар тадбиркордан ҳам чек бермаганлик ҳолатлари бўйича Soliq иловасига мурожаат қилмасликни ваъда қилиб, турли миқдорда пулларни товламачилик йўли билан олиб келгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид