Жаҳон | 09:00
1421
3 дақиқада ўқилади

Европада иссиқлик тўлқини қурбонлари сони 10 мингдан ошди

Июн ойи охирида Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини қитъада 10 мингдан ортиқ қўшимча ўлим ҳолатларига сабаб бўлган. Бу ҳақда Европа касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (ECDC) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кўмагида фаолият юритувчи EuroMOMO (European Mortality Monitoring) дастури маълумотларига таяниб, dpa ахборот агентлиги хабар қилди.

Фото: REUTERS

Тадқиқот натижаларига кўра, иссиқлик билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг аксарияти 65 ёшдан катта аҳоли ҳиссасига тўғри келади. Ҳисоб-китобларга мувофиқ, қурбонларнинг 9 мингдан ортиғини айнан шу ёш тоифасидаги инсонлар ташкил этган.

Мутахассислар таъкидлашича, фавқулодда юқори ҳарорат нафақат иссиқ уришига, балки юрак-қон томир, нафас олиш тизими ва бошқа сурункали касалликларнинг кескин оғирлашишига ҳам сабаб бўлади. Шу боис кекса ёшдаги инсонлар иссиқ ҳаво таъсирига энг кўп мойил хавф гуруҳи ҳисобланади.

EuroMOMO мутахассислари Европа бўйлаб 27 мамлакатнинг миллий статистика маълумотларини таҳлил қилди. Лойиҳа алоҳида давлатлар бўйича рақамларни эълон қилмаган бўлса-да, июнь ойининг сўнгги ҳафтасида энг юқори даражадаги қўшимча ўлим ҳолатлари асосан Франция ва Белгияда кузатилганини маълум қилди.

Германияда 5 мингдан зиёд қурбон

Иссиқлик оқибатларига оид бошқа тадқиқотлар ҳам мавжуд. Германиянинг Роберт Кох институти (RKI) ҳисоб-китобларига кўра, июн ойи охирига келиб мамлакатда экстремал иссиқлик туфайли тахминан 5 100 киши вафот этган.

Шундан 4 310 нафари фақат 22–28 июн кунлари давом этган энг иссиқ ҳафта ҳиссасига тўғри келади. Вафот этганларнинг 80 фоиздан ортиғини 75 ёшдан катта инсонлар ташкил қилган.

Тадқиқотда яна бир жиҳат қайд этилган: иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар аёллар орасида эркакларга нисбатан кўпроқ учраган. Бироқ олимлар бу ҳолатни юқори ёш тоифаларида аёллар сони эркакларга нисбатан кўпроқ экани билан изоҳлаган.

Буюк Британия ва бошқа шаҳарларда ҳам вазият оғир

Буюк Британияда ўтказилган алоҳида тадқиқот ҳам хавотирли рақамларни кўрсатди. Империал коллежи, мамлакат Метеорология хизмати ва Лондон гигиена ҳамда тропик тиббиёт мактаби олимлари ҳисоб-китобларига кўра, июн ойи охиридаги иссиқлик тўлқини фақат Англия ва Уэлснинг ўзида тахминан 2 700 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Ушбу илмий жамоа Европанинг 12 йирик шаҳридаги вазиятни ҳам таҳлил қилди. Уларнинг баҳолашича, ана шу шаҳарларнинг ўзида иссиқлик сабабли қарийб 2 300 киши вафот этган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Италиянинг Милан шаҳрида, Франция пойтахти Парижда ва Испаниянинг Барселона шаҳрида қайд этилган.

Мутахассислар иқлим ўзгариши оқибатида Европада экстремал иссиқ тўлқинлари тобора тез-тез такрорланаётганини таъкидлаб, аҳолини, айниқса кекса ёшдагиларни ҳимоя қилиш бўйича профилактик чораларни кучайтириш муҳимлигини урғуламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид