Жамият | 18:27
1018
3 дақиқада ўқилади

БМТ Фарғона водийсини зилзила хавфи юқори ҳудудлар қаторига киритди

Таъкидланишича, сўнгги йирик зилзилалардан олинадиган асосий сабоқ шундан иборатки, навбатдаги фалокат юз бергунига қадар унга тайёр туриш зарур.

Ўзбекистоннинг айрим туманлари Жанубий Кавказ мамлакатлари билан бир қаторда жуда юқори сейсмик хавфли ҳудудларга киради. Бу ҳақда БМТ томонидан эълон қилинган мақолада айтилади.

Қайд этилишича, зилзилалар барча табиий офатлар ичида энг кўп ўлимга сабаб бўлиб қолмоқда. 2000 йилдан 2023 йилгача табиий офатлар билан боғлиқ барча ўлимларнинг ярмидан кўпи айнан зилзилалар ҳиссасига тўғри келди. Европа минтақасида миллионлаб одамлар кучли ер силкинишларига бардош бера олмайдиган биноларда яшайди ва тиббий ёрдам олади.

Мақолада таъкидланиши, айниқса, Туркиянинг Истанбул шаҳри катта хавотир уйғотмоқда. Аҳолиси 15 миллиондан ортиқ бўлган бу шаҳар дунёдаги энг фаол ёриқларидан бири – Шимолий Анадолу ёриғи яқинида жойлашган. 2025 йилда эълон қилинган тадқиқотга кўра, Мармар денгизи остида тахминан етти магнитудали зилзила келтириб чиқаришга қодир ёриқ қисми ўтган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин ўн йилликларда Истанбул ҳудудида бундай ҳодисанинг юз бериш эҳтимоли 40-60 фоизни ташкил этади.

Бироқ хавфли ҳудуд фақат Туркия билангина чекланиб қолмайди. Европа минтақасида дунёнинг иккита энг йирик сейсмик белбоғи жойлашган. Қирғизистон ва Тожикистоннинг деярли бутун ҳудуди, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим туманлари Жанубий Кавказ мамлакатлари билан бир қаторда жуда юқори сейсмик хавфли зоналарга киради. Айниқса, бир вақтнинг ўзида уч давлат – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва қарийб 11 миллион киши истиқомат қиладиган Фарғона водийси «ўта заиф» ҳисобланади.

2023 йили Туркия ва Суриядаги вайронкор зилзилалар тажрибаси фалокатдан кейин шифохоналарнинг ўз фаолиятини давом эттириши нақадар муҳим эканини кўрсатди. Агар табиий офат зарбасидан кейинги илк дақиқалардаёқ тиббиёт муассасалари ишдан чиқса, минглаб жабрланганлар ҳаётий зарур ёрдамсиз қолиши мумкин, деб ҳисобламоқда БМТ.

ЖССТ экспертлари тайёргарлик кўриш оқибатларни бартараф этишдан кўра анча арзон тушишини таъкидламоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, сейсмик мустаҳкамлик талабларини ҳисобга олган ҳолда янги шифохона қуриш лойиҳа қийматини тўрт фоиздан камроққа оширади, мавжуд биноларни модернизация қилиш эса уларнинг қийматининг тахминан бир фоизига тушиши мумкин. Бу эса зилзиладан кейин уларнинг фаолиятини давом эттириш имкониятини сезиларли даражада оширади.

Мутахассислар тиббий инфратузилмани мустаҳкамлаш билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам бригадаларини доимий шай ҳолатда сақлашни, мунтазам ўқув машғулотлари ўтказишни, халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришни ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари – кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мажбурий кўчирилганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этади.

Таъкидланишича, сўнгги йирик зилзилалардан олинадиган асосий сабоқ шундан иборатки, навбатдаги фалокат юз бергунига қадар унга тайёр туриш зарур.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид