Жаҳон | 09:40
1412
4 дақиқада ўқилади

Украина Бошқирдистон ва Кубандаги нефт объектларини нишонга олди

Украина Қуролли кучларининг узоқ масофага учувчи дронлари Россиянинг Бошқирдистон Республикаси ва Краснодар ўлкасида жойлашган икки йирик нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё мажмуасига ҳужум қилди. Ҳар икки объектда ёнғинлар келиб чиққан, Краснодар ўлкасида эса дрон қолдиқлари тушиши оқибатида бир киши жароҳат олган.

Фото: AP

Украина мониторинг каналлари маълумотига кўра, ҳужум 14 июлга ўтар кечаси амалга оширилган. Асосий нишонлардан бири Бошқирдистондаги Россиянинг энг йирик нефт-кимё корхоналаридан саналувчи «Газпром нефтехим Салават» мажмуаси бўлган. Корхона Украина чегарасидан тахминан 1500 километр узоқликда жойлашган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда завод ҳудудида кучли ёнғин ва тутун кўтарилгани акс этган. Astra нашри гувоҳлар томонидан олинган тасвирларни таҳлил қилиб, корхона ҳудудида бир неча портлашлар содир бўлганини тасдиқлади.

Supernova канали дастлабки маълумотларга таяниб, зарба нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмаси — АВТ-6 ҳамда юқори зичликдаги полиэтилен ишлаб чиқарувчи 20-цехга текканини хабар қилди.

Таҳлилчи Вячеслав Ширяевнинг таъкидлашича, «Газпром нефтехим Салават» 2026 йил давомида Украина ҳужумларига учрамаган ягона йирик бензин ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб келган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳужум ички бозорга ҳар куни етказиб бериладиган тахминан 11 минг тонна ёнилғи таъминотига таъсир қилиши мумкин. Бу Россиянинг умумий ёқилғи эҳтиёжининг қарийб 5 фоизига тенг.

Корхона аввал ҳам ҳужумларга нишон бўлган. Хусусан, 2025 йил сентябр ойида икки марта дронлар ҳужуми қайд этилган. Завод бензин, дизел ёнилғиси, авиация керосини, суюлтирилган газ, аммиак, карбамид ва бошқа нефт-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаради. 2024 йилда у ерда 7,2 миллион тонна нефт қайта ишланган.

Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров саноат ҳудудига ҳужум бўлганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, дронлар ҳавода йўқ қилинган, ёнғинлар эса уларнинг қолдиқлари ерга тушиши натижасида келиб чиққан.

Ҳужумнинг иккинчи нишон сифатида Краснодар ўлкасидаги Афип нефтни қайта ишлаш заводи танланган. Маҳаллий тезкор штаб маълумотига кўра, ярим тун атрофида портлашлар содир бўлган ва шундан сўнг корхона ҳудудида кучли ёнғин бошланган. Astra маълумотига кўра, ёнғин асосан нефт сақланадиган резервуарлар жойлашган ҳудудни қамраб олган.

Афип НҚЗ жанубий Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Бу ерда бензин, дизел ёнилғиси, газ конденсати дистиллятлари, оғир нефт маҳсулотлари ҳамда олтингугурт ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларининг салмоқли қисми экспортга йўналтирилади. Ушбу заводга аввалги ҳужум 11 июнга ўтар кечаси амалга оширилган эди.

Краснодар ўлкасининг Северск туманида дрон қолдиқлари тушиши оқибатида бир киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Расмий маълумотларга кўра, Афипский посёлкаси, Смоленская станицаси ва Коваленко хуторида жами 16 та манзилда дрон парчалари аниқланган. Бир нечта турар жой ва темирйўл кесишмаси яқинидаги бино шикастланган. Шунингдек, икки саноат корхонаси ҳудудига дрон қолдиқлари тушган бўлиб, улардан бирида ёнғин чиққан.

Bloomberg маълумотларига кўра, Украина дронларининг мунтазам ҳужумлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари иш фаолиятига таъсир кўрсатмоқда. Агентлик қайд этишича, жорий йил июн ойида мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажми сўнгги 21 йилдаги энг паст даражага тушган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид