Жамият | 10:38
1559
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганларни эмансипация қилиш тартиби тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Янги тартибга кўра, белгиланган талабларга жавоб берадиган вояга етмаганлар эмансипациядан ўтиш учун давлат хизматидан фойдаланиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июлдаги 380-сонли қарори билан «Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) бўйича давлат хизматини кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат хизматидан Давлат хизматлари марказлари, «Инсон» марказлари ёки ижтимоий ходим орқали, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали фойдаланиш мумкин.

Регламентга кўра, ваколатли орган ариза берувчини қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилади:

  • ариза берувчи психологик жиҳатдан етук бўлиши ва ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатини англай олиши;

  • тадбиркорлик ёки меҳнат фаолияти билан камида уч ой давомида узлуксиз шуғулланган бўлиши;

  • ўқув фанларини ўзлаштириши ва давомати бўйича ижобий маълумотга эга бўлиши.

Шунингдек, эмансипация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг мазкур маълумотлар автоматик тарзда Эмансипация қилинган шахслар реестрига киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид