Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Федоров Украина мудофаа вазири лавозимини тарк этди
Украина мудофаа вазири Михаил Федоров ўз лавозимини тарк этаётганини маълум қилди. У фаолияти якуни бўйича ҳисоботини эълон қилиб, ҳамкасблари, ҳарбийлар ва халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Украина оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, унинг ўрнига ҳозирги ички ишлар вазири Игор Клименко тайинланиши кутилмоқда.
Михаил Федоров бу ҳақда ўзининг Telegram саҳифасида хабар берди. У мудофаа вазирлигида ишлаган даврини сарҳисоб қилиб, Украина халқига хизмат қилиш ўзи учун катта шараф бўлганини таъкидлади.
Федоров ўз фаолияти давомида амалга оширилган қатор ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, Россия ҳарбийларининг Starlink тизимидан фойдаланиш имкониятлари чеклангани, дронлар хариди сезиларли даражада оширилгани, Учувчисиз тизимлар кучлари учун янги дастурлар ишга туширилганини қайд этди.
Шунингдек, у Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракета етказиб бериш бўйича шартномалар, Gripen қирувчи самолётларини харид қилиш, Украина баллистик ракета дастурини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳарбий ёрдам сифатида ўнлаб миллиард доллар маблағ жалб этилганини ўзининг асосий ютуқлари сифатида тилга олди.
Федоровнинг таъкидлашича, Украинада ишлаб чиқилган баллистик ракета ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Шу билан бирга, у айрим муҳим вазифаларни тўлиқ амалга оширишга улгурилмаганини ҳам тан олди. Хусусан, Мудофаа вазирлигини НАТО стандартлари асосида тўлиқ трансформация қилиш, барча давлат харидларини тендер тизимига ўтказиш ва қарорлар учун масъулият маданиятини шакллантириш ишлари ҳали якунига етмаганини билдирди.
Михаил Федоров Украина мудофаа вазири лавозимига 2026 йил 14 январ куни тайинланган эди.
Ҳукуматдаги ўзгаришлар
14 июл куни Украина Олий радаси бош вазир Юлия Свириденконинг истеъфосини қабул қилди. Бу қарор амалда бутун ҳукуматнинг истеъфосини англатади. Янги ҳукумат таркибида мудофаа вазири лавозимига ҳозирги ички ишлар вазири Игор Клименко тайинланиши кутилмоқда.
Зеленский: Федоров ва Сирский ўртасида тизимли келишмовчилик бор
«Украинская правда» нашрининг ёзишича, президент Володимир Зеленский парламентдаги «Халқ хизматкори» партияси фракцияси йиғилишида Федоров ҳамда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўртасида узоқ вақтдан бери давом этаётган тизимли зиддият мавжудлигини айтган.
Нашр манбасига кўра, Зеленский бу можарони ҳал қилишнинг иложи бўлмаётганини билдириб, «яхшиси, ҳар иккисини ҳам лавозимидан озод қилиш керак эди, аммо ҳозир бундай қарор қабул қила олмайман», деган.
Шу билан бирга, Олий рададаги манбаларнинг маълум қилишича, Михаил Федоров президент жамоасида қолади. Аммо унинг келгусида қайси йўналишда фаолият юритиши келаси ҳафта маълум бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ Украина ОАВ Федоровни мамлакат бош вазирлиги учун асосий номзодлардан бири сифатида ҳам тилга олган эди. Янги бош вазирни сайлаш масаласи парламентнинг 16 июл куни бўлиб ўтадиган мажлиси кун тартибидан ўрин олган.