Жамият | 18:10
756
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар бюджетига тушадиган маблағлар кўпайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар молиявий мустақиллигини оширишга қаратилган янги чораларни эълон қилди. Уларга қўшимча солиқ тушумлари ва бошқа манбалар ҳисобидан бу йил 1,6 триллион сўм, келаси йилдан эса 2 триллион сўмгача маблағ қолдирилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маҳаллалар бюджетини мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди. Жорий йил маҳаллалар бюджетига 600 миллиард сўм маблағ қолиши режа қилинган эди.

Июнь ойидаги Президент фармони билан маҳаллада қоладиган ер ва мол-мулк солиғининг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилди. Санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш учун жарималарнинг 10 фоизи маҳаллага тушадиган бўлди.

Шунингдек, 5 минг квадрат метргача бўш биноларни маҳалланинг ўзи сотувга чиқаришига рухсат берилди. Бунинг ҳисобидан маҳаллалар бюджетига яна 405 миллиард сўм тушади.

Энди маҳалладаги нотурар объектлардан тушган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига берилади. Бу орқали маҳаллалар ихтиёрида йилига яна 400 миллиард сўм маблағ қолади.

Йил давомида энг кўп тадбиркорларни рўйхатга олган, энг кўп янги иш ўрни яратган, тушум даражаси энг юқори бўлган ва энг кўп қўшимча солиқ базаси топган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.

Умуман, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар бюджетига тушум бу йил 1 триллион 600 миллиард сўмга, келаси йилдан эса 2 триллион сўмга етади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид