Жамият | 09:46
909
2 дақиқада ўқилади

Ҳар бир раҳбар биттадан маҳаллага масъул бўлади

Ўзбекистонда мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ўтказилади. Унинг доирасида ҳар бир вилоят ва туман раҳбарига биттадан маҳалла бириктирилиб, ободонлаштириш ва озодалик ишларини ташкил этиш вазифаси юкланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда таъкидланишича, 2026 йил мамлакатда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинган. Шу боис барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси, аввало, маҳаллаларда ва аҳоли турмушида ўз аксини топиши зарур.

Қайд этилишича, халқимиз азалдан кунни ободончиликдан бошлаган, озодалик ва саранжомлик эса файз-у бараканинг асоси ҳисобланади.

Жорий йил ватан мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу ғоя остида кенг нишонланади. Шу муносабат билан байрамни маҳаллаларда юқори кайфият ва муносиб муҳитда ўтказиш мақсадида «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» эълон қилинди.

Унга кўра, ҳар бир вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ҳамда вилоят даражасидаги ташкилотлар раҳбарлари биттадан туманни, туманлардаги масъуллар эса биттадан маҳаллани бир ой давомида назоратга олиб, озодалик ва ободонлаштириш ишларини ташкил этади.

Шунингдек, маҳаллаларда ободончилик ишларини мувофиқлаштириш мақсадида бош вазир раҳбарлигида республика штаби тузилади. Ҳудудий штабларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади.

Йиғилишда бу ташаббус фақат бир ойлик акция сифатида эмас, балки йил давомида изчил амалга ошириладиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид