Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда давлат хизматлари тизими янада соддалаштирилади
Президентнинг янги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиб, фуқаролар учун бир қатор янги қулайликлар яратилади. Ҳужжатда кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, нотариал хизматлар, шахсий маълумотларни янгилаш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва реклама соҳасини тартибга солишга оид муҳим ўзгаришлар белгиланган.
Президентнинг «Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат давлат хизматларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва рақамли хизматларни кенгайтиришга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби такомиллаштирилади. Шунингдек, айрим ҳолатларда давлат рўйхатидан ўз вақтида ўтказилмаган ҳуқуқлар учун маъмурий жавобгарлик енгиллаштирилади ҳамда мерос ёки ҳадя тартибида олинган турар жойни сотишда солиққа оид қўшимча қулайликлар жорий этилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган санаси ўзгарганда, ушбу маълумотлар давлат ахборот тизимларида автоматик равишда янгиланади. Бу ортиқча ҳужжат йиғиш ва турли идораларга алоҳида мурожаат қилиш эҳтиёжини камайтиради.
Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўчмас мулкка тақиқлар, шахс номидаги телефон рақамлари, уларга уланган пулли хизматлар ҳамда банк карталари ҳақида маълумот олиш имкониятлари кенгайтирилади. Нотариал ҳаракатлар ҳақида ҳам фуқароларга автоматик хабарномалар юбориш тизими жорий этилади.
Қарор билан реклама соҳасида ҳам янги талаблар белгиланди. Хусусан, мобил алоқа орқали реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарларини фақат фуқаронинг олдиндан берган розилиги билан юборишга рухсат этилади. Бундан ташқари, рекламани тунги вақтда тарқатишга чекловлар киритилади.
Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ва идораларга аниқ муддатлар белгиланган бўлиб, уларнинг ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бош вазир зиммасига юклатилган.
Мавзуга оид
18:50 / 16.07.2026
Автомобил ва кўчмас мулкни сотиш ё гаровга қўйишни MyGov орқали тақиқлаш имконияти яратилади
10:34 / 14.07.2026
Кучли иссиқда ишловчилар қандай ҳуқуқларга эга?
11:56 / 06.06.2026
Қурилишга рухсат олишда бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилади
09:03 / 28.05.2026