Жамият | 18:09
3364
2 дақиқада ўқилади

Зангиотадаги пропан шохобчасида содир бўлган портлаш сабаби маълум қилинди

Шохобча фақат автомобилларга газ тўлдириш учун рухсатномага эга бўлгани ҳолда, маиший газбаллонларга ҳам пропан қуйиш билан шуғулланган ва бунинг учун қўлбола ўтказгичдан фойдаланилган. Айнан маиший газбаллонларни тўлдириш вақтида шланг ёрилиб, уланган жойидан чиқиб кетган. Босим остидаги шлангнинг қаттиқ жисмга урилиши натижасида чақнаш содир бўлиб, газбаллонлар бирин-кетин портлай бошлаган. Жароҳатланган уч кишидан бири оғир, икки нафари ўрта оғир аҳволда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Видеодан кадрлар

16 июл куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган автомобилларга пропан газ тўлдириш шохобчасида портлаш рўй берганди. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси портлаш тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Зангиота тумани Эркин МФЙ ҳудудида, Катта ўзбек тракти кўчасида жойлашган "Оҳангарон газ тўлдириш шохобчаси" МЧЖга қарашли автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасига фақат автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш фаолияти учун рухсат берилган бўлишига қарамасдан, маиший газ баллонларига ҳам газ тўлдириш ишлари амалга оширилган.

Ҳодиса вақтида «Лабо» русумли автотранспорт воситасида олиб келинган 6 дона маиший газ баллонига суюлтирилган газ тўлдирилаётган бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 100 литрли маиший газ баллонлари қўлбола тайёрланган ўтказгич (переходник) орқали газ билан тўлдирилган.

Учинчи баллон тўлдирилаётган вақтда шланг ёрилиб, уланган жойидан ажралиб чиққан. Босим остидаги шлангнинг қаттиқ жисмга урилиши натижасида чақнаш содир бўлган ва бу газ баллонларининг кетма-кет портлашига сабаб бўлган.

Ҳодиса оқибатида 2 та газ баллони портлаган, 4 та газ баллони ёнган ҳамда механик деформацияга учраган. 3 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳатларини олган. Икки нафар фуқаронинг аҳволи — ўрта оғир, бир нафарининг аҳволи эса оғир деб баҳоланган. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳодиса жойида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А. Исоқжонов бошчилигида қўмита мутахассислари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа ваколатли идоралар вакиллари иштирокида дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Портлаш ва ёнғиннинг аниқ келиб чиқиш сабабларини белгилаш мақсадида судга оид комплекс экспертиза тайинланган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид