Жаҳон | 11:30 / 20.04.2025
11258
10 дақиқада ўқилади

Қонунийлаштирилаётган наша, таҳқирланган мигрантлар ва муҳокамадаги ҳаж – Марказий Осиё ҳафта ичида

Москвадаги асосан қирғиз мигрантлари бўлган ҳаммомда рейд ўтказилиб, орган ходимлари муҳожирларни таҳқирлади. Қирғизистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўзаро баёнот алмашмоқда. Қозоғистонда каннабис қонунийлаштирилиши кутилмоқда. Беларусда яшовчи туркман мигрантларнинг ҳужжатлари текширилади.  Ҳажга бориш қоидалари ўзгарди, тожикистонликлардан хорижий компаниялар хизматидан фойдаланмаслик сўралмоқда. «Толибон» Россиядан йўл таъмирлашни сўради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қирғизистон собиқ президентига ҳукм ўқилди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 11 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди, бироқ у жазодан озод этилган. Гап шундаки, ўтган ҳафта судда Атамбоев криминал авторитет Батукаев иши бўйича айбдор деб топилди, аммо даъво муддати ўтгани туфайли жазодан озод этилди.

17 апрел куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида собиқ президент Алмазбек Атамбоевга нисбатан «қонунга беписанд ўғри» деб аталмиш Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукми ўқилди, дея хабар берди маҳаллий матбуот.

Атамбоев Қирғизистон Жиноят кодексининг 319-моддаси (коррупция) бўйича айбдор деб топилган.

Азиз Батукаев 2006 йилда колониялардан бирида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, салкам 17 йилга қамалган эди. Тўполон чоғида депутат Тиничбек Акматбоев, Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иқматулла Пўлатов ва парламентнинг икки ходими ҳалок бўлган. 2013 йилда Батукаевга қон саратони кечки босқич ташхиси қўйилган тиббий комиссия хулосасидан сўнг озодликка чиқарилган. У зудлик билан мамлакатни тарк этиб, Чеченистонга, тарихий ватанига жўнаб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар қалбаки экани маълум бўлди, аммо Қирғизистон расмийлари Батукаевнинг экстрадиция қилинишига эришолмади.

Алмазбек Атамбоев 2011-2017-йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган, ҳокимият Сооронбай Жеэнбековга ўтганидан кейин уларнинг муносабатлари ёмонлашган ва Атамбоев мухолифатга ўтган. 2019 йилда унинг дахлсизлиги олиб ташланган ва у бир қанча жиноятларда айбланди.

Атамбоев 2020 йил июн ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилди ва эртаси куни Атамбоевга хорижга чиқишга рухсат берилди.

Қозоғистонда каннабис қонунийлаштирилиши мумкин

Қозоғистонда саноатда фойдаланиш учун техник каннабис етиштиришни қонунийлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида маҳаллий матбуот давлат ички ишлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда. Янгилик фақат таркибида юқори миқдорда гиёҳванд моддалар бўлмаган техник каннабисга тааллуқли. У қонунчилик даражасида қатъий тартибга солинади.

Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, саноат миқёсида етиштириш учун каннабис таркибидаги асосий психофаол компонент — тетрагидроканнабинол миқдори учун чегара белгиланади.

Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адиловнинг таъкидлашича, бундай миқдор гиёҳвандлик таъсирини келтириб чиқармайди, шу сабабли ноқонуний муомала учун қизиқиш ҳам уйғотмайди.

Гап фақат саноатда қайта ишлашга мўлжалланган техник каннабис ҳақида бормоқда. Наркобизнесга қарши курашиш қўмитаси тўртта лицензия берган, улардан бири Қўстанай вилоятида амалга оширилмоқда. У ерда таркибида психофаол модда бўлмаган саноат каннабисини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Шунингдек, у экиш ва култивациядан тортиб қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга келгунга бўлган бутун жараён Наркотик жиноятчиликка қарши курашиш қўмитасининг қаттиқ назорат остида бўлади.

Москвада қирғиз кишининг ҳаммомида мигрантлар таҳқирланди

Ўтган ҳафта Москвадаги ҳаммомда ярим яланғоч эмаклаб юрдирилиб, таҳқирланган қирғиз мигрантлари видеоси Қирғизистон ва Россия ўртасида сиёсий зўриқишни келтириб чиқарди. Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақиртириб, вазиятга изоҳ сўраб, элчига расмий нота топширди. Унда фуқароларга нисбатан куч ишлатиш чоралари қўллангани тўғрисида маълумот тақдим этиш ва куч ишлатиш ассосиз бўлган тақдирда, буни қилганларга чора кўриш талаби ёзилган.

Қирғизистон ТИВ ўринбосари Алмаз Имангазиев “Қирғизистон—Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши” мумкин бўлган бундай вазиятнинг олдини олишга кўмаклашишни сўраган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса бундай шафқатсиз муносабатни “муҳожирларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатгани” билан изоҳлади.

Мавжуд маълумотларга кўра, операция давомида чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган. Шу сабабли ушбу хорижликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бизнинг хавфсизлик идораларимиз ходимлари Россия қонунчилигига мувофиқ ваколатлар доирасида ҳаракат қилишган, дея маълум қилди Россия ТИВ.

Таъкидланишича, рейд режали бўлиб, муайян мамлакат фуқароларига қарши қаратилмаган экан.

Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсман Жамила Жаманбаева россиялик ҳамкасби Татяна Москалкова билан учрашув чоғида «Бодрост» ҳаммом мажмуасида куч қўллаш даражаси мувофиқлиги борасида ўз хавотирини билдирган.

Кадрларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистон фуқароларини оммавий равишда ҳибсга олаётгани, куч ишлатаётгани акс этган. Бу қанчалик асосли деган саволлар пайдо бўлмоқда, деди Қирғизистон омбудсмани Жамила Жаманбаева. 

Россия омбудсмани эса бунга аллақачон муносабат билдирганини ва унинг мурожаатидан сўнг Россия прокуратураси ва миграция идоралари «Бодрост»да содир бўлган воқеани текширишни бошлаганини таъкидлаган.

Воқеа Россия фуқаролигини олган қирғиз ҳаммомида содир бўлган. Тарқалган фото ва видеоларда куч тузилмалари ходимлари ниқоб кийган ва қўлларида қизил тасма таққан ҳолда ҳаммомдаги мижозларни калтаклаётгани, уларни ерга юзтубан ётқизиб, судралишга ёки тиззалаб ҳаракатланишга мажбурлаётгани, ҳатто ётган одамлар устидан юраётгани акс этган.

Қирғиз томони Россиядан ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чоралар кўришни ва келажакда бу каби ҳолатларга йўл қўймасликни сўраган. 

Эслатиб ўтамиз, Россияда айниқса Марказий Осиёдан келган муҳожирларга қарши шовинистик, зўравонлик кайфияти кучайиб бормоқда. Вақти-вақти билан Давлат думаси депутатлари бундай муҳожирларни ҳайдаб юборишни таклиф қилади, вазирлик эса буни депутатларнинг шахсий фикрига йўяди. Президентлар кўришганида мигрантларнинг қонуний ҳимояси ҳақида бекорга гаплашмаяпти, албатта.

 

 

Беларус туркман мигрантларнинг ҳужжатларини текширади

Беларус ҳам мигрантларни текширмоқчи. Маълум бўлишича, туркман фуқароларининг мамлакатда бўлиш қонунийлигини текширади. Бунга туркманларнинг яшаш ҳужжатларини сохталаштиргани сабаб бўлган. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан буён тўртта такси компанияси туркманлар ва бошқа хорижликларга сохта таклифномалар ва меҳнат шартномаларини сотиш билан шуғулланиб, улар орқали виза, яшаш учун рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштирган. Беларуснинг БEЛТА ахборот агентлиги бу мавзу ҳақида хабар берди. Тергов органлари юзлаб Туркманистон фуқароларининг мамлакатда бўлиши қонунийлигини текширади, деб ёзади агентлик. Сохта иш ва сохта яшаш рухсатномалари бизнесига муҳожирларнинг ўзи ҳам аралашган.

Тергов маълумотларига кўра, ўзларининг такси компанияларига хорижликларни ёллаган уч Минскли тадбиркорлар қўшимча даромад манбасини ўйлаб топишган. Баъзи муҳожирлар учун улар мамлакатга таклифномалар ва меҳнат шартномаларини фақат қоғозда беришган. «Мижозлар» мамлакатга виза олиш учун таклифномалардан, вақтинчалик яшаш ёки яшаш учун рухсатнома олиш учун шартномалардан фойдаланган, бироқ аслида улар бу компанияларда ишламаган.

Ҳужжатлар учун дастлабки тўлов 150 доллар, тахминан 3000 манат эди.

Чатларда Беларусга муаммосиз кириш ва у ерда "бюрократик қоғозлар"сиз яшаш имконияти ҳақида рекламалар тарқатилган. Шубҳали шахслар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Қўлга олинганлар 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Маълум қилинишича, гумонланувчилар терговнинг айтганини қилмоқда, уларнинг кўрсатмаси асосида ҳуқуқ-тартибот идоралари бу хизматлардан фойдаланган хорижликларнинг ҳужжатларини текширади. Бир неча юз киши бор, аксарияти Туркманистон фуқаролари. Беларус миграция қонунларини бузиш жарима ва депортация билан жазоланади ва агар Туркманистон фуқаролари ҳам била туриб сохта расмий ҳужжатлардан фойдаланганликда айбдор деб топилса, улар ҳам жиноий жазога тортилиб, ҳаттоки, бир неча йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда яшаб ишловчи чет эл фуқаролари ичида туркманлар анчагина. Масалан, 2024 йилда турли мамлакатлардан Беларусга қарийб 17 минг киши ишлагани келган. Шулардан 2 мингдан ортиғи туркманлар.

«Толибон» Россиядан советлар қурган йўлни таъмирлашни сўради

«Толибон» Россиядан советлар қурган йўлни қайта таъмирлашни сўради. Муваққат ҳукумат жамоат ишлари вазири Муҳаммад Исо Соний Афғонистондаги Россия элчиси Дмитрий Жирнов билан учрашув ўтказган. Мулоқотда совет муҳандислари қурган, стратегик аҳамиятга эга Саланг шоссесини қайта қуриш ва у ерда янги автомобил йўли учун туннел барпо этиш масаласи ҳам кўтарилган. 

Россиядан инфратузилма лойиҳалари учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси, материаллар, жумладан битум ва темирйўл таркибий қисмлари етказиб бериш борасида фикр алмашилган, деб ёзади ОАВ. Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги хабарида келишича, Россия элчиси ўз мамлакатининг ушбу соҳаларда ҳамкорликка тайёр эканини билдирган. «Толибон» делегацияси ташаббусларни янада батафсил муҳокама қилиш учун Россияга ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Саланг туннели — Саланг довони орқали мамлакатнинг жанубий ва шимолий ҳудудларини боғлайдиган Афғонистоннинг энг муҳим транспорт артериясидир. У 1958—1964 йилларда совет муҳандислари томонидан қурилган ва ҳозирга қадар Афғонистон йўл тизимининг асосий бўғини бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти