Қоидабузарларга тезкор имтиҳон, 100 фоиз овоз олган Имомали ва даладаги туркманлар – Марказий Осиё ҳафта ичида
Қирғизистонда энди йўл-ҳаракати қоидасини бузган ондаёқ ҳайдовчиларнинг билими текширилади ва тестдан ўта олмаганлардан гувоҳнома олиб қўйилади. Қозоғистонда депутатлар криптобанк очиш ташаббуси билан чиқди. Халқаро меҳнат ташкилоти Туркманистон ҳақида ҳисобот чиқарди, одамлар яна пахта теримига мажбурий жалб қилинган. Афғонистон муваққат ҳукумати АҚШни Кобулдаги элчихонасини қайта очишга чақирди, Вашингтондаги элчихонани эса «Толибон»га беришни сўради.
Қозоғистонда криптобанк очиш таклиф қилинмоқда
Қозоғистонда парламент депутати Азат Перуашев давлатда криптобанкни ташкил этиш таклифини билдирди.
Депутат бош вазир номига юборган сўровида президентнинг топшириғини эслатган. Тўқаев “рақамли активлар соҳасини либераллаштириш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлиги” тўғрисида топшириқ берган.
Депутат сўнгги йилларда криптовалюта глобал молия тизимининг ажралмас қисмига айланганини айтди. У тобора кўпроқ қозоғистонликлар рақамли валюталарга қизиқиш билдираётгани, уларга инвестиция воситаси сифатида қараётганини таъкидлади.
Аммо мамлакатда бундай активлардан қонуний фойдаланиш учун ҳуқуқий инфратузилма йўқ. Бунинг ўрнига криптовалюталар айланишига тақиқ қўйилмоқда, бу эса крипто бозорининг давлат томонидан тартибга солинмаслигига, рақамли капиталларни ноқонуний айлантириш ва яширин иқтисодиёт учун фойдаланишга олиб келади. Баъзи маълумотларга кўра, Қозоғистонда криптовалюталар билан операцияларнинг 90 фоизи қонун доирасидан ташқарида амалга оширилади, деди Перуашев.
Унга кўра, криптовалютадан фойдаланишга қўйилган тақиқ яширин бозорнинг ўсишига, ноқонуний айирбошлаш ва кулранг схемаларнинг пайдо бўлишига, солиқ тўлашдан бўйин товлашга ва ноқонуний фаолиятни молиялаштиришга олиб келган.
Бундан ташқари, Перуашев қозоғистонликлар криптофурушлар, ноқонуний платформалар, молиявий пирамидалар ва фирибгарлик лойиҳалари туфайли катта маблағ йўқотаётганини айтди. Миллиардлаб криптовалюталар ноқонуний равишда чет элга олиб чиқиб кетилмоқда ва давлат бу операцияларни назорат қилмайди, дейди у.
Бундан ташқари, яна бир депутат Екатерина Смишляева ҳам бош вазирга шундай сўров билан мурожаат қилди. У Қозоғистонда рақамли активларни тартибга солиш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Ушбу соҳани ривожлантириш инновацион иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми эканини айтди.
Қирғизистонда эса криптобанк очилиши хабар қилинмоқда. Маълум бўлишича, шу йил январ ойида “Криптобанкларни ташкил этиш тўғриси”даги қонун лойиҳаси Жогорку Кенешга келиб тушган. Ташаббускорнинг сўзларига кўра, ҳужжат Қирғизистонда криптобанк очиш мақсадида ишлаб чиқилган. Иқтисодиёт вазирлиги ҳам жисмоний ва юридик шахслар ўртасида криптовалюталарга қизиқиш ошганини маълум қилган.
Қирғизистонда йўл ҳаракатини бузганларнинг дарҳол билими текширилади
Қирғизистонда йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчиларнинг билими энди жойида текширилади. Президент Жапаровнинг матбуот котиби Асқат Алагозов бу ҳақида маълум қилди. Айтилишича, 2025 йилнинг 1 сентябридан бу амалиёт кучга киради.
Унинг сўзларига кўра, ташаббус президент топшириғи билан амалга оширилмоқда. Агар ҳайдовчи инспекторнинг саволларига тўғри жавоб бера олмаса, унинг гувоҳномаси олиб қўйилади. Ҳайдовчи қайта синовдан муваффақиятли ўтсагина, ҳужжат қайтарилади.
“Ҳайдовчи исталган вақтда автотест топшириб, гувоҳномасини қайтариб олиши мумкин. Агар биринчи уринишда синовдан ўтиш имкони бўлмаса, кейинроқ қайта топширади”, дейди Қирғизистон президенти матбуот котиби.
Янгилик йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришга қаратилган. Расмийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномаларининг катта қисми ўқитилмасдан берилган.
Кўпчилик харид орқали гувоҳномаларга эга бўлди. Ҳозир бу амалиёт бутунлай тўхтатилган ва ҳамма ўқигандан кейингина гувоҳнома олади. Бироқ йўлларда ҳали ҳам элементар қоидаларни билмайдиганлар бор, дейди расмийлар.
Лекин бу янги метод коррупцияни кўпайтириши мумкин. Президент матбуот котиби эса тест топшириш жойида видеога олинишини ҳам айтган.
Туркманистонда давлат ходимлари ва болалар мажбуран пахтага чиқарилган
Халқаро меҳнат ташкилоти Туркманистондаги пахта теримида аҳоли яна мажбурий меҳнатга жалб қилинган деб топди. Маълум бўлишича, 2024 йил кузида меҳнат ташкилотининг 40 нафар мутахассиси Туркманистондаги пахта терими даврида ишчиларни ёллаш ва меҳнат шароитлари бўйича мустақил мониторинг ўтказган. Улар давлатнинг барча беш вилояти, 472 пахта далаларида бўлган. 1762 нафар теримчи ва 472 нафар фермерлар билан суҳбатлашган. Шунингдек, кузатувчилар 379 та давлат муассасасида бўлиб, уларда 2047 нафар ходим ва 385 нафар раҳбар билан суҳбатлар ўтказган. Мониторинг натижаларига асосланган ҳолда ҳисобот тайёрланган. Унда келишича, мониторинг олиб бориш халқаро ташкилот вакиллари учун осон кечмаган, қаршиликлар бўлган.
Суҳбатда қатнашган фермерларнинг 20 фоизи теримчилар давлат идораларининг далага мажбуран чиқарилган ходимлари эканини тан олган. Яна бир гуруҳ фермерлар эса вояга етмаган болалар, тиббиёт муассасаси ходимлари ва фаррошлар ҳам далада эканини тасдиқлади. Суҳбат ўтказилган теримчиларнинг 16 фоизи давлат ишчиси экани, далага мажбуран олиб келинганини шахсий маълумотлари сир қолиши шарти билан айтган.
Кимки пахтага чиқмаса, маошидан ушлаб қолиниши билдирилган, бунга кўнганлар ҳам бор. Бундан ташқари, баъзи ташкилотлар пахтага чиқмаганларни ишдан ҳайдаш билан қўрқитган. Меҳнат ташкилоти билан гаплашган давлат идоралари раҳбарларининг 16 фоизи ростдан ҳам ходимлар пахтага жалб қилинганини тасдиқлаган. 2024 йилнинг июл ойида Туркманистон 18 ёшга тўлмай, вояга етмаганларни мажбурий равишда пахта теримига жалб қилишни тақиқловчи қонун қабул қилганди. Лекин пахта даласидаги мактаб ўқувчиларини ташкилот вакиллари ҳам, фермерлар ҳам кўрган. Маълум бўлишича, теримчиларнинг 90 фоизи аёллар.
«Толибон» АҚШни Кобулдаги элчихонасини қайта очишга чақирди
«Толибон» Афғонистонда ёпилган АҚШ элчихонасини қайта очиш бўйича музокара қиляпти. Муваққат ҳукуматнинг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Вашингтондаги элчихонани «Толибон»га топшириш, Кобулдаги элчихонани қайта очиш бўйича мулоқот бўлаётганини Ал-Арабиа нашрига маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, бу икки масала Кобулга ташриф буюрган Америка делегацияси билан кўриб чиқилди. Толиблар айни пайтда Вашингтоннинг жавобини кутмоқда.
Бу музокаралар – ўзаро тушунишнинг бошланиши. Маълумки, Кобулга келган делегация баъзи масалалар билан АҚШга қайтди. Американинг кейинги қадамлари қандай бўлишини кўришимиз керак, деган Мужоҳид Ал-Арабиа нашрига. «Толибон» жон-жаҳди билан АҚШга яхши кўринишга уринмоқда. Ҳукумат расмий вакили Кобул Вашингтон билан уруш бобини ёпганини ҳам айтди. У Кобул ва Вашингтон ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва муносабатларни ривожлантириш учун АҚШни Кобулдаги элчихонасини қайта очишга чақирди.
Президентнинг ўғли парламентга 100 фоиз овоз билан қайта сайланди
Тожикистон президентининг ўғли, Душанбе мэри Рустам Имомали 100 фоиз овоз билан мамлакат парламентига қайта сайланиб, юқори палата аъзоси бўлди. Унинг номзодини Душанбе шаҳар депутатлари илгари сурган. Амалдаги қонунчиликка кўра, Рустам Имомалининг номзоди яширин овоз бериш йўли билан парламент депутатлигига таклиф этилган. Округ сайлов комиссияси маълумотига кўра, президентнинг ўғли депутатларнинг 100 фоиз овози билан Миллий мажлисга сайланган. Шаҳар яна 4 номзодни депутатликка кўрсатган, улар ҳам 97-99 фоиз овоз билан парламент аъзосига айланди.
37 ёшли Рустам Имомали давлатда президент отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилади. Тўққиз фарзанднинг каттаси ҳисобланган Рустам 2020 йилнинг 17 апрелидан бери Парламент юқори палатаси Миллий кенгаш раиси, 2017 йилдан бери эса пойтахт Душанбенинг ҳокими ҳисобланади.
19 ёшида президентнинг Тожикистон халқ демократик партиясига қўшилган Рустам Имомали талабалик чоғидаёқ Тожикистон Иқтисодиёт вазирлигининг Жаҳон банки бўлими мутахассиси бўлиб ишлаган. Президентнинг ўғли медиага очиқ эмас, унинг чиқишлари ва тадбирлардаги иштироки тинимсиз ёритилади, аммо овози эшитилмайди. Медиада унинг гапларини дикторлар ўқийди. Тожикистондаги матбуот Рустам отасидан омма олдида чиройли нутқ сўзлаш қобилиятини ололмаган, дея гапириб келади.
Эртага, яъни 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг уч томонлама саммити бўлиб ўтади. Тарихда биринчи марта ўтказиладиган бундай сиёсий тадбир доирасида уч давлат чегара бўйича муҳим ҳужжатга имзо чекиб, чегара масалаларини ёпиши кутилмоқда. Ундан аввал, 29 март куни эса Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Олмаота шаҳрида кўришиб, мулоқот қилганди. Президент матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон–Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кўриб чиқилган.
Тавсия этамиз
Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи
Спорт | 15:30 / 01.04.2025
Контейнерни ўқув марказига айлантирган водиллик талаба ҳикояси
Жамият | 09:03 / 01.04.2025
Европа учта муаммо исканжасида қолди — Раббимов
Жаҳон | 21:00 / 31.03.2025
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
NASA космик кемаларни ҳимояловчи янги технологияни синовдан ўтказди
Фан-техника | 01:07
-
Атлантика океанида 6,5 тонна кокаин ортилган сувости кемаси тўхтатиб қолинди
Жаҳон | 00:35
-
Amazon TikTokʼни сотиб олишга ариза берди
Жаҳон | 23:40 / 02.04.2025
-
Трамп инаугурациядан сўнг илк марта Россия компанияларига нисбатан янги санкциялар жорий этди
Жаҳон | 23:09 / 02.04.2025
Мавзуга оид

11:05 / 23.03.2025
Амалдорлар қамоқхонада, тожиклар ҳам АЭС қуради, Қозоғистонга Россия дрони қулади – Марказий Осиё ҳафта ичида

11:43 / 16.03.2025
Чегара можаросига нуқта, Wizz air'дан норози туркман ва Душанбеда совет аскари стелласи – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:00 / 09.03.2025
Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:43 / 02.03.2025