Қирғизистондаги махсус кучлар давлат тўнтаришининг олди олинганини тасдиқлади. Қозоғистонда гўшт нархи кескин қимматлади, тухум импортига эса 6 ой танаффус берилди. Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолиси шикояти ортидан Роғун ГЭС қайта текширилади. Тожикистонда энди электрдан ноқонуний фойдаланганлар қамалиши мумкин. АҚШ Афғонистонга озиқ-овқат ёрдамини тўхтатди, «Толибон» мавзуни сиёсийлаштирмасликка чақирди.

 Қозоғистонда гўшт нархи кескин қимматлади

Қозоғистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Расмийлар буни Тожикистон ва Ўзбекистондан талаб ошгани билан изоҳламоқда. 2025 йил март ойи якунларига кўра, гўшт маҳсулотлари нархи 2,2 фоизга қимматлашган. Бу сўнгги уч йилдаги энг катта ойлик ўсиш бўлмоқда. Шунга ўхшаш ўсиш фақат 2022 йил апрел ойида қайд этилганди.

Остона шаҳри аҳолиси мол гўшти учун 2800 тенге (67 минг сўм) тўлаган бўлса, ҳозирда нархлар 3100-3300 тенгегача (тахминан 77 ва 82 минг сўмга) етмоқда. Бу кўрсаткич Ўзбекистондаги гўшт нархларига нисбатан анча пастдир.

Таҳлилчиларга кўра, гўшт нархининг ойига 1 фоиздан ошиши жуда кам учрайдиган ҳолат. Таққослаш учун: 2023 йилда гўшт йил давомида 7 фоизга, 2024 йилда эса 3,4 фоизга қимматлашган. Жорий йилда эса нархлар аллақачон 5,6 фоизга кўтарилиб бўлди.

Кескин ўсиш кетма-кет учинчи ой давом этмоқда. Январ ойида гўшт 1,1 фоизга, февралда 2,1 фоизга, март ойида эса яна 2,2 фоизга қимматлашган. Айниқса, мол ва қўй гўштининг нархи кескин ошган. Мол гўшти бир ойда 3,5 фоизга қимматлашган — бу 2017 йил февралидан бери иккинчи йирик кўрсаткичдир. Қўй гўшти эса 3,4 фоизга ошиб, максимал кўрсаткичга етган.

Расмийлар нархларнинг ошишини қўшни давлатлар хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан талабнинг ошиши билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, вазирликлар вакиллари ички бозорда гўшт маҳсулотлари тақчиллиги йўқлигини, вазият вақт ўтиши билан барқарорлашишини айтган. Ўзбекистонда ҳам мана узлуксиз гўштнинг нархи ошиб келмоқда.

Қирғизистонда давлат тўнтаришининг олди олинди

Қирғизистонда давлат тўнтаришининг олди олинди. Махсус хизматлар мамлакатда оммавий тартибсизликлар уюштиришга бўлган уринишнинг олди олинганини тасдиқлаган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб қирғиз маҳаллий нашри «АКИпресс» хабар берди. 

Ушбу тартибсизликларнинг асосий мақсади ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва кейинчалик давлат тўнтаришига уринишдир, дея таъкидлайди қўмита.