Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистон гиёҳванд моддалардан тозаланади – вазир ўринбосари жаҳон ҳамжамиятини ҳамкорликка чақирди
Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Шайх Абдул Раҳмон Самарқанддаги форум доирасида Kun.uz мухбирига берган интервюсида мамлакатда 2025 йил давомида наркобизнесга жиддий зарба берилганини маълум қилди.
Фото: Kun.uz
Самарқанд шаҳрида ўтган глобал форумда Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Шайх Абдул Раҳмон Мунир минтақадаги энг оғриқли нуқта – трансмиллий наркотрафикка қарши Кобул томонидан олиб борилаётган кескин ва муросасиз курашнинг яширин рақамларини очиқлади.
У сиёсий босим ва изоляцияларга қарамай, Афғонистон икки миллион тоннадан ортиқ заҳарли моддаларни йўқ қилишга муваффақ бўлганини эълон қилиб, халқаро ҳамжамиятни доимий танқиддан амалий ҳамкорликка ўтишга чақирди.
Вазир ўринбосари халқаро форум ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирган.
«Ушбу саммит инсониятга жиддий таҳдидлардан бири, яъни трансмиллий гиёҳвандлик ҳақида фикр алмашиш ва муҳокама қилиш учун қимматли имконият яратади. Шубҳасиз, бундай учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги қарашларни бирлаштириш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун яхши асосдир», – дейди Kun.uz мухбирига Абдул Раҳмон Мунир.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йил давомида наркобизнесга жиддий зарба берилган. Хусусан, йил давомида мамлакат миқёсида 42 мингга яқин тезкор амалиёт ўтказилиб, наркожиноятларда гумонланган 11 мингга яқин шахс қўлга олинган. Шу билан бирга, 450 та яширин лаборатория йўқ қилиниб, 2 миллион тоннадан зиёд турли хил гиёҳванд моддалар, алкогол ва психотроп воситалар муомаладан чиқарилган. Назорат тадбирлари натижасида 19 минг гектардан ортиқ майдондаги кўкнор ва гашиш плантациялари вайрон қилиниб, 28 мингдан ортиқ гиёҳванд шахс реабилитация марказларига жойлаштирилган.
Шунингдек, Афғонистон ислом амирлиги раҳбарияти томонидан мамлакатда гиёҳванд моддаларни бутунлай йўқ қилиш бўйича бир қатор фармонлар чиқарилган.
Вазир ўринбосари ўз нутқида Афғонистонда ушбу курашнинг ҳуқуқий асослари кучайтирилганини, ноқонуний фаолият учун жазо муқаррарлиги таъминланганини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, гиёҳвандликка қарши кураш жараёнини сиёсийлаштириш ёки ундан босим воситаси сифатида фойдаланиш глобал хавфсизликка зарар етказади. Шу боис, Афғонистон томони халқаро ҳамжамиятни мамлакатдаги реал вазиятни адолатли баҳолашга ҳамда изолция эмас, балки ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик тамойиллари асосида иш тутишга чақирди. Трансмиллий жиноятчиликка қарши фақат бирлашган ҳолда ва зиддиятлардан холи муҳитдагина самарали курашиш мумкинлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
22:14 / 20.04.2026
Наркотиклар энди виртуал маконда: халқаро ҳамжамият Самарқандда бирлашди
10:15 / 17.04.2026
Афғонистондан олиб келинган қарийб 9 кг опий мусодара қилинди
21:04 / 09.04.2026
Афғон қозонлари ичига яширилган 190 килограммдан ортиқ наркотик модда тўхтатиб қолинди
08:34 / 07.04.2026