Ўзбекистон | 21:54 / 20.09.2021
6438
3 дақиқада ўқилади

Суд мустақиллигини таъминлаш учун Судьялар олий кенгаши таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари чиқарилади

Фото: 123RF

Президент Шавкат Мирзиёев “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Телеграмдаги “Нигоҳ” канали хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра:

  • амалдаги судьяларнинг фаолиятини адолатли баҳолаш тизимини яратиш учун судья фаолиятининг самарадорлиги электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланишини таъминловчи аниқ мезонлар яратилади;
  • суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш учун Судьялар олий кенгаши таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари чиқарилмоқда.

Судьялар олий кенгашига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилмоқда:

  • судьялар дахлсизлиги бузилганлиги ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашилганлик ҳолатлари бўйича прокуратурага тақдимнома киритиш;
  • Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда ҳудудий малака ҳайъатларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш;
  • судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш;
  • кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадида:

  • Судьялар олий кенгаши раиси томонидан одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориш тартиби ўрнатилмоқда;
  • Судьялар олий кенгашида коррупцияга қарши курашиш вазифаси юклатилган ўринбосар лавозими ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилмоқда.

Аввалроқ Судьяликка номзодларни психологик портрети бўйича баҳоловчи дастур ишга туширилгани, бу дастур номзодларни танлаш ва тайинлашда холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгашига 2020 йил августидан буён Холмўмин Ёдгоров раислик қилмоқда. Бунгача ушбу лавозимда фаолият юритиб келган Убайдулла Мингбоев Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раислигига ўтказилган, 2021 йилнинг апрелида эса президент фармони билан Судьялар олий кенгашининг фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи аъзоси этиб тасдиқланганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид