Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши факт. Барча сукут сақламоқда
Ўтган ҳафтада Фарғона вилоятидаги ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини исботловчи аудиоёзув пайдо бўлди. Ушбу аудиоёзув Sof.uz нашри таҳририятига келиб тушган бўлиб, бу ҳақдаги хабар сайтда 21 июль, жума куни кечқурун эълон қилинди.
Ушбу аудиоёзув Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани халқ таълими бошқармасида ўтказилган йиғилишга оид бўлиб, унда туман халқ таълими мудири ўз ходимларига қўпол муносабат қилишдан ташқари, бир неча ўринларда Ўзбекистон қонунчилигига зид фикр юритган, Меҳнат Кодексидан бехабарлигини, бохабар бўлсада, қонунни ҳурмат қилмаслигини кўрсатган.
Йиғилиш ўтган ҳафтанинг чоршанба куни, бир ҳафта муқаддам бўлиб ўтган. Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова ўқувчиларнинг таълимдан кўра қишлоқ хўжалигини биринчи ўринга қўйиши - ўз ваколатига кирмайдиган масалани таълимдан устун кўриши, вилоят ҳокими буйруғига қарши чиқадиган ўқитувчиларни (мактаб директорлари) огоҳлантириши, мажбурий сотилган китобларнинг пулларини тезроқ тўлаб қўйиш кераклиги, ўқитувчиларга ёзда буғдой ўрнига картошка экишни, ўқитувчилар нафақахўрлардан ойлик маошини пластикка ўтказиб бериш сўралган аризалар олиб келишни буюришини қуйидаги аудиода тинглаш мумкин.
«Қишлоқ хўжалиги биринчи масала. Ҳар куни мактаблар тўрт нафардан, боғчалар икки нафардан одамингиз районони олдига! Ҳар куни. Мен ўзим айтаман ким-ким туришини. Мен бўлиб қўйдим уч кун, уч кундан. Биттадан директор, биттадан боғчадан келиб туради. Ўша турган одам бирга олиб борасиз. Қаерга борса, бирга олиб борасиз. Икки соат, уч соат ишлаяпти, холос. Жуда эзилиб кетгани йўқ, иссиқдан. Тепасида турмасак, уларнинг борганлардан фойда йўқ. Уларни йўлкира қилиб жўнатамиз, улар далага бориб, тутқаторга ўтирволади. Пахтани чеканка қилиш керак холос. Эртага ўша пахта бизга керак! Мени қанақа тушунсангиз тушунаверинг, эртага ўша пахта бизга керак! Эртага пахта яхши бўлса, биз қийналмаймиз, бўлмаса, биз қийналамиз. Билволинг. Фермергаям, бошқасигаям ҳеч нарса керак эмас, уларнинг мақсади бошқа. Уларни орасида виждони бори кам», дейди ўқитувчиларни пахта даласида текин хизматкордай ишлатишга буюратуриб.
У боғчаларнинг мажбурий меҳнатдаги фаоллигини мақтай туриб, мактаб ўқитувчилари давомати паст эканига эътибор қаратиб, давоматни яхшилашни талаб этади.
Мудир «вилоят ҳокимига қарши» чиқадиганлар уни олдиндан хабардор этиши шартлигини айтади: «Ўзингизча Америка очаверманг! Вилоят ҳокимига қаршимиз, унинг топшириғига қаршимиз, десангиз, марҳамат. Кириб, айтиб кетаверинг. «Мен қила олмайман бу ишни. Менга буюрманглар, мен мустасно бу топшириқдан, деб айтиб кетасиз!» дея огоҳлантиради Нишонова.
Шу билан бирга мудир таълим соҳаси ходимлари меҳнатга мажбурланаётганини тан олади: «Иккинчи экинга шартнома қилдингизми фермер билан? Картошка экар эканмиз. Нега бизни мажбур қилишаяпти, нега бизга ташланяпти. Фермер ноинсофлик қилиб, иккинчи экин учун режани сотиб оляпти. Бугун картошканинг нархи бир килоси фалон пул. Бугун боғча экса, ўзига бўлади. Мактаби экса, сотиб, сармоясига туширади, эртага бир даромад бўлади ўзига. Шунинг учун айтилаяпти. Кейин ана бозордаям 66та мактабдан бир тоннадан картошка чиқса, 66 тонна картошкани сотса, жиндай нархлар тушиб, халққа фойда бўлади, деган мақсадда қилинаяпти бу», деган мудир.
Бундан ташқари, ўқитувчилар пенсионерлардан нафақа пулларини нақд пулда эмас, пластикда беришни сўрагани ёзилган аризаларни олиб келишга мажбурланмоқда: «Маҳаллада юрманглар. Кўчада юрсангиз, кеча президент бошқача топшириқ берган, бугун сизлар бошқача иш қиляпсизлар, дейишади. Шунинг учун ҳамма ўзининг ота-онаси, яқинларига тушунтирсин. Гап-сўзлардан холи бўламиз», дейди мудир.
Аудиода мажлис иштирокчилари «Ана, ана бўлмасам», дея паст овозда эътироз билдираётгани эшитилади...
Бу аудио ҳафтанинг дам олиш кунларида тарқалгани туфайли, Кун.uz сайти давлат ташкилотлари ишга чиқишини кутишга қарор қилди. Таҳририят 24 июль, душанба куни Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги билан боғланди, вазирга бу аудиони етказиш сўралди.
Орадан икки кун ўтмоқдаки, на вазир Улуғбек Иноятов ва на унинг катта умидлар боғланган ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев бу борада баёнот берган. (Ваҳоланки, аслида бундай шов-шувли хабардан кейин душанба куниёқ вазирликда брифинг ташкил этилиб, етакчи нашрлар учун аниқ маълумотлар берилиши керак эди).
Мудирнинг сўзларидан билинадики, унга вазирлик эмас, ваколати доирасида бўлмаган ҳолда вилоят ҳокими тегишли топшириқларни бериб келади. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу қонундан ташқари ҳаракатини қандай изоҳлайди? Унинг топшириғини бажараётган мудира ўзининг асосий иши ёш авлоднинг сифатли таълим олишини таъминлаш эканини унутганми?
Улар меҳнатга мажбурлаш - жиноят эканидан хабардорми?
Эслатма: Ўзбекистон Републикасида мажбурий меҳнат Ўзбекистон Републикаси Конституциясининг 37-моддаси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси, Меҳнат кодексининг 7-моддаси, шунингдек, «Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида»ги Конвенция (1930 йил 28 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) ҳамда «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги Конвенцияга (1957 йил 25 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) кўра тақиқланади.
Фуқаролар мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасида меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима) назарда тутилган.
Меҳнат кодексининг 177-моддаси «Иш берувчининг бурчлари» деб номланади. Унга кўра, «иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас».
Шундай экан, пахта даласида ишлаш мактаб ўқитувчисининг меҳнат вазифасига кирмайди!
Ҳоким ва мудира Ўзбекистон Республикаси қонунларини қўпол равишда бузишмоқда, айтиш мумкинки, қонунларни оёқости қилишмоқда. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тегишли жазо белгиланган.
Қайд этиш керакки, кўп йиллардан буён Ўзбекистонда бюджетдан маош олувчи давлат ташкилотлари ходимлари, хусусан, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари «тили қисиқ қатлам» сифатида мажбурий меҳнатга жалб этилиши сир эмас. Бу ҳақда энди, мамлакатнинг янги даврида юзага келган шароитлар туфайли очиқ айтила бошланди.
Бунгача ҳам аҳён-аҳёнда (айтиш мумкинки, ҳаддан ошириб юборишганда) бир айбдор топилар ва у ишдан четлатилиши билан ечим топилиши кузатилган. Фарғонадаги иш бўйича ҳам балки, «эҳтиётсизлиги» учун мудир ишдан кетар, кўп эҳтимолки, бундан кейин йиғилишларга телефон ёки бошқа ёзиб олиш воситалари олиб кириш тақиқланар.
Бунга кўниб бўлмайди. Бир Фарғонада эмас, республиканинг барча вилоятларида, туманларида ўқитувчи мардикорга айлангани ҳақиқат. Энди ҳокимлар, сенаторлар, вазирлар бу шармандаликни тан олиши керак.
«Кун.uz» сайти ўқитувчилар ҳақида қайғуриб келмоқда. Сайтда шу вақтгача «Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!», «Қўли чақа, елкаси яра ва «текинхўр» ўқитувчи», «Ёзилмай қолаётган «Ўқитувчи кундалиги», «Югурдакка айланган ўқитувчи» ва бошқа бир қатор шу мавзудаги жиддий мақолалар нашр этилди.
Лекин жабрдийда ўқитувчилар чиқиб, «бизни мажбурлаб ишлатишяпти», дея норозилик билдира олмаяпти. Сайтга мурожаат қилиб, ўзларига нисбатан адолатсизликлар ҳақида айтиб берадиган ўқитувчилар учрайди, аммо улар ўз номи сайтда чиқишига рози бўлмайди ва уларнинг журъати шу ерда тўхтайди. Буни улар ишни йўқотишдан қўрқиши билан изоҳлаш мумкин.
Натижада улар мажбуран ишлатишларига мажбуран кўнишмоқда. Натижада, сенатор ўқитувчилар ободончилик ва дала ишларига мажбурий жалб этилишини инкор қилади, вилоятлардаги учрашувларда ўқитувчилар шикоят билан чиқмаётганини дастак қилади, мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очмаётганини айтади. Яна бир сенатор эса очиқчасига тозалаш ишларини кимдир қилиши кераклигини айтиб, машҳур бўлади.
Халқ таълими вазири ўз ходимларини ҳимоя қила олмаса, лавозимини топшириши керак. Сенатор халқ муаммоларидан бехабар бўлса ёки бунга кўз юмса, бу ҳақда ёлғон гапирса, у ҳам ўз ўрнига муносиб эмас. Касаба-уюшмалари мажбурий меҳнатга қарши туриш ўрнига, бу ишда бош-қош бўлар экан, бундай уюшма ёпилиши керак. Республика Хотин-қизлар қўмитаси ёки сиёсий партиялардан қандайдир муносабат кутилмайди ҳам.
Навбатдаги бу дийдиёдан кейин ҳам нимадир ўзгаришига ишонч кам. Жамиятимизда ўсмирлар ўртасидаги жанжаллар резонанс келтириб чиқариши мумкин, одамларни футбол ёки эстрада кўп қизиқтириши мумкин, аммо таълим соҳасидаги муаммолар неча йиллардирки эътибордан четда қолмоқда. Бу мавзу қайта-қайта кўтарилиб чиқилиши, аммо бир кундан кейин эътибор бошқа мавзуга қаратилиб, ўқитувчиларнинг аҳволи яна унутилиши мумкин.
Лекин ёдда тутиш керакки, ўқитувчи - ватан келажаги учун масъул шахс. Уни дам чопиққа, дам чеканкага, дам картошка экишга, дам кўча супуришга, дам металлом йиғишга, газ ва электрдан қарздорларни рўйхатга олишгаю, қарияларга пенсия тўлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга сафарбар қилар эканмиз - келажакни бой берамиз.
Ўқитувчининг вазифаси мактабда таълим беришдир. Пахта экиб, пахта ўстириб, пахта териш эмас.
Журналистнинг вазифаси жамиятда рўй бераётган адолатсизликларни жамоатчиликка кўрсатиб, давлатга саволлар бериш, ёлғон ва коррупция билан курашиб, жамиятга қарши ҳаракатларни фош этишдир.
Давлатнинг вазифаси адолатни - ҳамма ўз вазифасини бажаришини таъминлаш.
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
09:30 / 22.11.2024
“Бошида кимёга умуман қизиқмаганман” – ўқитувчилик ортидан миллиардерга айланган Моҳира Болтаева
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024