Жаҳон | 01:27 / 28.03.2020
126773
14 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Италияда қурбонлар ўн мингга яқинлашди, лекин ҳали ҳаммаси олдинда бўлиши мумкин

Коронавирус пандемияси қурбонлари бутун дунёда 27 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетди, Европанинг ўзида қурбонлар сони 19 мингга яқин. Сўнгги кунларда АҚШда вирусга чалиниш ҳолатлари кескин ошиб кетди ва мамлакат бу борада Хитой ва Италияни ортда қолдирди (АҚШда 96 616, Италияда 86 498, Хитойда 81 340 ҳолат).

Фото: Reuters

Ўлимлар сони бўйича эса қуйидагича кетма-кетлик - Италия (9134), Испания (4 934), Хитой (3 292), Эрон (2378), Франция (1995) ва АҚШ (1468). 2019 йил декабридан буён қайд этилган зарарланиш ҳолатлари сони - 590 мингдан ошди, шундан 132 мингдан ортиқ киши соғайган, 26 939 киши вафот этган.

Италия ҳукумати эҳтиёткорлик билан янги зарарланиш ҳолатлари камая бошлагани ҳақида айтмоқда (сўнгги бир кунда 5909 кишида вирус аниқланди, бир кун олдин 6150 ҳолат қайд этилганди, ундан аввалги кун янада кўпроқ), аммо вирус авж олиши чўққиси ҳали олдинда бўлиши ҳам мумкинлигидан огоҳлантирмоқда (сўнгги бир кунда 919 киши вафот этди ва бу бир кунда вирус оқибатида ўлимнинг энг юқори кўрсаткичидир).

EPA

Миллий соғлиқни сақлаш институти раҳбари Сильвио Брусаферронинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда вирусдан зарарланиш ўсиши секинлашиши қатъий чоралар натижасидир.

Шу билан биргаликда, у карантинни сусайтирмасликка чақирмоқда: «Биз ҳозирча чўққидан ўтмадик».

Италия Ғарбда қатъий карантин чоралари қўллаган илк давлат бўлганди, февраль ойидаёқ мамлакатда ҳаракатланишга чекловлар ўрнатилганди. Аввалига 3 апрелгача киритилган чекловлар яна узайтирилади.

Ҳозирда вазият нисбатан қашшоқ бўлган жанубда оғирлашган.

Римда супермаркетлар учун узун навбатлар / EPA

Вирусдан энг кўп ўлим қайд этилаётган иккинчи давлат Испаниядир. Сўнгги бир кунда Пириней яриморолида Covid-19 569 киши ўлимига сабаб бўлди.

Статистикага кўра, ўлимлар асосан кекса ёшдаги аҳоли билан боғлиқ, хусусан, қариялар уйларида ўлим ҳолатлари кўп қайд этилмоқда.

Испания - Европада вирусдан зарарланганлар сони бўйича Италиядан кейинги иккинчи ўринда. 

Шу ҳафтада Испаниядаги фавқулодда ҳолат режими 12 апрелга қадар узайтирилди -мамлакатдаги дўконлар, бошқа хизмат кўрсатиш муассасалари ва компанияларнинг катта қисми ёпилган.

Испания Соғлиқни сақлаш вазири Фернандо Симон сўнгги маълумотларга асосланиб, эпидемия барқарорлашганини маълум қилган.

«Афтидан биз энг юқори чўққини босиб ўтдик»,- деган у.

  • Мамлакатда коронавируснинг жами қурбонлари сони 4 934 кишини ташкил этмоқда. 27 март куни яна 6273 киши вирусдан зарарлангани маълум бўлди ва жами ҳолатлар сони 64 059тага етди.

Камида миллион қурбон - оптимистик сценарий
BBC’нинг фан масалалари бўйича мухбири Николай Воронин:

«Лондон Империал коллежининг сўнгги маълумотларига кўра, Covid-19 пандемиясини тўхтатиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, вирус сайёрадаги ҳар бир одамга етиб бориши мумкин. Вирус юқтириши мумкин бўлган одамлар сони 7 млрд кишига баҳоланмоқда, коронавирус қурбонлари сони эса 40 млн бўлиши мумкин.

Агар ЖССТнинг асосий тавсияларига риоя этилса, кекса ёшдагиларнинг алоқалари 60 фоизга, қолганларнинг алоқалари 40 фоизга қисқартирилса, касалланиш ҳолатлари кескин ўсишини тўхтатиш мумкн. Бу ҳолатда эпидемия қурбонлари ҳам икки баравар камайиши керак - 20 миллионгача.

Аммо олимларнинг ҳисоблашича, бу ҳолатдаям амалда барча мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимлари оғир аҳволдаги беморлар оқимига дош беролмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бундай сценарийдан қочиш учун бутун дунёда бир вақтнинг ўзида қатъий чеклов чоралари амал қилиши, аҳоли тўлиқ тест қилиниши, касаллик белгиларига эга бўлганларнинг барчаси изоляция қилиниши, жамоат транспортида ҳаракат чекланиши, жисмоний масофаланиш ва бошқа қатъий карантин чоралари қўлланиши талаб этилади.

Агар бундай чеклов чоралари етарли даражада узоқ давом этса, коронавируснинг эҳтимолий қурбонлари сони 38,7 млн кишига, агар бундай чоралар кейин ҳам қўлланиши давом этса, бу миқдор 30,7 млн кишига камайтирилиши мумкин.

Бу шуни англатадики, энг оптимистик сценарийда ҳам коронавирусдан вафот этадиганлар сони 1,3 млн кишини ташкил этади».

Францияда қатъий чоралар

 

Францияда шифокор коронавирусга тест олмоқда / AFP

Мамлакат бош вазири Эдуард Филипп янги зарарланиш ҳолатлари ошганидан ташвишдалигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат шарқида бошланган эпидемия Париж атрофига етиб келган.

Франция ҳукумати эпидемияни жиловлаш учун карантин чораларини қатъийлаштиришда давом этмоқдаа. Кўчаларда югуриш ишқибозлари ўз уйидан бир километрдан узоққа кетмаслиги ва кўчада бир соатдан ортиқ вақт қолиши мумкин эмас.

Мамлакатдаги шаҳарларда юз минглаб полициячилар патруллик қилмоқда. Карантин қоидаларини бузганларни олти ойгача қамашлари мумкин.

Журналистлар шаҳар кўчаларида ишлаш учун алоҳида рухсатномани тақдим этиши керак бўлади. Авваллари гувоҳномани кўрсатиш кифоя қиларди.

Машинада икки киши бўлиб юриш ҳам жарима тўлашга сабаб бўлади. Озиқ-овқат хариди учун бир кунда бир оиланинг фақат бир аъзоси дўконга чиқиши мумкин.

Франция шифохоналар федерацияси яқин икки кунда Париждаги шифохоналарда янги беморларга жой қолмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган. Orange мобил оператори маълумотларига кўра Парижни 1,2 млн киши тарк этган.

Пайшанба куни Францияда коронавируснинг энг ёш қурбони қайд этилди - Covid-19 16 ёшли Жули А ўлимига сабаб бўлди. Унинг опаси Le Parisien нашрига берган интервьюсида шундай деди: «Бу вирус фақат кекса ёшдагиларга зарар беради, деб ўйлашни бас қилинг. Бу мутант-вирус ҳеч кимни аямайди».

  • Францияда сўнгги бир кунда яна 3809 кишида касаллик аниқланди ва жами ҳолатлар сони 32 964тага етди, 1995 киши вафот этган.

Германия: иккидан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас

Германияда қоидалар у қадар қатъиймас. Бир уйда яшовчилар оилавий сайрга чиқиши мумкин.

Шунингдек, кўчада дўстлар ва бошқа қариндошлар билан ҳам учрашиш мумкин, аммо бу ҳолатда фақат икки киши бўлиб, 1,5 метр оралиқ масофа сақлаган ҳолда сайр қилиш керак бўлади. Буни полиция назорат қилади.

Мамлакатда коронавирусдан ўлим даражаси Европадаги энг паст кўрсаткичлардан биридир, аммо мамлакат вирусологлари вазият ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.

Немислар ижтимоий тармоқларда худди Британияда бўлгани каби дўконлар пештахталаридан барча макаронлар ва ун маҳсулотлари ғойиб бўлиб қолгани ҳақида ёзишмоқда.

  • Германияда сўнгги бир кунда яна 6933 кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 50871тага етди, ўлимлар сони - 342та.

Британиядаги инқироз

Британияда тиббий ходимлар ва керакли тиббий жиҳозлар етишмовчилиги юзага келган / GETTY IMAGES

Британияда умуммиллий карантин давом этмоқда, деярли барча дўконлар ёпилган, фақат дорихоналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар очиқ, мамлакат аҳолисига фақат зарур ҳолларда уйни тарк этиш тавсия этилган.

Лондондаги шифохоналардан бири раҳбарияти «коронавирусдан касаллланганлар цунамиси» кутилаётганидан огоҳлантирган. Шифокорлардан бирининг сўзларига кўра, тиббий муассасаларда сунъий нафас олиш аппаратлари билан таъминланган хоналар етишмаётганини маълум қилган.

Британиядаги жами беморларнинг учдан бир қисми Лондондаги шифохоналарда ётибди.

Мамлакатда тиббий ходимлар етишмовчилиги ҳам юзага келган, Covid-19 юқтирган беморлар билан алоқада бўлган шифокорлар изоляцияга кетмоқда.

Пайшанба куни британ қамоқхоналарида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Covid-19 ташхиси қўйилган 84 ёшли маҳбус оламдан ўтган.

Полиция изоляция режимини бузганларга жарима ёзиш ваколатига эга. Англияда бундай қоидабузарлик учун жарима миқдори 60 фунтни ташкил этади (икки ҳафта ичида тўланса 30 фунт), такрорий қоидабузарлик учун эса 960 фунт миқдорида жарима тўлашга тўғри келади.

Жума куни мамлакат бош вазири Борис Жонсонда ҳам инфекция борлиги аниқланди. Унда йўталиш ва ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ енгил симптомлар кузатилган, энди у Даунинг-стрит, 10 манзилидаги қароргоҳида карантинда яшайди, амм видеоалоқа орқали ҳукуматни бошқаришни давом эттиради.

Британияда Covid-19 қурбонлари сони 759 нафарни ташкил этмоқда, бу бир кун аввалгидан 181 нафарга кўп.

  • Пандемия бошланганидан буён Британияда коронавирус 14 543 кишида аниқланган. Сўнгги бир кунда касалланишнинг янги 2885 ҳолати қайд этилган.

Океанортидаги вазият

АҚШда беморлар сони кескин даражада ошиб бормоқда, 27 март куни ҳолатига кўра мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 100 минглик нуқтага яқинлашган.

Мамлакатда вирус тарқалиши маркази Нью-Йорк бўлиб турибди (беморларнинг қарийб ярми), аммо сўнгги маълумотларга кўра, Янги Орлеан, Чикаго ва Детройтда ҳам вазият оғирлашган. Вирус барча штатларга ёйилган.

АҚШда вирус қурбонлари сони 1,5 мингга яқинлашди. Шу билан бирга, 2,5 мингга яқин киши соғайган. Пайшанба куни президент Дональд Трамп унинг жамоаси ижтимоий масофаланиш бўйича қоидаларни ишлаб чиқаётганини маълум қилди.

Пайшанбага ўтар кечаси АҚШ Сенати мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион доллардан ортиқ маблағ ажратишга розилик берди. Бу Америка тарихида ҳукумат томонидан ажратилган энг катта молиявий ёрдамдир. Бу ёрдам пакети доирасида АҚШнинг ҳар бир фуқароси 1200 доллардан бир марталик ёрдам олади. Бундан ташқари, кўплаб компанияларга дотациялар ажратилади ва бу орқали улар ходимларига иш ҳақи тўлай олишлари мумкин бўлади.

Эпидемия туфайли мамлакатда ишсизлар сони барча прогнозларни ортда қолдирган ҳолда 3,3 миллионга етди. Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, ўтган ҳафтада уч миллиондан ортиқ америкалик ишсизлик нафақаси олиш учун ариза ёзган. Бундан аввалги рекорд 1982 йилда қайд этилган, ўшанда нафақага навбатда турганлар сони 695 минг киши атрофида бўлганди.

Бошқа давлатларда нима гаплар

Жанубий Корея ҳукумати мамлакат аҳолисини уйдан чиқмасликка чақиришда давом этмоқда, сўнгги кунларда вирус тарқалиши секинлашганди, аммо 27 март куни яна 91та янги ҳолат қайд этилди, 8 бемор вафот этди. Пандемия бошланганидан буён вирус юқтирганлар сони 9 332 нафар, 139 киши оламдан ўтган.

Жанубий Кореяда яна 91 кишида вирус аниқланди / EPA

Бош вазир Чон Се Гюн журналистларга, баҳор келиши билан одамларнинг уйда ўтириши қийинлашгани, аммо «узоқ вақт қийналгандан кўра, касалликни тезроқ даф этиш учун яхшиси уйда ўтириш лозимлиги» ҳақида гапирган.

Покистон бош вазири Имран Хон покистонлик ёшларнинг «Корона билан курашувчи йўлбарслар» номли гуруҳлари ташкил этилгани, уллар турли сабабларга кўра уйини тарк этолмайдиганларга зарур маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланишини маълум қилган. Айни вақтда бу мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 1331та, 9 киши вафот этган.

Токио аҳолисидан уйда қолиш сўралмоқда, сўнгги кунларда барча супермаркетларда узун навбатлар ҳосил бўлган. Токио губернатори Юрико Коикэ пойтахтда вирус тарқалиши авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Японияда январь ойидаёқ илк беморлар қайд этилган бўлсада, ҳозирга келиб жами ҳолатлар сони 1387та, 47 киши вафот этган.

Бангладешда миллионлаб ишчилар Европа ва АҚШдан буюртмалар бекор бўлгани туфайли ишсиз қолиши мумкин. Бу ҳақда Бангладеш кийимлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ассоциацияси раҳбари Рубана Ҳук маълум қилган. У халқаро компанияларни пандемия вақтида уларни ўз ҳолига ташлаб қўймасликка чақирган.

Австрия аҳолисининг катта қисми карантин шароитида яшамоқда, уларнинг аксар қисми озиқ-овқат маҳсулотлари уйга етказиб берилишида муаммоларга дуч келмоқда. Барча тегишли хизматлар тиғиз графикда ишламоқда ва янги буюртмалар бир ҳафта кейинга қабул қилинмоқда.

Венгрия пойтахти Будапештда Bike Maffia хайрия гуруҳи иссиқ таомларни уйсизлар ва қариялар учун етказиб бериш тадбирини ўтказди.

Словения ва Сербия ўртасида дипломатик зиддият юзага келмоқда: Сербия чегараларни ёпиб қўйган, Словения ҳудудида 100га яқин сербиялик қолиб кетган. Уларнинг барчаси Словенияга ишлаш учун келишган, аммо уйларига қайта олишмаяпти. Словения ҳукумати вакилларининг сўзларига кўра, уларнинг аксари автомобилларида яшашмоқда.

Эронда вирус тарқалиши яна авж ола бошлади, мамлакат барча ташқи алоқаларни тўхтатган.

Сингапур иқтисодиёти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга қисқарган.

ЖАРда уч ҳафталик карантин жорий этилди. Ҳарбийлар ва полициячилар шаҳар кўчаларида навбатчилик қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда полициячилар янги қоидаларга бўйсунишни истамаганларга куч ишлатаётгани тасвирланган видеолар ҳам тарқалди.

Кейптаун кўчаларида ҳарбийлар навбатчилик қилмоқда REUTERS

Зимбабведа Америка долларидан фойдаланишга яна рухсат берилди. Ўтган йилда мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун хорижий валюяталардан фойдаланишга тақиқ жорий қилинганди. Мамлакатда душанба кунидан карантин бошланди.

Танзанияда ёлғон маълумот тарқатган икки киши ҳибсга олинган. Улар автобусда юриб, коронавирус - аслида йўқ касаллик экани ҳақида гапиришган.

Шанба куни Киншасада - Конго Демократик Республикаси пойтахтида уч ҳафталик карантин бошланади. Аввалига одамлар тўрт кун мобайнида уйларидан чиқа олишмайди, кейинги икки кунда эса озиқ-овқат захирасини ғамлашлари мумкин бўлади.

Кения ҳукумати кийим-кечак импортига чек қўйган. Бу мамлакатдаги асосий бизнеслардан бири ҳисобланарди. Кўплаб кенияликлар секонд-ҳенд маҳсулотлар сотиладиган бозорлардан кийинишади. Бундай кийимлар асосан Европа, Шимолий Америка ва Хитойдан келтириларди.

Африка қитъасида коронавирус пандемияси бошланганидан буён 3450 киши вирус юқтирган.
 

Мавзуга оид