Иқтисодиёт | 14:40 / 21.01.2026
9181
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Хўжаев Тожикистон қўяётган савдо чекловларига жавоб чораларини истисно қилмади

Тожикистон томони Ўзбекистон қурилиш материалларига божларни оширган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев тадбиркорлар билан учрашувда бу ҳақдаги шикоятни тингларкан, агар вазият ўзгармаса, жавоб чоралари бўлишини айтди. “Божхона, [Тожикистондаги] ҳамкасбларингиз билан гаплашасиз. Агар шунақа қиладиган бўлса, биз ҳам “зеркальная мера” қиламиз. Сиз, элчимиз, уларга сигнални етказиб қўйинг”, деди у.

Ўзбек тадбиркорлари Тожикистонга экспорт қилаётган қурилиш материалларидан қўшимча божхона тўловлари ундирилаётганидан шикоят қилди. Буни эшитган бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев тегишли масъулларга Тожикистон томони билан бу масалани муҳокама қилиш топшириғини бериб, натижа бўлмаса Ўзбекистон жавоб чоралари кўриши мумкинлигини истисно этмади.

Бу ҳақда 17 январ куни тадбиркорларнинг ҳукумат аъзолари ва элчилар билан учрашувида сўз борди.

Учрашувда Knauf компаниясининг савдо директори Тожикистон, Туркманистон ва Кавказ мамлакатлари бозорларига маҳсулот экспорт қилишда муаммолар борлигини айтди.

Маҳсулотларимизни Тожикистон бозорига экспорт қиламиз. Ҳамма ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилишимизга қарамай, маҳсулотимизни захира усулида “растаможка” қилишади. Бу – маҳсулотимизнинг нархи бу бозорда 15 фоизга қиммат бўлишига олиб келяпти.

Туркманистон бозорига ҳам катта миқдорда экспортни амалга оширамиз. Янги инновацион маҳсулотларимизни у ерга олиб чиқиш, тақдимотларини ўтказиш учун ходимларимизга виза олишда ҳамиша қийналиб келганмиз. Бу масалага ҳам ечим бўлса, яхши бўлар эди.

Учинчи долзарб муаммо – Кавказ бозорига чиқиш учун логистика коридорларида нарх жуда қимматлиги. Биз қиммат транспорт сабабли бу бозорга чиқа олмаймиз”, деди Knauf вакили.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Тожикистондаги ҳолат ўзгармаса, Ўзбекистон томони ҳам жавоб чораларини кўриши мумкинлигини истисно этмади.

Агар улар шундай қилаётган бўлса, биз ҳам чора кўришимиз мумкин. Улар 15 фоиз қўшишдими?» – сўради у.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси в.б. Илёс Раҳимов вазиятга аниқлик киритди.

Улар базавий қийматни 300 доллар қилиб қўйган. Ундан ташқари, 2025 йил 1 декабрдан керамик плита маҳсулотларимиз учун тоннасига 450 доллар тўлов киритишди. Аввал логистика ва божларни қўшган ҳолда қиймат 2 минг доллар бўлган бўлса, ҳозир 12 минг долларга чиқди. Кейин [тожикистонлик] тадбиркорлар тўғридан тўғри Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилишди. Бизда ёзишмалар бор, улар ҳам бунга қарши бўляпти ва бу чораларни бекор қилишни сўраган. Лекин 2 ой ўтди, қарор ҳалигача бекор қилинмаяпти”, деди Илёс Раҳимов.

Буни эшитган бош вазир ўринбосари Божхона қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчисига топшириқ берди.

Божхона, ўзингизнинг [Тожикистондаги] ҳамкасбларингиз билан гаплашасиз. Агар шунақа қиладиган бўлса, биз ҳам “зеркальная мера” қиламиз. Сиз, элчимиз, уларга сигнални етказиб қўйинг”, деди Жамшид Хўжаев.

Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси ҳам виза масаласида амалий ёрдам берилишини таъкидлаб ўтди.

Жамшид Хўжаев Транспорт вазирлиги вакилига юзланиб, Кавказга логистика масаласида барқарорликни қандай таъминлаш ва нархни пасайтириш бўйича ўйлаб кўриш кераклигини айтди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид