Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Мубашшир Аҳмад иши бўйича суд жараёни бошланди
У дастлабки суд мажлисидаги нутқида жамоат тартибига таҳдид соладиган ва адоват қўзғатадиган материалларни тарқатганликка оид айбловларни рад этди. Тегишли рухсатсиз диний материаллар тарқатганини эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади.
19 август куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга нисбатан жиноят иши кўриб чиқила бошланди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жиноят иши судя Бобур Раҳимов раислигида кўриб чиқилмоқда.
Суд бошланиши арафасида суд залига аудио ва видеоёзиш воситаларини олиб киришга рухсат берилмади. Натижада Мубашшир Аҳмад ва унинг адвокатлари судядан журналистларнинг очиқлик принципига асосан суд жараёнида бу техникалардан фойдаланишига рухсат беришини илтимос қилди. Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев эса суд жараёни ҳақида ҳар хил нотўғри талқинлар бўлмаслиги учун рухсат бермасликни сўради.
Судянинг ажримига кўра, суд жараёни очиқ ўтади – унда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин, лекин аудио ва фото-видеоларни ёзиб олиш тақиқланди.

Шундан сўнг прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланмоқда:
- 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
- 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
- 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.
Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида диний материалларни Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатисиз тарқатганини тасдиқлади ва рухсат олмаганини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади.
У, шунингдек, қолган иккита модда бўйича айбловни ҳам тан олмаслигини билдирди.
Кейинги суд мажлиси 8 сентябрга белгиланди. Унда экспертлар иштироки кутиляпти.

Маълумот учун, 51 ёшли Алишер Турсунов ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол. Диний уламо Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.
У бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилаётган эди. Жорий 8 май куни Истанбулда қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган эди.
Мавзуга оид
19:46 / 17.12.2025
Қаловини топса, қор ҳам ёнади: безорилиги учун 8 йилга қамалган Акмал Шукуровни апелляция суди озодликка чиқариб юборди
10:22 / 13.12.2025
Ноҳақ судланган сурхондарёлик ёлғиз онанинг иши қайта кўриб чиқилади
11:05 / 12.12.2025
“Емаган сомсамга пул тўлаяпман” - сурхондарёлик аёл тергов ва суддан норози
20:51 / 10.12.2025