Жамият | 15:30 / 01.08.2020
19030
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда моддий ёрдам пуллари фақат «Темир дафтар»га киритилганларга тарқатилди. Ҳокимлик вакили вазиятга ойдинлик киритди

Вазирлар Маҳкамасининг коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида фармойиши қабул қилинди. Унда эҳтиёжманд оилаларга 150 млрд сўм тарқатилиши белгилаб қўйилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокими матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев пойтахтда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилиши масаласи юзасидан изоҳ берди.

Унинг айтишича, ҳукумат фармойишига асосан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларига икки кун муддатда ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон “Саховат ва кўмак” фонди орқали ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

“Ушбу вазифага асосан, Тошкент шаҳрига 25 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу 25 миллиард сўм маблағлар 30 ва 31 июль кунлари моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига киритилган оилаларга тарқатиб берилди. Халқ тили билан айтганда “Темир дафтар”га киритилганларга, ҳозир маҳаллаларда ҳар бир сектор назоратга олган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари “Темир дафтар”га киритилган. 

Афсуски, тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада ўтказилмагани, оммавий ахборот воситаларида бу масалани кенг ёрита олмаганимиз сабабли баъзи фуқаролар орасида ушбу моддий ёрдам ўзини қийналиб қолган деб ҳисоблаган барча одамларга тарқатилади, деган хаёлга келинган. “Темир дафтар”лар, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари шаффофлигини таъминлаш учун “Саховат аргас” электрон тизими шаклланган. Айнан мана шу тизимга киритилган муҳтож оилаларга кўмак пуллари тарқатилган. Бошқа масалалар бўйича туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари фуқаролар қабулини ўтказиб, кимга берилади, ким қандай муҳтож эканлиги тўғрисида амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Тошкент шаҳрида “Темир дафтар”ларга киритилган 20 841та оила рўйхати ўзгариб турувчандир. Шунинг учун ҳам туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарларига топшириқ берилган, унда бу рўйхатларни доимий равишда янгилаб бориш кўзда тутилган. Бу айниқса ҳозир - карантин чекловлари кучайган, кўпчилик ишсиз қолган, кўпчиликнинг ёнида маблағи қолмагани шароитида долзарб. “Саховат ва кўмак” фонди орқали ёрдам бўладиган бўлса, улар “Темир дафтар”ларга киритилса ёрдам амалга оширилади”, - деди Тошкент шаҳар ҳокими матбуот котиби.

Маълумот учун, Молия вазирлиги бир кун муддатда кўрсатилган маблағларни ажратган, бу ҳукумат ҳужжатида белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид