Ўзбекистон | 18:01 / 03.01.2022
30167
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ҳоким ёрдамчилари дам олиш кунлари ишга чақирилган. Топшириқни вилоят ҳокими ўринбосари бергани айтилмоқда

Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев дам олиш куни сифатида эълон қилинган саналарда ҳоким ёрдамчиларини ишга чақирган.

Нодир Эркаев / Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

“Дамни тушингда оласан. Қашқадарё вилояти “замҳокими” дам олиш кунлари бўлишига қарамасдан, барча маҳалла ёрдамчиларини ишга чиқишга “чорлаган”. Булар Президент белгилаб берган дам олиш кунларига ҳам тупуриб қўйишган кўринади.

Аввалроқ сўкиниб, кечалари “ZOOM” йиғилишлари билан тармоқларда трендга чиққан “замҳоким” энди одамларни қонуний дам олишга ҳам қўймайди шекилли...”, деб ёзади блогер Отабек Артиков.

Блогер ўз постига илова қилган скриншотда Қашқадарёдаги ҳоким ёрдамчилари ва раҳбарларнинг телеграм-гуруҳида Нодир Эркаев 1 январдан вилоятдаги барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаши кераклиги ҳақида кўрсатма берганини кўриш мумкин.

“1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак. Уже 2 кун йўқотдинглар, яна бир марта қайтараман, ҳамма эртадан маҳаллада хатловни бошласин. Мен кеча Қарши шаҳар Арабхона маҳалласига, бугун Косон тумани Натибаланд ва Тошкўприк маҳалласига бориб, ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишдим, жуда эътирозлар қилдим, фаолиятини тўғри йўлга қўйиш бўйича тавсиялар бердим. Ҳамма шу 3 та маҳалла ҳоким ёрдамчиларига номзодлар билан нима эътироз билдирганимни гаплашиб олсин. Эртага Қамаши туманидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишаман”, деб ёзган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Фото: Telegram / Отабек Артиков

Kun.uz ҳоким ёрдамчиларининг дам олиш кунлари ишга чақирилгани бўйича изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Аҳрор Содиқов ушбу масала юзасидан расмий муносабат тайёрланаётганини маълум қилди. Бироқ орадан икки соатдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, расмий изоҳ эълон қилинмади.

Аввалроқ Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига чигит олиб чиқишга тақиқ қўйилгани, бунинг оқибатида Каттақўрғон шаҳрида жойлашган ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Қашқадарёдан сотиб олган чигитни вилоят ҳудудидан олиб чиқолмаганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятига 2021 йилнинг ноябридан буён Муроджон Азимов ҳокимлик қилмоқда. У вилоятнинг аввалги раҳбари Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокимлигига тайинланиши ортидан ушбу лавозимни эгаллаганди. Генерал-майор ҳарбий унвонига эга бўлган Муроджон Азимов бунгача уч йил давомида Божхона қўмитасини бошқарган.

Нодир Эркаев 2021 йилнинг апрелида Қашқадарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланган, бунгача эса Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлганди. 1971 йилда Чироқчи туманида туғилган ушбу мулозим 2017–2018-йилларда Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2019 йил октябридан буён Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Ўткир Бўтаев 2021 йил апрель ойи бошида тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида ишдан олинган, президент шу куни ишдан олинган раҳбарлар давлат ишига қайтарилмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга оид