Ўзбекистон | 17:25 / 24.12.2022
26822
5 дақиқада ўқилади

Иссиқ овқатми ёки енгил тамадди – бепул овқатланиш қайси кўринишда бўлади?

Келгуси ўқув йилидан республикадаги барча мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатлантириш тизими йўлга қўйилади. Президент ўз нутқида бу тушлик шаклида бўлишига ишора қилганди. ХТВ Kun.uz сўровига жавобан бепул овқатлантириш иссиқ овқат ёки Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм мактабларида йўлга қўйилган енгил тамадди кўринишида бўлиши ҳозирча аниқ эмаслигини билдирди.

Президент Мирзиёев мамлакат парламенти ва халқига йўллаган мурожаатида келгуси ўқув йилидан бошлаб 11 та вилоят ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам ўқувчиларни бепул овқатлантириш амалиёти жорий этилишини таъкидлади. Бунинг учун бюджетдан 2,3 триллион сўм ажратилади. Жамоатчилик фаоллари ўқувчиларга бепул овқат берилиши қатор муаммоларга сабаб бўлиши ҳақидаги хавотирларини билдиришмоқда.

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига енгил тамадди кўринишидаги бир марталик овқат етказиб берилмоқда. Фото: ХТВ ахборот хизмати

“Бу таҳсинга лойиқ ташаббус. Лекин бунинг устидан давлат ёки жамоатчилик томонидан қатъий назорат ўрнатилиши керак. Ўқувчиларни бепул овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ жуда катта. Ўзбекистондаги 10 мингдан зиёд мактабда 2,3 трлн сўмга ҳеч бир муаммосиз бепул овқатлантириш тизимини йўлга қўйиш мумкин.

Бироқ бугунги кунда ҳамма соҳада кузатилаётган юлғичликлардан келиб чиқиб бу соҳадаям ўқувчиларни бепул овқатлантириш учун ажратилаётган пуллар ҳам ўзлаштирилиши мумкинлигидан хавотирдаман. Мактабда ўқувчиларга овқат бепул берилгани билан уни қайсидир аутсорсинг ёки кейтеринг фирмаси текинга етказиб бермайди. Бунинг учун давлат бюджетдан пулини тўлаб беради. Ажратилаётган каттагина маблағ кимларнингдир иштаҳасини очиб юбориши, агар қатъий назорат йўлга қўйилмаса, бундан қайсидир амалдорларнинг чўнтак-корхоналаригина фойда кўриши мумкин деб ўйлайман”, дейди блогер Фаррух Тўрамуродов

Унинг таъкидлашича, мактабларда бепул овқатлантиришни йўлга қўйиш – ошиғич ҳал қилинадиган масала эмас. Жамоат фаоли ўқувчилар рациони диетолог ва бошқа мутахассислар билан бамаслаҳат шакллантирилиши, бунда боланинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини урғулайди.

“Бу ташаббус устида диетологлар ишлаши керак. Чунки ўқувчилар орасида ҳар хил болалар бор. Баъзилар сут ва сут маҳсулотларини кўтара олмайди. Кимдир тухум ея олмайди, кимнингдир қайсидир маҳсулотларга аллергияси бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда рацион ишлаб чиқилиши керак.

Бир кунда битта ўқувчи дарс вақтида қанча килокалория энергияга муҳтожлиги аниқланиши лозим. Мана шу масалалар ҳал этилганидан сўнггина мактабларда бепул овқатланиш йўлга қўйилиши зарур. Агар овқат аутсорсинг хизмати орқали олиб келиб мактабларга тарқатиладиган бўлса, уларни тайёрлаш жараёни устидан ҳам мунтазам ва қатъий назорат ўрнатилиши лозим деб ҳисоблайман. Бу нарсалар амалга оширилмайдиган бўлса, эртага мактабларда оммавий заҳарланиш кузатилиши эҳтимоли бор.

Бор эътибор ажратилаётган пулни қандай қилиб бўлмасин ўзлаштиришга қаратиладиган бўлса, асосий масала, яъни болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, бепул овқатлантиришни йўлга қўйишда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бир четда қолиб кетишидан қўрқаман”, дейди блогер.

Тўрткўлдаги мактабларга етказиб берилаётган бир марталик овқат ота-оналар норозилигига сабаб бўлмоқда. Фото: Ижтимоий тармоқлар

Республикадаги барча мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилиши ҳақида хабарлар ортидан интернетда Беруний тумани мактабларидан бирида болаларга нонушта учун қандай емак берилаётгани акс этган сурат ва видеолар тарқалди.

Видеода болаларга нонушта сифатида берилаётган егуликларнинг сифатсиз экани яққол кўринади. Беруний туманидаги 15-мактабнинг 5 минг нафардан зиёд ўқувчисига кейтеринг хизмати асосида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи корхона раҳбари ота-оналар мурожаатидан сўнг муаммони бир кун ичида бартараф этишга ваъда берган. У ўз сўзининг устидан чиққанми ёки йўқ, ҳозирча маълум эмас.

Блогер Отабек Бакиров Тўрткўлда кузатилган ҳолатга муносабат билдирар экан, бепул нонушта маъмурчилиги ўта қиммат, самарасиз ва ўта саволли харажат эканини таъкидлаган.

“Ўта муваффақиятли кечган тарзда ҳам ҳокимларнинг чўнтаги бўлган фирмаларнинг бюджет эмадиган қўшимча даромад воситасига айланади.

Агар болаларимизнинг рациони бизни ўйлантираётган бўлса, кам таъминланганлар ва болалар пули суммасини кўпайтириш самаралироқ кўринади.

Ижтимоий ҳимоя тўғридан тўғри каналлар орқали ва приоритетлар афзаллиги чизиғи бўйлаб амалга оширилиши лозим”, деб ёзган Отабек Бакиров.

Давлат раҳбари парламент ва мамлакат аҳолисига йўллаган мурожаатида бепул овқатланиш тушлик шаклида бўлишига ишора қилган.

“Фарзанди мактабнинг ўзида бир маҳал яхши овқатланиб олса, ота-онага ҳам яхши бўлади. Кейин бола дарров уйга бормайди, математика, физикадан қўшимча дарс ўтади”, деганди президент Шавкат Мирзиёв.

Республика мактаблари ўқувчилари учун йўлга қўйиладиган бепул овқатланиш Тўрткўлдаги каби енгил тамадди шаклида бўладими ёки тушликда берилган иссиқ овқат кўринишида, ҳозирча бу аниқ эмас. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати республика мактабларида жорий этилиши кутилаётган бепул овқатланиш масаласида туғилаётган саволларга тегишли президент қарори чиққанидан сўнггина жавоб бериш мумкинлигини билдирди.

Мавзуга оид