Ўзбекистон | 20:59 / 17.12.2020
18004
7 дақиқада ўқилади

Депутатлар суд қарори устидан кассация шикоятини келтириш ҳуқуқини чекловчи қонунларни қабул қилди. Бундан мақсад нима?

Қонунчилик палатаси қабул қилган ва маъқуллаш учун Сенатга жўнатилган бир қатор қонунлардан шуни англаш мумкинки, эндиликда шахснинг суд қарори устидан кассация шикояти келтириш ҳуқуқи чекланиши эҳтимоли бор.

Фото: Kun.uz

Бунинг қўрқинчли оқибати шундаки, биринчи инстанция судининг қарори қабул қилинганидан сўнг, ушбу қарор устидан белгиланган муддат ичида апелляция шикояти берилмаса, ушбу суд қарори устидан кейинчалик умуман шикоят бериб бўлмайди.

«Ислоҳот» моҳиятини яхшилаб тушуниб олиш учун сўзимизни дастлаб суд қарори устидан шикоят қилишнинг амалдаги тартиби қандай экани билан бошласак.

Фуқаролик процессуал кодекснинг 403-моддасига кўра, суднинг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан, у қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида кассация тартибида шикоят қилиниши ва прокурор протест келтириши мумкин.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 498-моддасида, Иқтисодий процессуал кодекснинг 282-моддасида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасида ҳам шахсларнинг кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, уларнинг барчасида кассация тартибидаги шикоят апелляция тартибида кўрилмаган суд қарорлари устидан келтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Масалан, суддаги бир тараф ўзи қатнашган иш бўйича чиққан суд қароридан қарор қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолди. Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади, аммо унда юқорида айтилган процессуал кодексларда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Аммо фуқароларнинг бу ҳуқуқи ўтмишга айланиш арафасида турибди. Башарти Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилган қонунлар Сенатда ҳам шундайлигича маъқулланса ва уларни президент имзоласа.

18 декабр куни бўлиб ўтиши кутилаётган Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган бир қатор қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Улар орасида мавзуга алоқадор бўлган 6та қонун билан тегишли равишда қуйидаги ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда:

  • Конституция;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс;
  • Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс;
  • Жиноят-процессуал кодекси;
  • Иқтисодий процессуал кодекс;
  • Фуқаролик процессуал кодекси.

Айтиш жоизки, ушбу қонунлар ҳақида Қонунчилик палатасидаги муҳокамалар жараёнида жамоатчиликка айрим маълумотлар берилди. Бироқ, шу билан бирга қонунларнинг баъзи жиҳатлари, хусусан, ушбу мақолада сўз юритилаётган масала номаълумлигича қолди.

Жамоатчиликдаги ҳақли эътирозлардан сўнг, ўзини сайлаган халқ олдида масъулият ҳис қилган депутат Расул Кушербаев Конституцияга қандай ўзгартишлар киритилаётгани ҳақида қисқа маълумот берди.

Юқоридаги қонунлар номларида «суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан» деган башанг жумлалар қўлланилаётган бўлса-да, моҳиятан ушбу лойиҳалар суд қарорларини қайта кўриш институтини таъбир жоиз бўлса «ботқоққа ботириши» мумкин.

Келинг, аниқ мисоллар билан кўриб чиқсак.

«Суд ҳужжатларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида мазкур Кодекснинг:

  • 282-моддасига биринчи инстанция томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан қарор апелляция тартибида кўриб чиқилиб, қонуний кучга кирганидан сўнг кассация шикояти (протести) бериш мумкинлиги;
  • 285-моддасига кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси ушбу кўринишда қабул қилиниши оқибатини тасаввур қилиб кўрамиз. Айтайлик, тадбиркор иқтисодий судда судлашмоқчи. Даъво ариза судда кўрилиши учун давлат божи тўлади. Суд атайлаб ё беихтиёр ишни бир ёқлама кўриб чиқиб, тадбиркор зарарига қарор чиқарди. Тадбиркор узрсиз сабаблар билан апелляция тартибида шикоят киритиш муддатини ўтказиб юборди.

Амалдаги қонунчилик бўйича эса тадбиркор апелляция шикояти беришга кечиккан бўлса, унда кассация шикояти бериш ҳуқуқи ҳам бор (6 ой ичида). Бу муддат оралиғида тадбиркор ишда ютиб чиқиш учун далиллар тўплаш имконига ҳам эга бўлиши мумкин.

Башарти, қонун лойиҳаси тасдиқлангудек бўлса, мисолда айтилган тадбиркор биринчи инстанция судининг қарори устидан белгиланган муддат (30 кун) ичида апелляция шикояти бермаса, у кейинчалик умуман шикоят бера олмайди.

Бундан ташқари, амалиётда жиноят судлари томонидан йўл қўйилган хатолар туфайли чиқарилган нотўғри ҳукмлар бир неча йил ўтиб берилган шикоят ёки протестлар асосида аниқлангани ва адолат қарор топиб, ноҳақ ҳукм қилинган шахслар оқланганига ҳам кўп гувоҳ бўлганмиз.

Таклиф этилаётган ўзгартишлар билан суд ҳукми устидан шикоят (протест) бериш муддати 1 йилдан 20 кунга қисқартирилиши мумкин. Бу – суд томонидан ноҳақликка учраган ва келгусида учраши мумкин бўлган шахсларнинг ҳуқуқига хиёнат бўлади, деб айтсак хато бўлмайди.

Юқоридагиларга ўхшаш мисолларни фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам етарлича келтириш мумкин.

2020 йил 24 июлдаги президент фармонида, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш ҳақидаги кўрсатма мавжуд эди.

Аммо, бу фармон бутун бошли назорат инстанциясини институт сифатида тугатиш эвазига фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларига дахл қиладиган механизмни жорий этишни назарда тутмаган эди, назаримизда.

Суд қарорларидан шикоят қилиш институтининг бу тарзда кескин ўзгариши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига ҳам зид.

Декларацияда шахснинг қонун билан берилган ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ўз ҳуқуқини судлар орқали самарали таъминлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ўзи бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда айнан қайси хорижий давлатлар тажрибасига таянилган? Ёки ислоҳот қилишдан мақсад – суд қарорлари устидан бўладиган шикоятларни «чопиш» орқали судларнинг иш ҳажмини камайтириш холосми?

Айтиш лозимки, шахсни иккинчи инстанциядаги танлов имконияти (апелляция ёки кассация танлови)дан маҳрум қилиб, иш кассация тартибида кўрилиши учун аввал апелляция «дарвозасидан» ўтилишининг мажбурий этиб белгиланиши шахсларнинг Конституция ва умумэътироф этилган халқаро нормалардаги одил судловга бўлган ҳуқуқларини чеклаб, давлатимизнинг халқаро майдондаги имижини кескин тушириб юборади.

Қолаверса, одил судловга бўлган ҳуқуқлари чекланган халқнинг давлатга, судга бўлган ишончи пасайиб, адолатни бошқа жойдан излашига сабаб бўлади.

Сўзимиз якунида Сенат аъзоларидан 18 декабрь куни бўладиган ялпи мажлисда қонунларни танқидий кўриб чиқишларини сўраб қоламиз. Зеро, одил судлов ҳуқуқига оид ҳар бир янги норма халқ манфаатларини тўла ифода этиши зарур.

Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос

Мавзуга оид