Ўзбекистон | 16:06 / 06.03.2020
19772
16 дақиқада ўқилади

«Навоий КМК» ислоҳ қилинади - Президент қарори

Президент “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: Jihoz-vent.uz

“Навоий КМК” ДКда давлат органлари вакиллари, халқаро ва мустақил консультантлар, аудиторлар ва баҳоловчилар иштирокида:

а) қуйидагилар:

Ҳисоб ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар (ISAR) принциплари ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотларни ошкор қилиш тизимини жорий этиш;

Глобал ҳисобот ташаббусига (GRI) мувофиқ, шу жумладан иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича ҳисоботларни чоп этиш;

Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ захираларни қайта баҳолаш бўйича ишлар бошланган;

б) “Навоий КМК” ДК мулки ва мулкий ҳуқуқлари рўйхатини тасдиқлаган ҳолда корхонанинг мол-мулкини хатловдан ўтказиш якунланган.

“Навоий КМК” ДК, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

а) “Навоий КМК” давлат корхонаси номланишини табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси - “Навоийуран” давлат корхонасига ўзгартириш;

б) бир ой муддатда “Навоий КМК” ДК мол-мулкининг қисми негизида:

қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, акциядорлик жамияти кўринишидаги “Навоий КМК” акциядорлик жамияти (“НКМК” АЖ) ишлаб чиқариш корхонасини;

“НКМК жамғармаси” давлат муассасасини таъсис этиш.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Навоий КМК” ДКнинг:

эмулсиявий-портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи мулкий комплексни “НКМК” АЖ тасарруфига берилишини инобатга олган ҳолда, “НКМК” АЖ таркибига бериладиган;

“НКМК жамғармаси” ДМга бериладиган объектлар, шу жумладан агроучасткалар ва ёрдамчи объектлар, меҳмонхоналар, ҳаммом ва тозалаш хўжалиги объектлари, ишлаб чиқариш цехлари, омборхона иншоотлари, шунингдек, бошқа тижорат объектлари ва қимматбаҳо қоғозлар (асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлар) ва ижтимоий инфратузилма, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги объектлари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, хизмат турар жойлари ва ётоқхоналари (ижтимоий инфратузилма объектлари) рўйхатини тасдиқлайди.

“Навоий КМК” ДК ўз кузатув кенгаши ва Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда “Навоий КМК” АЖ акциялари қийматини тўлашда бадал сифатида қўйилиши лозим бўлган “Навоий КМК” ДК мол-мулки ва мулк ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси мол-мулкни баҳолаш миллий стандартларига мувофиқ баҳолашни якунлайди.

Белгиланишича:

а) Агентлик “НКМК жамғармаси” ДМ ва “Навоийуран” ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади;

б) “НКМК” АЖ устав капитали таъсисчи томонидан “Навоий КМК” ДК оператив бошқарувидан мулк ва мулкий ҳуқуқларнинг қисмини, шунингдек, асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда, “Навоий КМК” ДК томонидан “НКМК” АЖ фойдасига бериладиган қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни олиш ҳамда ушбу мулк ва мулкий ҳуқуқларни “НКМК” АЖ акциялари қийматини тўлаш ҳисобига берилиши эвазига шакллантирилади. Бунда “Навоий КМК” ДК мулки ва мулкий ҳуқуқларини “НКМК” АЖ устав капиталига бериш 2019 йил 1 март ҳолатига ўтказилган якуний хатлов далолатномаси ва 2019 йил 30 июнь ҳолатига баҳолаш натижалари бўйича хулосалар асосида амалга оширилади;

в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “НКМК” АЖ устав капиталидаги давлат улушининг акциядори (таъсисчиси) функциясини бажаради;

г) “НКМК жамғармаси” ДМ мулки таъсисчи томонидан “Навоий КМК” ДК оператив бошқарувидан унинг мулки қисмини асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда олиш ва кейинчалик ушбу мулкни “НКМК жамғармаси” ДМга оператив бошқарувга бериш орқали шакллантирилади;

д) “НКМК” АЖ ва “НКМК жамғармаси” ДМ амалдаги шартномалар бўйича асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳамда учинчи томон билан келишилган ҳолда “Навоий КМК” ДКнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади, бунда барча кредит шартномалари (кредиторлар билан келишилган ҳолда) “НКМК” АЖга ўтказилади, “Навоийуран” ДК эса асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда қолган шартномалар бўйича “Навоий КМК” ДК ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишни давом эттиради;

е) “Навоий КМК” ДК ходимларининг “НКМК” АЖ ва “НКМК жамғармаси” ДМга ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Бунда:

“НКМК” АЖ ва “НКМК жамғармаси” ДМга ўтган ишчи ходимлар билан янги меҳнат шартномаси тузиш талаб қилинмайди, амалдаги меҳнат шартномасига зарур ўзгартиришлар эса иш берувчи томонидан белгиланган тартибда киритилади;

ўтказилган ишчи ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, моддий ёрдам ҳамда қонун билан белгиланган район коэффициентлари сақлаб қолинади;

“НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК, “НКМК жамғармаси” ДМ ишчи ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун илгари “Навоий КМК” ДК ишчи ходимлари учун ўрнатилган ижтимоий инфратузилма объектларидан, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш объектлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда хизмат турар жойлари, ётоқхоналар ва бошқа объектлардан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи тўлалигича сақлаб қолинади;

беш йил давомида “НКМК жамғармаси” ДМ ихтиёрига берилаётган “Навоий КМК” ДК ишчи ходимлари сонини қисқартириш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолият турини ўзгартиришга йўл қўйилмайди;

“Навоий КМК” ДКдан пенсияга чиққан шахслар ҳамда “НКМК” АЖ, “НКМК жамғармаси” ДМ ва “Навоийуран” ДКда фаолият юритаётган барча ходимлар учун қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёзлар, шунингдек, товон, компенсация ва нафақаларнинг барча турлари (меҳнатда майиб бўлганлик, касб касалликлари, соғлиққа шикаст етганлик, бола парвариши ва бошқалар учун) сақлаб қолинади;

ж) “НКМК жамғармаси” ДМга берилаётган асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлардан ташқари ижтимоий инфратузилма объектларини беш йил давомида хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.

“Навоий КМК” ДК ишчи ходимларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича комиссия ташкил этилди.

Қуйидагилар устидан назорат қилиш Комиссиянинг асосий вазифаси этиб белгиланди:

“Навоий КМК” ДК қайта ташкил этилиши даврида “НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК, “НКМК жамғармаси” ДМ ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари, имтиёзлари ва кафолатларига риоя этилиши;

меҳнат шартномалари шартларига риоя этилишини ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларини таъминлаш чоралари кўрилиши;

“НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ меҳнат шартларига кўра иш ўринларининг аттестация карталари ўз кучида қолиши қисмида қонун талаблари бажарилишини таъминлаш.

Комиссия бир ой муддатда “НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамалар, моддий ёрдам, шунингдек, район коэффициентлари ва бошқа ижтимоий имтиёзлар сақланишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Агентлик билан биргаликда икки ҳафта муддатда “НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ фаолиятини ташкил қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди;

Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар самарали бошқарув тизимини жорий этиш, молиявий-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш ва 2025 йилгача бўлган муддатга инвестиция дастурини тасдиқлашни назарда тутган ҳолда “Навоийуран” ДК фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

2020 йил 15 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

“НКМК” АЖнинг маъдан захиралари ва захиралар ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари, техник ҳисоботлари, конларнинг камайиши (истиқболли майдонлар) тўғрисидаги ҳисоботлари, кон ишлари бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодексига (JORC Code) мувофиқ тайёрланади ҳамда улар эълон қилиниши шарт;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан лицензиялар беришда Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартлари бўйича “НКМК” АЖ ҳисоботлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилмалари захираларининг давлат балансида ҳисобини олиб бориш учун белгиланган тартибда тайёрланган захиралар бўйича маълумотлар қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурида назарда тутилган “Навоий КМК” ДК инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Халқаро молия институтлари ва банкларнинг қарз маблағлари, жумладан кредитлар, облигациялар, еврооблигациялар, лизинг ҳамда қонунчиликда рухсат этилган қарзни молиялаштиришнинг бошқа турларини жалб этиш “НКМК” АЖнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни молиялаштиришнинг қўшимча манбалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “НКМК” АЖ билан бирга 2020 йил 1 майга кадар:

“НКМК” АЖ молиявий ҳисоботларини молиявий ҳисобот юритишнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрлаш ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказиш ишларини якунлаш;

“Навоий КМК” АЖда савдоларнинг рентабеллик даражаси, активлар, актив ва мажбуриятлар айланмаси ҳамда халқаро фонд биржалари ва молия институтлари талабларига мувофиқ аниқланадиган бошқа кўрсаткичларни ошкор этиш амалиётини татбиқ этиш ишларини якунлаш;

2020 йил 1 ноябрга қадар камида 300 миллион АҚШ доллари миқдорида корпоратив еврооблигациялар чиқариш бўйича аниқ чоралар кўрган ҳолда “НКМК” АЖнинг молиявий бошқаруви тизимини янада ислоҳ қилишни назарда тутувчи “Йўл харитаси” лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

икки ой муддатда “НКМК” АЖда, шу жумладан кузатув кенгашига икки нафар мустақил аьзони тайинлаш, кузатув кенгаши қошида қўмиталар ташкил этиш, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги низом ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бошқа ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарувнинг энг самарали амалиётлари татбиқ этилишини;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг даромадларини кўпайтиришни ва иқтисодий самарадорликни инобатга олган ҳолда, қазиб чиқариш бўйича иқтисодий самарадор режа, қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, операцион ва капитал харажатларни камайтириш чораларини ўз ичига олувчи “НКМК” АЖ ишлаб чиқариш дастури ва молиявий режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминлайди.

Шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қимматбаҳо металлар активларини тўлдириш мақсадида “НКМК” АЖдан аффинланган қимматбаҳо металларни олди-сотди шартномаси асосида харид қилишда устувор ҳуқуққа эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аффинланган қимматбаҳо металларни харид қилишни рад этган тақдирда, “НКМК” АЖ Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси билан келишган ҳолда аффинланган қимматбаҳо металларни Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциацияси савдоларида юзага келган нархларда учинчи шахсларга сотиш ҳуқуқига эга.

Янги ташкил этилаётган юридик шахсларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида:

Давлат геология қўмитаси икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри музокаралар асосида, очиқ савдолар ўтказмасдан ва тўловлар олмасдан, “Навоий КМК” ДК буюртманомаларига ва мувофиқ рўйхат бўйича фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва геологик ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензиялар берилишини таъминлайди;

Давлат геология қўмитаси “НКМК” АЖ ва “Навоийуран” ДК буюртманомалари асосида ўн кун муддатда “Навоий КМК” ДКга тегишли бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни мос равишда “НКМК” АЖ ва “Навоийуран” ДКга бериш ва қайта расмийлаштириш тартиб-таомиллари бажарилишини таъминлайди;

“НКМК” АЖга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, фақатгина кредит ва қарз маблағларини кўчириш ҳамда уларни сўндириш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисоб рақамлари очишга ва улардан фойдаланишга рухсат этилди;

2021 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, “НКМК” АЖга Давлат геология қўмитаси, шу жумладан Давлат геология қўмитаси тизимидаги акциядорлик жамиятлари этиб қайта ташкил қилинаётган давлат корхоналари билан геология-қидирув ишларини бажариш бўйича шартномаларни техник шартлар/спецификациялар, иш ҳажмлари ва тузилган шартномаларни мажбурий экспертизадан ўтказмасдан, рақобатлашув асосида харид қилиш тартиб-таомилларисиз тўғридан-тўғри шартномалар орқали тузишга рухсат этилди.

Давлат геология қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “НКМК” АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар кўрсатилган объектларни босқичма-босқич геологик ўрганишни назарда тутувчи узоқ истиқболга мўлжалланган геология-қидирув ишлари дастурини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

“НКМК” АЖ ва “Олмалиқ КМК” АЖ билан биргаликда 2020 йил якунига қадар янги очилаётган Геология фанлари университети қошида геоинновацион илмий-тадқиқот маркази ташкил этилишини таъминлайди.

Мавзуга оид