Ўзбекистон | 16:34 / 04.02.2022
51051
4 дақиқада ўқилади

Навбатдаги «Андижонча тажриба»: «Виждон хати» ёзган раҳбарлар, тунги гулханларга мажбурланаётган ўқитувчи ва ўқувчилар

Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида ўқитувчилар тунда ўтказилаётган «Гулхан атрофида» тадбирларига мажбур этилмоқда. Уюшмаган ёшлар учун, дея аталаётган тадбирларда мактаб ўқувчилари ўз рақслари билан кўриниш берган.

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов эса тадбирларда расм ва видеотасвирларни тарқатган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик қилиш»да айблади.

Андижон вилоятидаги барча туман-шаҳарлардаги таълим муассасаларида ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари ва маҳалла аҳли билан «Гулхан атрофида» номи остида оммавий тадбирлар ўтказилаётгани ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Айрим ўқитувчилар мазкур тадбирларга мажбурланаётгани, раҳбарлар эса 22:00 гача таълим муассасасида ушлаб қолинаётгани ҳақида ўз эътирозларини билдиришган.

Бироқ вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур иддаоларни кескин рад этиб, тадбир маҳаллалар ва у ерларда янги ташкил этилган ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилаётганини таъкидлади. Аммо вилоят таълим муассасалари ходимларининг Facebook’даги саҳифаларини кузатар экансиз, бу тадбирларда асосан мактаб ўқитувчилари иштирок этаётганини кўриш мумкин.

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Шунингдек, мазкур тадбирларда мактаб ўқувчиларнинг ҳам иштироки кузатилмоқда.

Жумладан, Асака тумани 30-умумтаълим мактабидаги кечки тадбирларда юпун кийинган ўқувчиларнинг рақс тушаётгани интернет саҳифасига жойлаштирилган.

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Энг қизиғи, мазкур тадбирлар ортидан таълим муассасалари раҳбарларига оммавий тарзда «Виждон хати» ёздирилмоқда.

Таҳририятимизга келиб тушган мана шундай хатлардан бирида директор ва унинг ўринбосарлари тадбирларда виждонан иштирок этишга ваъда бериши ҳақида ёзилган.

Ушбу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ортидан вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов мурожаат билан чиқди ва ўз мурожаатида гуруҳлардаги расмларни тарқатаётган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик қилиш»да айблади.

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

«Сиз ниманинг ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз? Онлайн дарсни назорат қилдингизми ёки бирор ўқувчининг ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми? Сизларга иш бўлмаса-да, фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз. Таълим сифатига ҳам ана шундай фидойилик билан ёндашганингизда Андижон таълими юксалармиди?

Иш қилмасдан гуруҳлардаги расмларни кимларгадир ташлаб бериб нима фойда кўрасиз? Ўз ишингизни уддалай олмасангиз, ҳеч бўлмаса ишлаганларга халақит бермай турсангиз яхшимиди?

Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти томонидан ташкил этиляпти. Виждонли ва диёнатли ўқитувчиларимиз эса ўқувчиларининг ўзлаштириши билан банд. Уларга бошим ерга теккунча таъзимдаман.

Камчилик излаётган айрим бекорчиларга эса (устоз дейишга тилинг бормайди — А.М.) инсоф тилаб қоламан, группалардаги расмларни ташишда давом этинг», — деган бошқарма бошлиғи ўз мурожаатида.

Қизиқ, агар бу тадбирлар хўжакўрсин ва ҳисоботлар учун эмас, қонуний тарзда, ниманидир тарғиб қилиш учун ўтказилаётган бўлса нега улардан фото ва видеотасвирлар маҳаллий раҳбарларни бу тарзда хижолат қилмоқда? Нега тадбирлардан сурат олиб ижтимоий тармоқларга тарқатаётган ўқитувчилар мулзам қилинмоқда?

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Андижон вилоятида бундай жонбозлик кўрсатилиши биринчи марта эмас. Аввалроқ, Жалақудуқ туманидаги 1-ИДУМИ ўқитувчиларининг ритмик рақси кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан эса Асака туманида директорлар маҳалладаги ишсизларни ишга жойлаштиришга мажбур қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бу хабарлар юзасидан Андижон вилоят ХТБ муносабат билдирмаган эди.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид