Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
2003 йил июлда Ироққа бостириб кирган америкалик ҳарбийлар Саддам Ҳусайннинг ўғиллари яширинган уйни топиб боради. Бинога аввал ракета зарбаси берилади. Шунда Саддамнинг икки ўғли ҳалок бўлади. Америкаликлар уйга кирмоқчи бўлганида қаттиқ қаршиликка дуч келади ва қурбонлар беради. Ўшанда уларга қарши Саддамнинг набираси, 14 ёшли Мустафо жанг қилганди.
Бундан 21 йил олдин, 2003 йил 20 март куни АҚШ ҳарбийлари хавфли кимёвий қуроллар ишлаб чиқаряпти деган даъво билан Ироққа бостириб киради.
Ўшанда АҚШ ҳарбийларининг ёнида ўнлаб давлатлар ҳарбийлари ҳам бўлган. Тенг бўлмаган жангларда Ироқ армияси енгилади. Мамлакат президенти Саддам Ҳусайн АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинади.
Сўнг суд қилиниб, қатл этилади. Кейинчалик Ироқдан бирорта ҳам жиддий қурол топилмайди ва АҚШнинг айбловлари нотўғри бўлгани исботланади. Бироқ бу пайтда дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Ироқ вайронага айланиб бўлганди.
Босқиндан олдинги вазият
2000 йилда АҚШда ўтказилган сайловларда Жорж Бушнинг ўғли Кичик Жорж Буш ғалаба қозонгач, у Ироқ билан муносабатларни кескинлаштира бошлади.
Кичик Буш ўз чиқишларида Ироқда инсониятга хавф солиши мумкин бўлган кимёвий қуроллар ишлаб чиқарилаётгани, Саддам Ҳусайн тузуми ядро қуроли яратиш устида ишлаётгани ҳақида гапира бошлади.
2001 йил 11 сентябр куни АҚШда террорчилар бир нечта самолётларни олиб қочади ва турли биноларга олиб бориб уради. Оқибатда Ню Йоркдаги эгизак бинолар қулаб тушади. Пентагон биноси шикастланиб, кўплаб инсонлар ҳалок бўлади.
Шундан сўнг Кичик Буш маъмурияти ҳужумни «Ал-Қоида» аъзолари амалга оширганини, бу ташкилот Афғонистонда қўним топганини айтиб чиқади. Кўп ўтмай АҚШ армияси бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари Афғонистонга бостириб киради.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда ўша пайтда мамлакатнинг асосий қисмини эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати билан жанг олиб борар экан, Кичик Буш Ироққа ҳам бостириб кириш режасидан воз кечмаганди.
2002 йилнинг кузига келиб Кичик Буш маъмурияти Ироққа бостириб кириш учун ўзига тарафдорлар йиға бошлади. АҚШнинг Ироққа бостириб киришини ўша пайтда дунёнинг 50 дан ошиқ давлати қўллаб-қувватлайди (улар орасида Ўзбекистон ҳам бўлган).
Ироққа босқин
2003 йил 18 март куни Жорж Буш Саддам Ҳусайнга ултиматум эълон қилади. Унга кўра Саддам 48 соат ичида Ироқни тарк этиши керак эди. Ироқ президенти бу шартни писанд қилмайди.
2003 йил 20 март куни АҚШ ҳарбийлари Ироққа бостириб киради. Ироққа қарши урушга бир қанча араб давлатлари ҳам қўшилган бўлиб, коалициянинг бош штаби Қатарда жойлашган эди.
Уруш бошланганидан уч ҳафта ўтиб, 9 апрел куни Бағдод эгалланади. Ироқ армиясининг сўнгги бўлинмалари Саддам Ҳусайн туғилган Тикритда йиғилиб қаршилик кўрсатади. 15 апрел куни бу шаҳар ҳам ишғол қилинади. Шундан сўнг Ироқ армияси қаршилик кўрсатишни тўхтатади.
2003 йил 1 май куни АҚШ президенти Кичик Жорж Буш халқаро коалиция кучлари Ироқда ғалаба қозонганини эълон қилади.
Мустафо Саддамнинг қаҳрамонлиги
Гарчи АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги урушда ғалаба қозонганини эълон қилган бўлса-да, Саддам ва унинг ўғиллари ҳали топилмаганди.
Саддам Ҳусайннинг уч ўғли бўлган. 1964 йилда туғилган Удай, 1966 йилда туғилган Қусай ва 1980 йилда туғилган Али. Айрим маълумотларга кўра, Али Саддамнинг ўғли эмас, набираси бўлган.
Удайнинг фарзанди бўлмаган. Қусайнинг Ҳасан, Умар ва Мустафо исмли ўғиллари ва Зайнаб исмли қизи бўлган. АҚШ Ироқни босиб олар экан, Қусайнинг кенжа ўғли, 14 ёшли Мустафо бирданига машҳур бўлиб кетади.
Гап шундаки, 2003 йил июл ойи охирроқларида америкалик ҳарбийлар Саддам Ҳусайннинг икки ўғли ва набираси яширинган уйни аниқлашга муваффақ бўлади.
Улар Саддам Ҳусайннинг амакиваччаси бўлган Наваф ал-Зайдоннинг Мосул шаҳридаги уйида эди. Кейинчалик айнан Наваф ал-Зайдон америкаликларга уйида Саддамнинг ўғиллари яширинганини чақиб бергани ҳақида хабарлар тарқалади.
Шундан сўнг Наваф ал-Зайдоннинг уйини штурм қилиш режаси ишлаб чиқилади ва 2003 йил 22 июл куни ҳужум бошланади.
Америкаликлар уйни штурм қилишдан аввал бинога ўндан ошиқ ракета зарбаси беради. Шундан сўнг у ерда тирик жон қолмади деб ўйлашади ва бинога кира бошлашади. Бино тепасида учаётган жанговар вертолётлар уларни қўллаб туради.
Шу пайтда уларга қарата тўхтовсиз ўқ узила бошланади. Шу жойда бир неча нафар АҚШ аскари ҳалок бўлади. Бошқалари яраланади.
Кейинчалик маълум бўлишича, ракета зарбалари берилган пайтда Қусайнинг ўғли Мустафо тирик қолган ва америкаликларга ўқларни у узган эди.
Жанг 6 соат давом этади ва бу вақтда Мустафо 14 нафар америкалик аскарни ўлдиришга муваффақ бўлади. Яна бир қанчаси яраланади.
Шу ерда америкаликлар Мустафони ҳам ўлдиришади. Орадан 10 кун ўтгач ироқликлар Удай, Қусай ва Мустафони Саддам Ҳусайн туғилиб ўсган Тикритнинг Ал-Авжа қишлоғидаги қабристонга яширинча дафн этади.
Кўп ўтмай жаҳон ОАВда АҚШнинг New York Tims нашри америкалик аскарлар билан 6 соат давомида жанг қилган Мустафо Саддамни “21-асрнинг энг қўрқмас ва ботир ўспирини” деб ёзиб чиққани ҳақида хабар тарқалади.
Ҳатто Англиянинг Guardian нашри ҳам бу хабарни тарқатади. Аслида эса New York Tims нашри Мустафо Саддамнинг бир ўзи америкалик аскарлар билан жанг қилгани ҳақида хабар берган, бироқ уни “21-асрнинг энг қўрқмас ва ботир ўспирини” деб атамаганди.
Гарчи Мустафо Саддамга “21-асрнинг энг қўрқмас ва ботир ўспирини” деб таъриф берилгани ёлғон бўлса-да, унинг отаси ва амакисининг ўлимидан сўнг америкалик аскарлар билан бир неча соат жанг қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақиқат.
Умумий ҳисобда New York Tims нашри Мустафо Саддамнинг ўлими ҳақида уч марта хабар берган. Ҳар учала хабарда ҳам Мустафо Саддамнинг америкаликлар билан жанг қилгани ҳақида айтилган. Лекин уларда 14 ёшли Мустафога “21-асрнинг энг қўрқмас ва ботир ўспирини” деб таъриф берилмаган.
Саддам Ҳусайннинг учинчи ўғли Алининг кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Ироқдан қочиб кетгани ва Ливан ёки Сурияда бошқа ном билан яшаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган.
Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши
Ироқ армияси мағлубиятга учрагандан сўнг АҚШ ҳарбийлари 2003 йил 13 декабр куни Саддам Ҳусайнни Тикрит шаҳри яқинидаги Ад-Даур манзилида яшириниб ётган жойидан топиб олади.
2005 йил 19 октябр куни Саддамнинг суди бошланади. Айнан уни жазолаш учун Ироқда ўлим жазоси қайта жорий этилади.
Саддамга курдларни қатағон қилиш, уларга кимёвий қуроллар қўллаш, шиа мазҳабидагилар яшайдиган ҳудудларда қатлиом ўтказиш, 1990 йилда Кувайтга бостириб кириш ва шу каби айбловлар қўйилади.
У ўзига қўйилаётган айбларнинг ҳеч бирини тан олмайди. Суд Саддамни кўплаб жиноятларда айбдор деб топади ва уни ўлим жазосига ҳукм қилади.
2006 йил Ироқ вақти билан соат 6:00 да Саддамни осиб ўлдиришга киришилади. Ўша куни мусулмонларнинг муқаддас байрамларидан бири Қурбон ҳайити эди.
Жараён АҚШдаги телеканаллардан бирида жонли кўрсатилади. Бу иш дунё мусулмонларининг ғазабини келтиради ва ўша куни дунёнинг кўплаб шаҳарларида АҚШга қарши намойишлар бўлиб ўтади.
Саддам осиб ўлдирилгандан сўнг собиқ президентнинг жасади у мансуб бўлган Абу Наср қабиласига берилади. У ўзи туғилиб ўсган Тикрит шаҳрига дафн этилади.
Урушдан кейинги уруш
Гарчи Саддам Ҳусайн ағдарилиб, Ироқ халқаро коалиция қўшинлари томонидан босиб олинган бўлса-да Ироқ аҳолиси узоқ йиллар давомида босқинчиларга қарши партизанлик урушлари олиб боради.
Бу урушлар ошкора бўлмай, асосан қўпорувчилик кўринишида бўлади. Бунда босқинчиларнинг ҳарбий техникаларига миналар ўрнатишдан тортиб, худкуш томонидан ўзини портлатиб юборишгача бўлган ишлар қилинади.
Ироқ босиб олинганидан сўнг коалицияга қўшилган турли давлатлар навбати билан у ердан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлайди.
2011 йил 15 декабрига келиб Барак Обама президентлиги даврида АҚШ Ироқ ҳарбий кампанияси якунлангани ҳақида расман эълон қилади. Америка ҳарбийлари ушбу мамлакатдан олиб чиқилади. 2014 йилда эса АҚШ армияси яна қайтади — бу сафар ИШИДга қарши кураш олиб бориш учун.
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий 2021 йил ёзида америкаликларнинг Ироқдаги жанговар миссияси бутунлай якунлангани ҳақида эълон қилади.
Ироқнинг талафотлари ва урушга қарши намойишлар
АҚШнинг Ироққа ноҳақ ҳужум қилиши ва босиб олиши ортидан мамлакат таназзулга учрайди. Шаҳар ва қишлоқлар мисли кўрилмаган даражада вайрон бўлади. Миллионлаб одамлар ҳалок бўлади, қочоққа айланади.
Умумий ҳисобда Ироқда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Энг консерватив баҳоларга кўра, Америка ҳарбий амалиётининг дастлабки уч йилининг ўзида камида 100 минг киши қурбон бўлган. Тўрт миллиондан ортиқ ироқлик ўз уйларини тарк этган.
Турли маълумотларга кўра 2003 йилдан 2010 йилгача Ироқнинг тинч аҳолисидан 733 мингдан 1 миллион 446 минг нафаргача одам ҳалок бўлган.
Айрим манбалар урушда ҳалок бўлган ироқликлар анча кам экани, умумий миқдорга уруш давомида бошқа сабаблар билан ҳалок бўлганлар сони ҳам қўшилганини билдирган.
2003 йилдан 2011 йилга қадар халқаро коалициянинг 4 799 нафар ҳарбий хизматчиси ўлдирилган, шундан 4,4 мингдан ортиғи америкаликлар бўлган.
Ироқ уруши бошланганидан то америкалик ҳарбийлар бу давлатдан батамом чиқиб кетгунича дунёнинг турли шаҳарларида АҚШнинг Ироқдаги урушига ва ҳарбий ҳаракатларига қарши намойишлар бўлиб ўтади.
Кейинчалик маълум бўлишича, 2003 йил 3 январдан 12 апрелигача АҚШнинг Ироққа бостириб киришига қарши дунё бўйлаб 3 мингдан ошиқ намойиш ўтказилган ва уларда 36 миллион нафар одам қатнашган.
Бундай намойишлар АҚШнинг ўзида ҳам бўлиб ўтади. Айниқса Ироқ босиб олинганидан сўнг у ерда ҳеч қандай жиддий қурол топилмагач намойишларнинг кўлами кенгаяди. Деярли ҳар куни Оқ уй олдида Кичик Буш ва унинг маъмуриятига қарши намойишлар ўтказилади.
Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари орасида Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлардан бўйин товлаш, қочиб кетиш ҳоллари кўпаяди. Жумладан, Ироқ босиб олингандан сўнг 2003 йил мартдан 2004 йил бошигача уйга таътил берилган АҚШ ҳарбийларидан 1,7 минг нафари Ироққа қайтишдан бош тортади.
2003 йил мартдан 2009 йилгача Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган АҚШ ҳарбийларидан 8 минг нафари хизмат жойидан қочиб кетади.
Жорж Бушга отилган туфли
2008 йил декабр ойи ўрталарида АҚШ президенти аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Ироққа келади. 14 декабр куни Бағдодда Буш ва Ироқ бош вазири Нурий Маликий иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.
Буш ва Маликий ёнма-ён турган пайтда пастда ўтирган Мисрнинг Ал-Бағдодия телеканали мухбири, ироқлик журналист Мунтазар Зайдий кескин ҳаракат билан ўрнидан туради ва оёғидаги туфлиларини ечиб Бушга отади.
Буш чаққонлик билан ҳар икки туфлига ҳам чап беради. Мунтазар туфлиларини отаётган пайтда Бушга қараб «Бу сенга ироқликлардан совға. Сен кўппаксан», деб бақиради. Бушнинг қўриқчилари тезда Мунтазирни ушлаб, залдан олиб чиқиб кетади.
Ҳодиса тасвирланган видео тез орада бутун дунё телеканалларида намойиш этилади. Шундан сўнг дунёнинг турли бурчакларида журналистнинг ҳимояси учун намойишлар бошланади.
Шу жумладан, ҳодисадан икки кун ўтиб, 16 декабр куни Бағдодда ҳам журналистни озод этишларини талаб қилиб кўп минг кишилик намойиш ўтказилади. Ҳодисадан икки кун ўтиб интернетда «Бушга валенка улоқтир» номли ўйин пайдо бўлади.
2008 йил 18 декабр куни Зайдийнинг «қуроли» бўлган туфлилар Америка махсус кучлари томонидан йўқ қилинади. 2009 йил 12 март куни Зайдий уч йил қамоқ жазоси олади. Ўша йили 11 сентябр куни у «ўзини яхши тутгани учун» қамоқдан озод қилинади.
Хулоса
АҚШнинг Ироққа босқини яқин тарихдаги АҚШнинг Ветнамга, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши каби ноҳақ урушларидан бири бўлди.
Бу босқин дунё гегемонлигига даъвогар давлатлар Ер юзининг турли ҳудудларида ўз таъсир доирасини ўрнатиш ёки кенгайтириш учун ҳеч нарсадан қайтмаслигини кўрсатди.
Катта эҳтимол билан бундан кейин ҳам улар ўзи тўғри деб биладиган шу машъум сценарийни бошқаларга нисбатан қўллаб кўришдан қайтмоқчи эмас.
Дунё йирик давлатлар кучсизроқларининг ҳудудини босиб олиб, ўзларига ярим вассал ҳукумат тузишга интилишидан ҳали-бери қутуладиганга ўхшамайди.
21-асрнинг учинчи ўн йиллигида ҳам бу ёввойилик одамларни қийнамоқда. Европа марказида мустақил Украина давлатига Россиянинг бостириб кириши ёки Исроилнинг Фаластин ва Ливанни вайрон қилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
13:43 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича АҚШ билан музокаралари расман якунланди
22:32 / 18.12.2024
АҚШ Газпромбанк билан операцияларга вақтинча рухсат берди
17:34 / 18.12.2024