У айнан ким билан учрашганига аниқлик киритмаган, Дмитриев Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашгани норасмий равишда маълум қилинган.

«Биз [46-] президент [Жо] Байдендан фарқли ўлароқ, президент Трамп маъмурияти масалаларни ҳал қилишга интилаётганини аниқ кўрмоқдамиз. Улар ўзларини жуда ҳурмат билан тутишади, Россиянинг позициясини тушунишади, кўп саволлар беришади, муросага келишади. Бу бизга берилган руҳ, яратувчанлик», – деди у журналистларга.

Дмитриевнинг сўзларига кўра, Россия-Америка муносабатларини тиклаш музокараларнинг асосий мавзуларидан бўлган.

«Президент Трамп маъмурияти Россия-АҚШ муносабатларининг барча масалаларини ҳал қилишни мақсад қилган. Шубҳасиз, улар геосиёсий масалаларни ҳал қилишга интилишмоқда, улар Россиянинг кўплаб масалалар бўйича позициясини эшитишмоқда», – дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Дмитриёв Россия ва АҚШ ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновини тиклаш имконияти ҳақида гапирди, у ковид пандемияси бошида узилиб қолган ва Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, қайта тикланмаганди.

«Аслида, тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш устида иш олиб борилмоқда ва биз бу масалада олдинга силжишга умид қиламиз», – деди РФПИ раҳбари.

Дмитриевнинг айтишича, учрашувларда Арктикадаги ва камёб ер металларини қазиб олишдаги ҳамкорлик муҳокама қилинган, бу ҳақда Кремлнинг Трамп маъмурияти билан аввалги алоқаларидан кейин айтиб ўтилган.

«Биз барча келишмовчиликларимизни ҳал қилишимиз учун яна бир қатор учрашувлар ўтказишимиз керак», – деди Россия президенти вакили.

Кирилл Дмитриев Украинада уруш бошланганидан бери Вашингтонга ташриф буюрган энг юқори мартабали россиялик амалдор бўлди.

Оқ уй музокаралар натижаларига ҳозирча изоҳ бермади.

Bloomberg агентлигининг музокаралар жараёнидан хабардор манбага таяниб хабар беришича, томонлар кейинги ҳаракатларни бошлашидан олдин АҚШ Дмитриев Путинга ташриф натижалари ҳақида ҳисобот беришини кутмоқда.

Пайшанба куни Bloomberg Россия ҳали ҳам Доналд Трамп Украинада мақбул тинчлик келишувини таъминлашига умид қилаётгани, бироқ музокаралар муваффақиятсизликка учраса, урушни давом эттиришга тайёрлигини ёзганди.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Кремл Трампнинг ўт очишни тўхтатиш масаласида олдинга силжиш бўлмаган тақдирда Россия нефти харидорларига қарши иккиламчи санкциялар жорий этиш билан қилган таҳдидидан хавотирда эмас.