Жаҳон | 20:59 / 21.02.2026
4805
5 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ Олий судида ютқазди. Энди унинг агрессив божлари бекор қилинадими?

АҚШ Олий суди охирги бир йил ичида дунёнинг аксарият давлатларига нисбатан жорий этилган божларни ноқонуний деб топди. Трамп бошқа мамлакатларга нисбатан эмбарго киритишга ҳақли эканини таъкидлаб, янги йиғимлар бу сафар бошқа ҳуқуқий асосда амалга оширишини билдирди. Америка президенти амалдаги тарифларга қўшимча равишда 10 фоизлик глобал бож киритиш бўйича фармон имзоламоқчи.

Доналд Трампнинг Оқ уйга иккинчи бор қайтиши халқаро савдо сиёсатида кескин бурилиш ясади. У “Америка биринчи” шиорини янада агрессив талқинда илгари суриб, ҳамкор давлатларга нисбатан кенг кўламли бож тарифларини жорий қилди. Бу қарор нафақат алоҳида мамлакатларга босим воситаси сифатида хизмат қилди, балки ўн йилликлар давомида шаклланган глобал савдо тизимининг асосларига ҳам зарба берди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган очиқ бозор тамойиллари, кўп томонлама келишувлар ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига асосланган тизим жиддий сиёсий босим остида қолди. Трамп маъмурияти божларни иқтисодий хавфсизлик, савдо балансидаги тақчиллик ва миллий саноатни ҳимоя қилиш билан изоҳлаб келаётганди.

Олий суддаги мағлубият

АҚШ Олий суди 20 феврал куни Трамп томонидан дунёнинг аксарият давлатларига нисбатан бир томонлама тартибда жорий этилган божларни ноқонуний деб топди. Суднинг фикрича, Трамп тарифларни жорий этишда фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунни қўллаш орқали ўз ваколатларини суиистеъмол қилган.

Ушбу қарор Трампнинг кенг кўламли тарифларини ҳуқуқий асосдан маҳрум қилади. Бироқ президент жамоаси судда ютқазилса, агрессив савдо сиёсатини давом эттириш учун бошқа ҳуқуқий механизмлардан фойдаланишга уриниши ҳақида огоҳлантирганди. Шу боис АҚШнинг кўплаб ҳамкорлари енгилликлардан умид қилса-да, узоқ муддатли истиқбол ҳали ҳам ноаниқлигича қоляпти.

Умуман олганда, Трамп иккинчи президентлик муддатида 1977 йилги Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунга таяниб бошқа мамлакатларга қарши тарифлар киритганди. У халқаро савдодаги номутаносиблик АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади ва бу фавқулодда ҳолат режимини асослайди, дея ўз қарорини изоҳлаб келаётганди.

Бир неча компаниялар ва штатлар бу амалиётга қарши чиқишди. Қуйи инстанциялар улар фойдасига қарор чиқарди, аммо Трамп апелляция бергани учун иш Олий судгача етиб борди. Ноябр ойи бошидаги эшитувлар вақтида ҳатто консерватив судялар ҳам АҚШнинг деярли барча асосий савдо ҳамкорларини хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволни ўртага ташлаганди.

Якуний қарорда суд АҚШ тарифлар жорий қилинган тегишли давлатларнинг ҳаммаси билан уруш ҳолатида эмаслигини кўрсатиб, тинчлик вақтида бу чоралар президентнинг ҳарбий ваколатларига кирмаслигини келтириб ўтди. Олий суд қарори олти овозга қарши уч овоз билан қабул қилинди.

Трампнинг реакцияси

Қарор эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, Трамп фавқулодда матбуот анжумани ўтказди. У Олий суд қароридан ҳафсаласи пир бўлганини айтиб, унинг тарифларига қарши овоз берган консерватив судяларни “ёмон республикачилар” деб атади.

Трамп суд қарори президентнинг савдони тартибга солиш ва бож жорий этиш ваколатларини “заифлаштирмади, аксинча, янада кучлироқ қилди”, дея таъкидлаб, божларни ошириш учун бошқа механизмлардан фойдаланишини маълум қилди. АҚШ президенти бошқа давлатларга нисбатан эмбарго киритишга ҳақли эканини таъкидлаб, янги йиғимлар жорий этилишини, аммо бу сафар бошқа ҳуқуқий асосда амалга оширишини билдирди. У 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-бўлимига таяниб, амалдаги тарифларга қўшимча равишда 10 фоизлик глобал бож киритиш бўйича фармон имзолашини маълум қилди.

“Оқ уй Овал кабинетидан туриб бутун дунё мамлакатларига нисбатан дарҳол кучга кирадиган 10 фоизлик глобал савдо божларини имзолаш мен учун катта шараф”, дея ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид