Ўзбекистон | 18:13 / 18.12.2023
40267
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари қўлга олинди

Сўнгги уч йилда Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов, Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланмоқда.

Саидаҳмад Султонов / Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султонов ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида ушланган. Kun.uz манбасига кўра, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Саидаҳмад Султонов 2020 йил октябр ойидан буён бу лавозимда ишлаб келаётганди. Бунгача у Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Саидаҳмад Султонов 1976 йили Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1998 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-технолог.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Наманган тумани давлат кадастри бўлими етакчи мутахассиси вазифасидан бошлаган. 2001–2012 йиллар давомида вилоят ва Наманган шаҳар кадастр корхоналарида турли лавозимларда ишлаган. 2012–2018 йилларда Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлган.

Бугун, 18 декабр куни Султоновнинг ўрнига Наманган шаҳри ҳокими Ғофур Жамолов Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинлангани маълум қилинди.

  • Олдинроқ собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ ишда, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев эса бюджет маблағларини ўзлаштирганда гумонланиб, қўлга олингани хабар қилинганди.
  • Kun.uz манбасининг таъкидлашича, охирги бир ойда коррупцияга қарши кураш тадбирлари доирасида ўнга яқин мансабдор ҳибсга олинган.

Мавзуга оид