Ўзбекистон | 15:28 / 04.08.2023
4311
4 дақиқада ўқилади

Республикада ҳар 4 лифтнинг биттаси талабга жавоб бермаслиги маълум қилинди

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов Сенат ялпи мажлисида республика бўйича рўйхатдан ўтказилган 8857 та лифтнинг 2422 таси талабга жавоб бермаслигини билдирди. Бу Ўзбекистондаги ҳар тўртинчи лифт хавфли дегани.  

Фото: Kun.uz

Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида лифтлар билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов масала ҳақида тўхталар экан, лифтлар мутахассисларнинг тегишли хулосаси олинмасдан ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан фойдаланишга топширилаётганини маълум қилган.

Қўмитамиз томонидан мамлакатдаги лифтларнинг ҳолати ҳамда улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи ўрганилди. Натижада бу борада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси зиммасига кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг техник ҳолати белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилиш, носоз лифтлардан фойдаланишни тақиқлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар юклатилган. Бироқ, ажабланарли жиҳат шундаки, бу вазифаларни амалга ошириши учун инспекция зарур ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас.

Мисол учун, янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган. Оқибатда лифт қурилмалари мутахассисларнинг тегишли хулосасисиз, яъни белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, мамлакатимиздаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда”, дея таъкидлаган Қутбиддин Бурҳонов.

Қўмита раисига кўра, ҳозирги тартибга мувофиқ, кўп хонадонли уйларда ўрнатилган лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ функциялар амалда иккита давлат органи – Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо бу икки тузилма ҳам ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиш имкониятига эга эмас.

Мамлакатдаги жами 4 мингдан зиёд кўп қаватли уйларда қарийб 11 мингдан ортиқ лифт бор. Тегишли меъёрий техник ҳужжатлар талабига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва 12 ойда бир марта тўлиқ техник синовдан ўтказилиши зарур. Ҳолбуки, ҳар иккала инспекциянинг ана шу биргина вазифани амалга ошириш учун ҳам моддий-техник, ташкилий ва бошқа имконияти йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги қарорига асосан 2021-2023 йиллар оралиғида жами 1685 та лифт таъмирланиши

ва янгисига алмаштирилиши режалаштирилган. 2023 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, 1222 та лифт таъмирланган ва янгисига алмаштирилган. Қолган 463 та лифтни белгиланган муддатда таъмирлаш ёки алмаштириш эса 2020 йилдаги ва бугунги кундаги нархлар орасидаги фарқ сабабли шубҳа остида қолмоқда”, деган Қутбиддин Бурҳонов.

Муҳокамада Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов ҳам сўз олиб, ўз таклифларини билдириб ўтган.

Республикада қурилаётган кўп қаватли уйлар борми, иншоотлар борми, қабул қилиш комиссиясида бизнинг мутахассислар иштирок этаётгани йўқ. Биз бу масалани бир неча маротаба Адлия вазирлигига ҳам киритганмиз. Лекин ҳали ечимини топмаган.

Республикада 8857 та лифт бизда рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 2422 та лифт талабга жавоб бермайди”, дея маълум қилган Бахтиёр Холматов. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент шаҳрида 32 ёшли Ольга Леонтьеванинг жасади янги уйлардан бирининг лифтида топилганди. Кейинчалик Бош прокуратура почтачи аёлнинг жасади топилган лифт носоз бўлганини маълум қилди, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эса буни рад этди

Мавзуга оид