АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан таклиф этилган Тинчлик кенгашига ҳозиргача 19 мамлакат расман қўшилди. Шундан 12 таси аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатлардир. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу – улар ушбу кенгашга Яқин Шарқда қарийб 80 йилдан буён давом этаётган можаро барҳам топишига ечим сифатида қарашаётгани, Исроилнинг Фаластин ва бошқа ҳудудларга тажовузкорлигини тийиб туриш учун мусулмон дунёси позициясини Трампга етказишни, кенгаш таркибида бўлган ҳолда Исроилга таъсир қилишни исташаётгани билан боғлиқ.

Швецариянинг Давос шаҳарчасида ҳар йилги Халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Бироқ бу сафарги форумнинг энг асосий интригаси – АҚШ президенти Трампнинг иштироки ва унинг нутқи бўлди. Сабаби Трамп ўз нутқида Гренландия, Россия-Украина уруши, Яқин Шарқдаги вазият ва бошқа глобал масалалар ҳақида гапириши кутилаётган эди. Трамп Давос форумидан кейин, ўзининг асосий мақсадига ўтди: «Тинчлик кенгаши»ни расмий имзолаш маросимини бошлади.

Айтиш керакки, бу «Тинчлик кенгаши» Низомини имзолаш маросими олдиндан, мисол учун, ҳафталар ёки ойлар олдин эълон қилинмаган эди. Унга таклиф қилинган давлатлар ҳам таклифни бир неча кун олдин олишгани маълум бўлди.

«Тинчлик кенгаши» – ўтган 2025 йилда Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш ва Ғазони тиклашга қаратилган лойиҳа эди. Шунинг учун «Тинчлик кенгашини», «локал ва вақтинчалик лойиҳа сифатида» БМТ ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

Бироқ кейинги ойларда ушбу «Тинчлик кенгаши»нинг Низоми Трамп тарафидан яширинча ишланган ва ОАВга сиздирилган маълумотларга кўра, бу Кенгаш нафақат Яқин Шарқда, Ғазода, балки бутун дунёда муддатсиз фаолият олиб бориш ниятида. Бошқача қилиб айтганда, «Тинчлик кенгаши» де-факто БМТни ўрнини эгалламоқчи, БМТни маълум даражада четга суриб қўйиш ниятида.

«Тинчлик кенгаши – бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга интилувчи, ишончли ва қонуний бошқарувни тиклашга ҳамда зиддиятлар, тўқнашувларга юз тутган минтақаларда мустаҳкам тинчликни ўрнатишга ҳаракат қилувчи ҳалқаро ташкилот бўлади», дейилади.

«Тинчлик кенгаши»нинг доимий раиси – Трампнинг ўзи бўлади. Трамп, бир вақтнинг ўзида Кенгаш раиси ҳамда АҚШнинг кенгашдаги асосий вакили ҳисобланади. Маълум бўладики, Трампнинг президентлик муддати тугаганидан кейин ҳам, у Кенгаш раиси сифатида ўз фаолиятини давом эттириш ниятида. Кенгашнинг иккита институти бўлиши айтилади. Ижроия Кенгашида, Трампнинг имзоси билан, ҳозирча тўрт шахс тасдиқлангани маълум, булар: Марко Рубио (АҚШ давлат котиби), Стив Уиткофф (АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича доимий вакили), Жаред Кушнер (Трампнинг куёви) ва Тони Блейр (Англиянинг собиқ бош вазири).