Ўзбекистон | 21:51 / 03.12.2021
75336
2 дақиқада ўқилади

Янги кўринишдаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилади

Янги кўринишдаги банкнотлар чиқарилиши пулларда замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ва банкнотлар тематикасини уйғунлаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу август ойида 5 минг ва 10 минг сўмлик банкнотларни янгилаш билан бошланганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда янги кўринишдаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилиши кутилмоқда. Бу маълумотни Kun.uz'га Марказий банк матбуот хизмати тасдиқлади.

Янги кўринишдаги пуллар қачон чиқарилиши маълум эмас.

“Чиқишга яқин қолганда хабар берамиз. Батафсил маълумотлар эълон қилинади”, – деди МБ раисининг матбуот котиби Акмал Назаров.

26 августдан бошлаб Ўзбекистонда янги кўринишдаги 5 000 ва 10 000 сўмликлар муомалага чиқарила бошланганди.

Ўшанда янги кўринишдаги банкнотларни чиқариш пулларда замонавий ҳимоя элементларини қўллаш билан боғлиқ экани айтилганди.

“Бугунги кунда “Давлат белгиси” ДУКда модернизация ишлари амалга оширилгани учун банкноталаримизда замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ва ҳар хил форматларда рақамлаш ҳамда лаклаш имконияти яратилди. Жаҳон амалиётида ҳар бир мамлакатда банкнотларнинг тасвирлари ягона мавзу атрофида мужассамлашган бўлиб, худди шу каби бизнинг банкнотларимиз дизайнини ҳам ягона мавзу атрофида бирлаштириш мақсад қилинган. Бу мавзу Буюк ипак йўли ва мамлакатимизнинг қадимий тарихига қаратилган. Жумладан, жорий йилнинг июн ойидан муомалага чиқарилган 2 000 ва 20 000 сўмлик банкнотлар ва чиқиши режалаштирилаётган 5 000 ва 10 000 сўмлик банкнотлар мавзуси Буюк ипак йўли мамлакатимиз тарихига бағишланган”, – деганди ўшанда Марказий банк масъули Зафар Асадов.

Бундан кўринадики, янгиланиши кутилаётган 50 ва 100 минг сўмлик банкнотларни чиқаришдан мақсад – купюраларни ягона мавзу атрофида бирлаштириш ва замонавий ҳимоя элементларини қўллаш бўлиши мумкин.

Мавзуга оид